Ташқи миграция агентлиги ўзбекистонликларнинг Россияга киритилмаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Агентликнинг маълум қилишича, айни пайтда айрим тоифадаги фуқаролардан ташқари ўзбекистонликларнинг индивидуал тарзда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ.
Фақатгина Россия Ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар пандемия оқибатида март-апрель ойларидан бошлаб вақтинча чеклаган эди.
"Айни пайтда Россия ҳудудида ишлаш истагидаги Ўзбекистон фуқароларини пандемия ва ундан кейинги даврда ташкиллаштирилган ҳолда кириш жараёнларини соддалаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Афсуски, ушбу вазиятдан фойдаланиб, айрим шахслар томонидан фуқароларни турли асоссиз хабарлар билан чалғитиш ва фирибгарлик орқали пул топишга уриниш ҳолатлари юз бермоқда.
Шу ўринда юртдошларимиздан Россия Федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз" ,-дейилади хабарда.
Озодлик радиоси 29 декабрь куни Москванинг Шереметьево аэропортида 500га яқин Ўзбекистон ватандоши Россияга киритилмаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Аэропортнинг транзит зонасида 3-4 кундан буён қолаётган муҳожирларга қалбаки тиббий маълумотномалар билан Россияга кириб келишга уриниш айби қўйилди.
Мавзуга алоқадор Шереметьево аэропортида Россияга киритилмаган юзлаб ўзбек муҳожири қолмоқда (ФОТО+ВИДЕО)