Россиянинг қатор вилоятларидаги Хорижликларни вақтинчалик сақлаш марказларида қолаётган ўзбек муҳожирлари ўз аҳволларига жамоатчилик эътиборини қаратишга уринмоқда.
Озодликка мурожаат қилган ўзбек гражданлари қирғизистонлик ва тожикистонликлар олиб чиқиб кетилганидан кейин депортация лагерларида асосан ўзбекистонликлар ва вьетнамликлар қолганини хабар қилди.
Москва вилоятининг Егорьевск шаҳрида жойлашган Хорижликларни вақтинчалик сақлаш маркази ( ХФВСМ-ЦВСИГ)дан Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари уларга 1 июнда Ўзбекистонга юборилиши тўғрисидаги берилган ваъдалар бажарилмагани ва оғир ҳолатда қолганини сўзлади.
Озодликка гапирган 29 яшар Шоҳрух улар ётган марказда фақат вьетнамликлар ва ўзбеклар қолди, дейди:
- Марказда 200 яқин одам сақланаётган бўлса, шулардан 53 нафари Ўзбекистон граждани. Бир нечта озарбайжон, молдаван бор. Қолган 140 тача одам - ҳаммаси вьетнамлик. Улар ҳам, бизга ўхшаб, ўз ҳукуматига керак бўлмаганлар бўлса керак! Камида 3 ойдан бери ўтирибмиз. Бизга “1 июнда очилади, жўнатамиз”, деб ваъда бериб келди. Энди бўлса “Ўзбекистон ҳукумати сенларни қабул қилмаяпти - Россия чиқариб юборишга тайёр!”, деди. Бугун бўлса қўриқчиларимиздан бири “Энди ўзларинг самолётга билет олиб кет - бизда бунга пулимиз йўқ!”, деяпти. Бизни қўйворгиси ҳам йўқ, жўнатгиси ҳам йўқ!
У 24 май, Ҳайит куни Тожикистон ўз гражданларини марказдан олиб чиқиб кетгани ва уйига жўнатганини маълум қилди. Тожикистоннинг Россиядаги элчилик раҳбари Имомуддин Сатторов Озодликка тожик ҳукумати чартер рейсларда биринчи навбатда депортация лагерларига қолаётган меҳнат муҳожирларини олиб чиқишга қарор қилганини билдирган эди.
Шоҳрухнинг сўзларича, Егорьевск ЦВСИГдаги ўзбек муҳожирларига яқинлари ёрдамида Ўзбекистонга авиачипта олинганидан кейин қўйиб юборилиши, акс ҳолда улар лагерда яна номаълум муддатга қолиши айтилган.
Маълум бўлишича, Егорьевскдаги марказда сақланаётганларнинг 5 нафари аёллардир. Мигрантлар ўз ҳақларини талаб қилиб, бир неча маротаба қилган норозилик чиқишига депортация лагери маъмурияти ОМОН жангчиларини чақиртиргани ва калтаклаганини гапирди.
Озодлик Москва вилояти Ички ишлар бошқармасига қарашли Егорьевскдаги депортация марказига мурожаат қилиб, саволларимизга жавоб бера оладиган мутасадди раҳбарлар 1 июндан меҳнат таътилига чиқиб кетгани ҳақидаги жавобни олди.
2014 йилда қурилган 2 қаватли бу марказ 400 кишига мўлжаллангани ва ҳозирда унда 200 зиёдроқ хорижлик ушлаб турилганини Марказ вакили тасдиқлади.
Озодликка Воронеж депортация лагеридан ҳам айни мазмундаги мурожаат билан чиққан ўзбек ватандошлари ўз муаммоларига Ўзбекистон ҳукумати эътиборини қаратишга уринди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Водийлик 50 яшар Фарҳоджон Воронеж ЦВСИГида қолаётган 23 нафар ўзбекистонлик номидан гапирар экан, лагерда 8 ойдан бери ётганлар бор, дейди:
- 6 ойдан бери тутқунликдаман. Олдимиз 8 ой - кетимиз 3 ойдан бери ётибмиз. Оиламизга на пул жўната оламиз, на ёрдам бера оламиз - уларнинг аҳволи нима кечаётганини Худонинг ўзи билади! Бизни бу ерда жиноятчидек ушлаб туришибди. Бизни 1 июнда жўната олмас экан - чартер рейсларга биз сиғмас эканмиз, унда бизни чиқариб юборишсин, тирикчилик қилиб турайлик, оиламизга бир-икки сўм жўнатайлик. 8 ойдан бери ётганларнинг бола-чақаси оч қолиб, дод деяпти! Бизнинг аҳволимизни бу ерда тасаввур қилинг - уйқу келадими, болангиз у ерда оч бўлса?!
Ўзбек муҳожири Ўзбекистон ҳукуматидан уларни олиб кетишга имкон топилмаса, ҳеч бўлмаганда Россия ҳукуматидан озодликка чиқариб юборишга кўмаклашишни сўради.
- Қўйиб юборишса рейслар очилгунча ишлаб турардикку. Ўта қийналиб кетдик - озиқ овқатини айтмаса ҳам бўлади. Бу ерда фақат оилали, ёши катта муҳожирларимиз қолган. Майли, чартерда ногирон, ҳомиладорлар кетсин. Россияга ишчилар керак экан - бизни бу ерда ушлашдан буларга нима наф?! Тожиклар бор эди, биринчи чартер рейси очилишига кетди улар; украинларни чиқарворишган. Лагерда фақат ўзбеклар қолган - бошқаси йўқ! Биз Ўзбекистон элчихонасига шунча мурожаат қиляпмиз - телефон орқали тушиб бўлмаяпти. Арзимизни кимга айтишни билмаяпмиз - бизни қўйиб юборишларини сўраймиз! деди андижонлик меҳнат муҳожири.
Айни талаблар билан Озодликка чиққан Новосибирскдаги Хориж фуқароларини вақтинча сақлаш марказида (ХФВСМ-ЦВСИГ) қарийб юз нафар эркагу аёл оғир шароитда яшаётгани, улар Ўзбекистонга жўнатилишини ойлардан буён кутаётгани хабар қилинган эди.
Шу йилнинг март ойида, Россияда “изоляция режими” жорий қилиниши ортидан бир гуруҳ таниқли россиялик ҳуқуқ фаоллари лагерларда депортация қилинишини кутаëтган меҳнат муҳожирларини озод қилиш талаби билан чиққан эди.
Фаоллар Москва расмийлари диққатини ЦВСИГда қолаётган мигрантлар ҳаёти ва соғлиги хавф остида эканига қаратганди.