Расмий рақамлар жиноятчиликка қарши курашнинг "янги тизими"ни савол остига қўймоқда

Ўзбекистон бўйлаб қидирувда бўлган 9790 кишидан 25 фоизигина ушланган.

Андижонда беш киши келинчакни зўрлади. Тилла тиш ўғирлаган шахс қўлга олинди. Амалдор 13 минг долларга ер сотаётганда қўлга тушди. Фуқаро судья аёлнинг телефонини синдириб ташлади…

Булар кейинги кунларда ўзбек оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарларнинг сарлавҳаларидир.

Бош прокуратура ҳамда нодавлат ташкилоти маълумотларига қараганда, криминал хабарларнинг кўплиги бежиз эмас: сўнгги бир йилда жиноят кескин кўпайган.

Мавзуга алоқадор Тошкентда хотинини ўқлов билан савалаб ўлдирган эркак 8 йилга қамалди

Яна бир неча сарлавҳа

Ўзбек сайтларидан ихчамлаб олганимиз сарлавҳаларни яна давом эттириш мумкин:

  • Адиблар хиёбонида талончилар қўлга олинди. Талончилардан бири 16 яшар қиз.
  • Опасини пичоқлаб ўлдирган аёл 10 йилга қамалди.
  • Хотинини ўқлов билан уриб ўлдирган эрга суд ҳукми ўқилди.
  • Lacetti автомобилини олиб қочган қиз ушланди.
  • Қўшнилари қўйини ўғирлаб, сўйиб сотган шахс 3 йилга қамалди…

Мана булар эса, Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган сўнгги хабарларнинг сарлавҳалари:

  • Тошкент вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан пойтахтда «гашиш» гиёҳвандлик моддасини олиб юрган шахс ушланди.
  • Пахта ўрамидаги 16.000.000 сўмлик тилла тақинчоқлар.
  • Ўзбекистон туманида “ВАЗ-2105” русумли автомашинани олиб қочган шахс қамоққа олинди.
  • Наманган туманида пичоқдан яраланган сотувчи шифохонага ётқизилди.

Жорий ойнинг ўзидаёқ пайдо бўлган криминал янгиликлар сарлавҳаларини яна узоқ келтириш мумкин.

Жиноят кўпайдими ё хабар?

Жиноят кўпайдими ёки ахборот воситалари бироз эркинлашиб қолгани ва ижтимоий тармоқлар cабаб хабарлар оқими кўпайгани учун жиноят кўпайиб кетгандай туюляптими?

Озодликнинг бу ва мавзуга оид бошқа саволларига жавобларни ИИВ матбуот хизмати мулозими Бош прокуратурадан олишни тавсия қилиш билан чекланди.

Президент Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилгани хабар қилинган. Мирзиёев ўз чиқишларида асосий эътиборни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратиш кераклигини таъкидлаб келади. Ушбу мақсадда профилактика инспекторлари сони қўшимча 1 минг нафарга кўпайтирилган, уларга жойларда ижтимоий-маиший шароит яратиб берилган. Аммо жиноятчилик билан боғлиқ расмий рақамлар "ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг янги тизими" қанчалик самара бераётганини савол остида қолдирмоқда.

Мавзуга алоқадор Фарғонада беш киши устига автомашина ҳайдаб, уч кишини ўлдирган шахсга суд ҳукми ўқилди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бундан бир олдин, 23 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисига прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берган, ҳисоботда қуйидаги маълумотлар келтирилган эди.

Бош прокурорга кўра, 2020 йили бутун мавмлакат бўйлаб 62 081 та жиноят рўйхатга олинган.

Жиноятчилик бир йилда 34,7 %, оғир ва ўта оғир жиноятлар 49%, шу жумладан қасддан одам ўлдириш 13%, оғир тан жароҳати етказиш 13%, зўрлаш 27,7%, талончилик 18,5% га ўсган.

Сенатнинг расмий сайтидаги хабарномада келтирилмаган, юқорида қора ҳарфлар билан берилган маълумотлар "Халқ сўзи" газетасининг рус тилидаги версиясида келтирилган холос, ўзбекча версиясидан бу маълумотларни топмадик.

“Эзгулик”: Давлат ва ҳуқуқ-тартибот органларидан норозилик кучли

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти қонунбузарлик ёки жиноят қурбони бўлганлар ёрдам сўраб мурожаат қиладиган нодавлат, нотижорат ташкилотидир.

Жамият раиси Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, “ташкилотга келаётган шикоятлар таҳлили ўғирлик, босқинчилик, одам ўлдириш ва номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар сони ошаётганини кўрсатмоқда”.

Абдураҳмон Ташанов кейинги йилларда конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм ва экстремизмга оид жиноят содир этганликда айбланиб жавобгарликка тортилганлар кўлами сезиларли пасайганини қайд этди.

"Айни пайтда, - дейди Ташанов, - таҳлилларимиз мамлакатдаги нисбий эркинликлар фонида жамоат тартибини бузиш, фирибгарлик ва маиший характерга эга ҳуқуқбузарликлар кўлами ошганини кўрсатмоқда. Буни расмий рақамлар ҳам тасдиқлайди”.

"Эзгулик" жамияти раҳбарининг айтишича, у бошқараётган ташкилотга
фуқаролардан келаётган мурожаатлар, асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг фаолиятидан норозиликни ўзида акс эттиради, мурожаатлардан, шунингдек, коррупциявий қонунбузарликлар кўлами ҳам сезиларли даражада ошгани сезилмоқда.

Қонунлар "либераллашди"


Ўзбекистонлик педагог ва юрист Маҳмуджон Йўлдошев жиноятчилик кўламининг кескин ошиб кетишини шарҳлар экан, гапни “одам жиноятни ё йўқчиликдан ёки тўқчиликдан қилади”, деб бошлади.

Юридик университетни ёши 75 дан ўтганда битириб, яқинда диплом олган Маҳмуджон Йўлдошев бундай деди:

“Албатта, ҳозир Ўзбекистонда одамлар тўқчиликдан жиноят қиляпти, дейиш қийин. Бас, шундай экан, жиноят йўқчилик маҳсули бўляпти, дейиш мумкин”.

Айни пайтда педагог олим муаммони фақат йўқчилик ёки тўқчилик билан боғлаб ўрганиш ҳам тўғри бўлмаслигини уқтиради. У кейинги пайтларда қонунлар ва жазо механизмлари либераллашганини, умуман жамият ҳаёти нисбатан, ҳар ҳолда Биринчи президент давридагига нисбатан либераллашгани, бироқ қонунларни билмайдиган фуқаролар бу либераллашувни нотўғри, ўз фойдасига тушуниб олаётганига эътибор қаратади.

Ўтган йил июлида Ўзбекистон Олий суди пандемия даврида мамлакатда безорилик, фирибгарлик, ўғирлик, гиёҳванд воситалариинг ноқонуний айланиши, қўшмачилик, фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ жиноятлар сони ошганини маълум қилган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Олий Мажлис Сенатининг шу йил мартида ўтган 13-ялпи мажлисида пандемия даврида ўғрилик ва фирибгарлик сингари жиноятлар кўпайганини қайд этган.

«Пандемия пайтида кўпчилик оилалар даромадсиз қолгани учун ва бу даврда профилактик тадбирлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги сабабли мулкий турдаги жиноятлар сони кўпайди.

Жумладан, ўтган йили ўғриликлар сони 8 минг 164 тани ташкил этган. Бунда хонадонларда қилинган ўғриликлар сони 1918та, савдо шохобчаларидаги ўғриликлар 813та ва транспорт воситаларидаги ўғриликлар 774тани ташкил этди.

Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистонда 18 минг 660та фирибгарлик жинояти содир этилган. Бу жиноятни содир этганларнинг 4 минг 124тасини ишсиз фуқаролар ташкил этган», дея вазирдан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

Мавзуга алоқадор Андижонда келинчакнинг зўрланишига оид ҳодиса Сенат томонидан назоратга олинди

Қидирувдагиларнинг 75 фоизи ушланмаган

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг 23 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисига берган ҳисоботида қидирувга берилганларнинг тўртдан уч қисми ушланмагани айтилди.

Бош прокурор ўз ҳисоботида тезкор-қидирув иши заиф эканлигини тан олган. Натижада мамлакат бўйлаб қидирувда бўлган 9790 кишидан 6761 нафари ёки 75 % ушланмаган.

Бош прокурорнинг фикрича, 62081 та жиноятдан 41087 таси, яъни 66 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сирасига киради, бироқ олди олинмаган.

Мавзуга алоқадор Фермер: “35 қўй, 11 эчки ва 1 та отни ўғирлашди, ИИБ ва прокуратура тергов қилмаяпти”