Хитойда эгизакларни Орттирилган иммун тақчиллиги вирусига (ОИТВ) қарши бардошли қилиш мақсадида ўтган йили ўтказилган ген таҳрир қилиш тажрибаси самара бермай, кутилмаган мутацияларга сабаб бўлгани ошкор бўлди.
Эгизаклар генини хитойлик олим Хэ Цзянькуй етакчилигидаги гуруҳ таҳрир қилган эди.
Цзянькуй тажрибаси натижалари ёритилган қўлёзма олимлар қўлига тушиши ортидан сешанба куни MIT Technology Review журналида Цзянькуй 2018 йилда туғилган эгизаклар Лула ва Нана генларини таҳрир қилаётиб ахлоқ ва илм нормалари бузилгани ҳақида мақола эълон қилинди. Унда Цзянькуй ёзган рисоладан парчалар келтирилди.
Цзянькуй катта ютуққа эришгани ҳақида бонг уриб, генларни таҳрирлаш йўли билан ОИТВ эпидемиясига қарши самарали курашиш мумкинлигини иддао қилган эди. Аммо олимларнинг сўзларига кўра, Цзянькуй тайин муваффақиятга эришмаган, чунки у ОИТС вирусига қаршилик уйғотувчи генни яратишга муваффақ бўлмаган.
CCR5 номи билан маълум бўлган, бир фоиз европаликларда учрайдиган генетик мутация айримларни ОИТВга иммунитетли қилади. Цзянькуй айни генни CRISPR деб аталувчи услуб ёрдамида таҳрир қилганини айтиб келади.
Калифорния университети ходими Фёдор Урнов:
- Буни фақат атайин ўйлаб топилган уйдирма деб аташ мумкин: - деди.
- Тадқиқот натижалари олимлар гуруҳи CCR5 вариантини кўпайтира олмаганини кўрсатади, - дея қўшимча қилди Урнов.
Цзянькуй тўғри генни нишонга олган, аммо рисоладагидек “Дельта 32” вариациясини эмас, балки қандай оқибатларга олиб келиши номаълум бўлган бошқа ўзгаришларга эришган.
Бундан ташқари, CRISPR услубининг камчиликлари бор, чунки унинг ёрдамида нишонга олинмаган генларни ҳам ўзгартириб юбориш мумкин. Шунинг учун ҳамда бу технология билан инсонлар генларини таҳрирлаш мунозарага сабаб бўлиб келади.
Цзянькуй ўз қўлёзмасини Nature ва JAMA каби таниқли журналларда чоп этишга уринган, аммо ҳеч бир нашр унинг ишини ҳали эълон қилгани йўқ.