5600 сўмдан 13 баробар кўп. Ўзбекистонда истеъмол савати ҳисобланди

Бир ўзбекистонлик бир ойда 4 кг мол гўшти, 2 кг қўй гўшти, 2 кг товуқ гўшти ейиши керак.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бир ўзбекистонлик учун бир ойга мўлжалланган истеъмол саватида бу маҳсулотлардан ташқари жами 72 турдаги товар ва хизматлар миқдори ва нархлари келтирилган.

Федерация ҳисоб-китобича, бир ўзбекистонликнинг бир ойлик тирикчилиги учун 2 157 070 сўм ёки кунига 71 902 сўм керак бўлади. Бу кўрсаткич Президент администрацияси мулозими айтган 5 600 сўмдан 13 баробар, Соғлиқни сақлаш вазирлигиникидан камида 2 баробар кўпдир.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўзбекистонликлар истеъмол саватининг ўз версиясини 3 февралда расмий сайтида эълон қилди.

Федерация ишлаб чиққан сават бир ойда ўртача меҳнатга лаёқатли шахс истеъмол қиладиган товар ва хизматлар рўйхатидир.

Рўйхатдан нон ва унли маҳсулотлар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, гуруч ва ёрмалар, дуккаклилар, сабзавот, мева ва резаворлар, цитрус мевалар, шунингдек, хўжалик моллари ҳамда хизматлар жой олган.

Масалан, рўйхатнинг дастлабки “Нон ва унли маҳсулотлар” бўлимида нон (буханка), ун ва макарон маҳсулотлари келтирилган.

Федерация ҳисоб-китобича, бир киши бир ойда 1 600 сўмлик буханка нондан 10 та ейди ва бунинг учун у 16 000 сўм сарфлаши керак.

Шу тахлит ҳар бир маҳсулот ва хизматлар бўйича ҳисоб чиқарилган. Масалан, бир киши бир ойда 4 кг мол гўшти, 2 кг қўй гўшти, 2 кг товуқ гўштидан ташқари 1 кг колбаса ейиши лозим. 8 кг гўшт ва 1 кг колбасанинг умумий нархи, федерация ҳисобича 553 000 сўм бўлади. Бундан ташқари истеъмол саватида 2 кг балиқ (40000 х 2 = 80000 сўм) ва 1 кг балиқ маҳсулотлари (33000 сўм) бўлиши керак.

Истеъмол саватининг “Хизматлар” бўлимида тиббий хизматлар ва воситалар, сартарошхона хизматлари, Интернет ва мобил алоқа каби 7 хил хизмат тури назарда тутилган.

Масалан, Истеъмолчилар жамияти ҳисобича, бир киши сартарошга 50 000 сўм, Интернет ва мобил алоқа учун 100 000 сўм сарфлайди.

58 турдаги озиқ-овқат, 4 турдаги шахсий гигиена ва косметика воситалари, 3 турдаги хўжалик моллари ҳамда 7 турдаги хизматга тўлаш учун ўртача меҳнатга лаёқатли ўзбекистонликнинг чўнтагида бир ойда 2 157 070 сўм бўлиши керак.

Шу рақамдан келиб чиқилса, 5 кишилик ўртача оиланинг бир ойлик озиқ-овқат ва хизматлар учун сарфига камида 10 миллион сўм – тақрибан 1000 АҚШ доллари керак бўлиши тушунилади.

Федерация расмий вакили изоҳи

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот котиби Шерали Сатторовнинг Озодликка айтишича, эълон қилинган истеъмол савати 2020 йилнинг сўнгги икки ойида аҳоли ўртасида Федерация ўтказган ижтимоий сўров натижаларига асосланган.

“Истеъмол саватини тузишда асосан халқ фикри инобатга олинди, жаҳон тажрибаси ҳам ҳисобга олинди”, деди Шерали Сатторов.

Истеъмол саватида озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларнинг айнан 72 тури кўрсатилганини Федерация расмий вакили “бу масалада халқаро тажрибага, илмга асосланилгани” билан изоҳлади.

Шерали Сатторовнинг айтишича, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тузган истеъмол савати жадвали ҳукуматга тақдим қилинди. “Лекин бу ҳужжат тавсия характерига эга, холос, чунки биз жамоат ташкилотимиз”, -деди Федерация расмий вакили.

Ҳукумат савати билан жамоат ташкилоти савати ўртасидаги фарқлар

Истеъмол саватининг ўз версиясини эълон қилган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат нотижорат ташкилотидир.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам (Соғлиқни сақлаш вазирлиги) 2020 йил декабрининг охирида истеъмол саватини эълон қилган эди.

Бу икки сават қиёсланса, баъзи бир фарқлар яққол кўзга ташланади. Масалан, ҳукумат наздида бир киши бир кунда 60 гр мол гўшти еса кифоя қилади. Бу бир ойда 1 кг 800 гр деганидир. Федерация фикрича, бир киши бир ойда 4 кг мол гўшти ейиши керак. Бошқа позициялар бўйича ҳам шунга ўхшаш фарқларни кузатиш мумкин.

Ҳукумат тузган истеъмол саватида, федерацияникидан фарқли ўлароқ, шахсий гигиена ва косметика воситалари, хўжалик моллари ҳамда хизматлар назарда тутилмаган.

Ҳукумат фикрича, кишининг соғлом яшаб юриши учун 42 турдаги озиқ-овқат етарли, Федерация фикрича, бу кўрсаткич 58 турни ташкил қилади.

Ҳукумат тузган истеъмол саватида, федерацияникидан фарқли ўлароқ, товарлар нархлари келтирилмаган. Шунинг учун Озодлик ҳукумат саватида келтирилган 42 турдаги товарнинг умумий нархини ҳисоблаб, 27 475 сўм (бир кунга мўлжалланган) бўлишини ҳисоблаб чиқарган эди.

Федерация ҳисоб китобича эса, бир ўзбекистонлик бир ойда 58 турдаги озиқ-овқат учун (шахсий гигиена ва косметика воситалари, хўжалик моллари ҳамда хизматлардан ташқари) 1 357 070 сўм ёки кунига 43 302 сўм сарфлаши керак.

5600

Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ўтган йилнинг ноябрида маҳаллий нашрга берган видеоинтервьюсида "2020 йилда Ўзбекистонда кунига 5,600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”, деган эди.

Мавзуга алоқадор Кунига 5600 сўм топган одам камбағал эмас, деган президент иқтисодчиси тармоқда ҳажв қилинмоқда

Мулозим халқаро молия ташкилотлари тилида “қашшоқлик” ифодаси қўлланадиган Ўзбекистондаги камбағалликнинг миллий чегараси ҳақида гапираркан, Жаҳон Банки белгилаган камбағаллик чегарасига нисбатан харид қобилияти паритети айнан 5600 сўмга тўғри келишини айтган, “Агар сиз бир кунда жон бошига 5600 сўмдан кўп даромад қилсангиз, демак, камбағал оилага кирмайсиз”, - деган эди.

Бу гап ижтимоий тармоқда мемга айланди ва ўзбекистонликлар президент маслаҳатчиси ўринбосари даражасидаги амалдорни “реалликдан узилганлик”да айблашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг декабрида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида “камбағаллик чегарасини ишлаб чиқиш”нинг бошқа механизми – “истеъмол саватчаси” тушунчасини киритишни таклиф қилар экан, бундай деган:

“Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим”.

Лекин ҳанузгача бу масала ҳал бўлган эмас.