Жиззах вилоят прокуратураси 19 апрелда эълон қилган баёнотида 1969 йили Бахмал туманида туғилган фуқаро В.К ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Президентини ҳақоратлайдиган, унинг обрўсига путур етказадиган ва камситадиган маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилиб келаётганлиги ҳолати аниқланганини хабар қилди.
Баёнотдан Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилоят бошқармаси В.К.га нисбатан Жиноят Кодексининг 158-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум бўлади.
Озодлик Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳақорат ва туҳматда гумон қилинаётган В.К. нинг жиззахлик 57 яшар Валижон Калонов эканлигини аниқлади.
“Мен, Валижон Калонов, Жиззах шаҳриданман. Асли Бахмал туманиданман”, деб таништирди ўзини прокуратура баёнотида В.К. деб тилга олинган фуқаро Озодлик билан видеосуҳбатда.
57 яшар Валижон Калоновнинг айтишича, у 2005 йилдан буён Қозоғистонда ишлайди. Ўзининг сўзларига кўра, у Қозоғистонда хитойлик мусулмонлар ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий ташкилотлар билан яқиндан алоқа қилиб келади.
“Асли электрикман. Шу касб орқасидан кун кўраман. Мен Хитой зулмига қарши бўлдим”, дейди Валижон Калонов.
Валижон Калоновнинг айтишича, Давлат хавфсизлик хизмати унинг устидан жиноят иши очганини Жиззах вилоят прокуратураси хабаридан билган. “Менга шу кунгача чақирув қоғози келмаган”, дейди у
Шу йилнинг 27 мартида жўнатилган чақирув қоғозини Валижон Калонов ўзининг пикет ўтказиш режаси билан боғлади.
22 март куни Калонов Жиззах вилоят ҳокимлиги олдида, ўзининг таъбирича, “Хитой экспансиясига қарши” пикет ўтказишни режалаётганини эълон қилган.
27 март кунги чақирув қоғозида Валижон ДХХга гувоҳ сифатида чақирилаётгани айтилган.
Калонов Президентга ҳақорат ва туҳматда гумон қилинаётганини ўзининг 2019, 2020 йиллардаги чиқишлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
“2019 йили Ўзбекистон президенти Хитойга бориб келиб, Хитой бизнинг сиёсатимизга аралашмайди, биз ҳам Хитойнинг сиёсатига аралашмаймиз, деганидан кейин мен бу гапга қарши турдим. Чунки ўзбек халқи уйғурнинг эгизагидир”, деди Валижон Калонов.
Унинг Озодликка айтишича, бу фикрларни у 2019 йили, президент Мирзиёевнинг Хитойга сафаридан кейин эълон қилган постида айтган.
У ўз чиқишларида президент Шавкат Мирзиёевга тўғридан-тўғри мурожаат ҳам қилган.
“Ундан кейин 2020 йил кузида президентга Ютюб орқали мурожаат қилдим. Унда президентга қилаётган ишларингизни кўрдик. Ўзингизга 10 миллион доллар олиб, бола-чақаларингизга, атрофдагиларингизга 1 миллион доллардан бериб, халқдан кечирим сўраб, ҳаммаларинг кетингизлар Ўзбекистондан деганман”, деди у.
Валижон Калонов ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида “қўпол гапиргани”ни тан олади.
Ана шу чиқишлари ортидан, 2020 йилнинг 27 ноябрида Ўзбекистонга қайтган Валижон Калонов чет элга чиқиш паспорти олиш учун ариза топширади.
“10 кун кутдим, 20 кун кутдим, 1 ой кутдим, охири тепадан сизга паспорт берилмасин деган буйруқ бор дейишди”, дейди Валижон Калонов.
Шундан сўнг, айтишича, уни бир неча марта Давлат хавфсизлик хизматига чақиришган, ДХХ ходимлари уни тиббий кўрикка олиб боришган:
“Ҳокимга аризани ёзганимнинг эртасига мени ДХХга олиб кетишди. ДХХнинг ичига кирганимдан кейин менга повестка беришди. Худди Сталин даврида олдин отиб, кейин ҳукм чиқаришгандай. Ўша ерда менга очилган катта делодан эксперт хулосасини кўрсатишди. Эксперт мени руҳий касал, деб хулоса берганмиш”.
Валижон Калоновнинг айтишича, тиббий экспертиза хулосасининг нусхасини унга беришмаган. Озодликда бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
Валижон Калоновнинг таъкидлашича, у 2020 йилнинг кузидан буён тармоқларда президент Мирзиёевни танқид қилмаган, ҳеч қандай пост эълон қилмаган.
Жиззах вилоят прокуратурасининг 19 апрелдаги баёнотида В.К. президентни ҳақоратловчи постларни қачон эълон қилгани айтилмаган. Баёнотнинг умумий мазмунидан бундай постлар шу кунларда ҳам эълон қилинаётгани тушунилади.
Жиноят кодексининг Валижон Калонов айбланаётган 158-моддаси, 3- қисми жорий йилнинг 30 мартида кучга кирган.
Унга биноан Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжон Озодлик билан суҳбатда Президентнинг шаънини ҳимоя қилувчи янги қонуннинг заиф ва мавҳум жиҳатларини санаб ўтар экан, жумладан бундай деган эди:
“Бу қонуннинг асосий йўналиши инсонларни қўрқитиш, танқиддан тийдиришдир. Сайлов яқинлашаётган пайтда президентни танқид қилиш орқали унинг шахсиятига тегинди деган масала келтириб чиқариб, унга рақиб бўлиб сайловда қатнашмоқчи бўлган номзодларнинг оғзини беркитишдир”.
Мустақил журналист ва медиаэксперт, Чегарасиз мухбирлар халқаро ташкилотининг собиқ вакили Иохан Бирк Озодлик билан суҳбатда Европа давлатларининг кўпчилиги президентни ҳақорат қилиш учун жавобгарликни қонунчиликдан чиқариб ташлаётганини айтади:
“Европанинг кўплаб давлатларида президентни ҳақорат қилганлик учун жавобгарликни бекор қилишди. Чунки инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди давлат раҳбарига оддий одамдан кўра кўпроқ ҳимоя зарур эмаслигини бир неча бор эътироф қилди. Ва аксинча, президент жамоат вакили сифатида оддий одамлардан кўра кўпроқ танқидларга бардош бериши лозимлиги таъкидланди”.
Озодлик Валижон Калоновнинг иши бўйича тошкентлик мустақил юристга мурожаат қилди.
Исми тилга олинишини истамаган юрист “Қонун у қабул қилинган кунгача бўлган қилмишлар учун тадбиқ этилмаслигини таъкидлади.
“Бу бутун жаҳон бўйлаб аллақачон қабул қилинган меъёр. Бас, шундай экан, агар жиззахлик фуқаро постларини ўтган йилнинг кузида эълон қилган бўлса, улар учун бу йил 30 мартда кучга кирган қонун билан жавобгарликка тортиб бўлмайди”.
Жиззахлик Валижон Калонов Ўзбекистонда Жиноят кодексининг интернетда президентга туҳмат ва ҳақорат бўйича янги бандига биноан жавобгарликка тортилаётган биринчи шахсдир.
Таҳлилчилар Калонов иши Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги учун прецедент бўлишини айтишмоқда.
Жиззах вилоят прокуратурасининг баёнотидан бир кун ўтиб, Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистон халқаро матбуот эркинлиги рейтингида ўтган йилга нисбатан бир поғона пастлаганини эълон қилди. Ташкилот Ўзбекистонни 180 давлат орасида 157 - ўринга қўйган.
Кузатув, цензура, ўз-ўзини цензура қилиш кабилар ҳануз сақланиб қолмоқда, ҳокимиятдагилар ОАВни жиддий назорат қилмоқда. Блогерлар ҳануз қўрқитиляпти ёки қамоққа олиняпти.
Ўзбекистонда сиёсий плюрализмга эришмай туриб, матбуот эркинлигини тўлалигича таъминлаб бўлмайди. Олдинда ҳали ҳам узоқ йўл турибди», – дейилади ҳисоботда.