Ўзбекистонлик фермерларнинг айтишларича, пахта режасини бажарган фермер ҳануз давлат ва кластер корхоналарига топширилган пахта учун қанча ҳақ берилишини аниқ билмайди.
Жорий йилнинг 23 октябрида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштирилган тўртинчи тип, иккинчи нав, биринчи синф 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 4522,5 минг сўмни ташкил этганини эълон қилди.
Бу энг паст сортга белгиланган нарх. Аммо юқори сортларга топширилган пахтанинг харид нархи фермерлар учун мавҳум бўлиб қолмоқда.
Пахта мавсуми тугаши арафасида, 23 октябрь куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерлардан сотиб олинадиган пахтанинг энг паст нархини эълон қилди.
Вазирликка кўра, бир килограм тўртинчи нав(сорт) пахта хом ашёсининг нархи 4522,5 сўм қилиб белгиланган. Вазирлик бу қарорга “жаҳон бозорида шаклланган нархлар, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар ва фермер хўжаликларининг, юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ масъул этиб белгиланган вазирлик ва идораларнинг таклифларини, шунингдек, пахта хомашёсини қайта ишлаш, логистика ва бошқа тааллуқли харажатларни инобатга олган ҳолда келгани айтилган.
Аммо ўзбекистонлик фермерлар вазирликнинг бу қарори жуда мавҳум эканлиги, улар юқори сортларга топширган хомашёнинг нархлари кўрсатилмаганидан арз қилмоқда.
Бухоро вилояти Жондор туманида фермерлик қилаётган Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, юқори сортга сотган пахтасининг нархи қанча эканлигини ҳануз билмайди:
“Вазирлик маълумотида пахтанинг 1,2,3 сортлари қанча бўлиши ҳақида аниқ хабар йўқ. Бор бўлса ҳам фермерлардан сир тутиляпти. Мана қаранг, бозорга бир нарса олиб бориб сотсангиз харидор учун нархини айтасизми, буниси бунча, униси унча деб? Терим бошланганига 60 кун, планни бажарганимга 20 кун бўляптию, ҳозиргача кластер аниқ бир нархни айтмайди. Вазирликка кўра, энг паст нархи 4522 сўм экан. Ахир бу бултурги нарх 4607 сўмдан ҳам камку. Кластер энди биринчи сорт пахтам учун бирор сўм қўшиб берадими ёки йўқ, буни ҳали билмайман”.
Фермернинг айтишича, бултурги йилга нисбатан пахтанинг харид нархида ўзгариш деярли йўқ бўлса ҳам, бу томондан ёнилғи ва минерал ўғит нархлари анча ошиб кетган:
“Ўтган йилги мавсумда бир литр соляркани 4700 сўмдан олган бўлсак, бу йил 6200 сўмданга тушди. Селитранинг тоннасига ўтган йили 1млн 900 минг сўмгаўча тўлаган бўлсак, бу йил 3 млн сўмга кўтарилди. Техника хизматлари 40 фоизга ошди. Пахта чигитидан олинадиган ёғ 7 минг сўмга сотилган бўлса, бу йил 15 минг сўмгача чиқди. Пахта етиштириш учун сарф бўлаётган харажат ошиб боряптию, харид нархи эса ҳеч кўтарилмайди. Мен аллақачон ҳисоб – китоб қилиб бўлдим, топширган пахтамнинг ҳар бир килосининг таннархи менга 5 минг сўмдан тушяпти”.
Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири ҳам пахтанинг харид нархини ҳали билмаслигини айтди:
“Йўқ, қаердан биламан, Кўкча текстил кластер корхонаси ҳеч кимга бунчадан пахтангни сотиб оламан деб ҳали айтгани йўқ. Ёнилғи ва минерал ўғитлар нархи ошиб боряпти. Масалан, минерал ўғитни ўтган йили 1800 сўмдан олган бўлсак, бу йил икки ярим минг сўмдан кам бўлмади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса ўтган йилгидан ҳам паст нарх кўрсатиб турибди. Ғаллани ҳам бу йил расво нархда давлат сотиб олди. НДСини тўлаб, килосини 1300 сўмдан сотдик, бозорда эса ўша пайтда икки ярим минг сўм эди. Президентнинг режадан ортган буғдойни бозор нархида сотиб оламиз деган қарори ҳам эртак бўлиб чиқди”.
Исми сир қолишини сўраган фарғоналик фермер ҳам кластер корхона пахтани қанчадан сотиб олишини билмаслигини айтади:
“Фермерлик ҳам эгасиз бозор бўлиб қолди. Кластер дегани ўзи хоҳлаган нархда маҳсулотни олади, ўзи хоҳлаган нархда минерал ўғит, ёқилғини сотади. Фермерда на кластерни танлаш, на маҳсулотига нарх қўйиш ҳуқуқи бор”.
Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқов фермерларда бундай ҳуқуқнинг умуман йўқлигини айтади:
“Қанийди, фермерда танлаш ҳуқуқи бўлса. Баҳорда бир неча кластер фермернинг даласига келиб қанча пахта берасиз, мана бизнинг сотиб олиш нархимиз бунча, сиз нима дейсиз, деса. Кластерлик ҳам ҳозир монополия бўлиб қолди. Фермерда бу кластер нархи ёқмаса бошқа кластерни танласа, ўзаро манфаатли шартнома тузса... булар ҳаммаси ўзбек фермерининг орзусику. Лекин булар ҳаммаси бекорчи гаплар. Токи кластерлар ўртасида ўзаро рақобат бўлмас экан ва фермерда кластерни эркин танлаш ҳуқуқи йўқ экан, бозор иқтисодиёти ҳам чала туғилган боладек бўлиб қолаверади”.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда пахта нархини белгилашда фермер ва корхона ўтасида манфаатли шартнома бўлишини айтди:
“Пахта харид нархи жаҳон бозорида шаклланган нархлар асосида белгиланади. Давлат пахтани қайта ишлаш ва кластер корхоналари билан фермерлар тўртинчидан юқори бўлган сортларга сотиладиган пахтанинг нархини эса ўзаро келишган ҳолда белгилайди. Президентимиз айтганидек, бу бозор иқтисодиётининг талаби”.
Мулозим фермерларнинг нархларни ўзаро келишиб белгилаш ҳуқуқи йўқлиги ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.