Россиянинг Магнитогорск шаҳрида теракт уюштирганликда гумон қилиниб, 2019 йилнинг январида ҳибсга олинган қирғизистонлик ўзбек йигит қарийб 13 ой деганда ўтган ҳафтада озодликка чиқди.
30 яшар Ҳусниддин Зайнобиддинов 7 ойни ФСБ тергов изоляторида, 6 ойни эса маҳаллий депортация лагерида экстрадиция текшируви остида ўтказди.
Жиноятга алоқадорлиги исботланганмагани учун қўйиб юборилган муҳожир ФСБ ходимлари уни қийноқларга солгани, бурни ва қовурғасини синдириб, электр токи остида айбга иқрор бўлишга мажбурлагани устидан шикоят қилаётганини Озодликка гапириб берди.
10 февралда Магнитогорскдаги Хориж гражданларини сақлаш марказидан озод этилган Ҳусниддин Зайнобиддинов Москвага етиб келгач, топталган ҳуқуқлари тикланиши учун ҳаракат қилмоқчилигини Озодликка билдирди.
- Мен ахир ноҳақ шунча азобларга солиндим, бутун баданимни синдириб ташлашди. Аҳволимни кўрсангиз қўрқиб кетардингиз. Россия деган давлатда қанақадир қонунлар бордир?! Мен адолат излаб келдим Москвага. Мени қийнаган ходимларни жавобгарликка тортмоқчиман! Керак бўлса, Европа судигача бораман.
"Мени 6 соатча қийнашди"
2018 йилнинг 31 декабрида Магнитогорск шаҳрининг икки жойида кучли портлаш рўй берганди.
Бунинг ортидан полиция ва махфий кучлар шаҳарда яшовчи марказий осиёликларни оммавий равишда ушлаб¸ уларнинг ҳужжатларини текшира бошлади.
Хусусан, “Комсомольская правда” нашри Магнитогорскда россиялик бўлмаган барча маршрутка ҳайдовчилари, “Гранд”, “Зелёний ринок” бозорлари, қурилиш объектларида меҳнат қилаётган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон гражданлари текширувдан ўтказилганини хабар қилган эди.
2019 йилнинг 16 январида янги туғилган чақалоғи ва хотини билан Челябинскдан Магнитогорскка қайнсинглисини кўргани келган қирғизистонлик Ҳусниддин Зайнобиддинов дўконга чиққанида маскалилар томонидан қўлга олинганлардан биридир.
- Бу шаҳарга қайнсинглимникига чақалоғимнинг чилласини чиқаришга олиб келувдик. Магазинга чиққанимда иккита формасиз келиб ҳужжат сўради. Ҳаммаси жойида, деб қўйворди. Бироздан кейин магазин олдига катта машина келиб, бошимга пакет солиб, олиб кетди. Қўлимни орқага қилиб, қанақадир бинога олиб киришди, аллакимларнинг суратларини кўрсатишди. “Танимайман”, десам, подвалга олиб тушишди ва 6 соатча калтаклашди. Кўкрагимга аккумуляторга ўхшаган аппаратни улаб ток уришди, кейин бармоқларимга ток уришди. Хотиним икки кундан кейин кўрганида бутун баданим кўкариб шишиб кетганди. Қовурғаларимни, бурнимни, қўлимни синдиришди, - дейди Ҳусниддин.
Унинг айтишича, сўроқ давомидаги гаплардан уни маҳаллий ФСБ бўлими ходимлари калтаклаганини тушунган. Ҳусниддин фсбчилар уни Магнитогорскдаги портлашга алоқаси борлигига иқрор бўлишга мажбурлагани, аммо у ҳеч қандай ҳужжатларга имзо қўймаганини билдирди.
Мавзуга алоқадор Магнитогорскдаги марказий осиëликлар ëппасига текширилмоқда. Ушланганларнинг қийноққа солинаëтгани айтилмоқдаБундан бир йил олдин Озодлик қирғизистонлик 30 яшар Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг маскадаги шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ва бир сутка ўтиб полиция ҳибсхонасида қўл-қовурғалари синган, кўзи ва бутун танаси кўкарган ҳолда адвокатлар томонидан топилгани тўғрисида хабар қилганди.
Ҳусниддиннинг айтишича, портлашларга алоқаси борлигини исботлай олмаган фсбчилар уни “Қирғизистондаги 2010 йилдаги қонли воқеаларга алоқадорликда” айблаб, экстрадиция қилишга уринган.
Ҳусниддиннинг айтишича, у 2019 йилнинг 16-18 январь кунлари "қонунга хилоф равишда шаҳар ташқарисидаги бир хусусий бинонинг подвалида сувсиз-овқатсиз ушлаб турилган":
- Мени 7 ой аввал изоляторда, кейин яна ярим йил шу ердаги депортация лагерида ушлашди. Бошида прокуратурага олиб келишди, у ердан яна ФСБга олиб бориб 3 соат уришди. Шу аҳволда мени шаҳар изоляторига олиб боришганда, бошлиғи “Мен уни қабул қилмайман – ўлиб қолса ким жавоб беради!?”, деди. Шунда икки кун қаердадир подвалда сақлаб, бироз шишлар қайтганидан кейин, бошқа изоляторга олиб бориб тиқишди. Бўйнимга терактни ила олмаганларидан кейин улар “Сен 2010 йилда Қирғизистондаги воқеаларда иштирок этгансан – Қирғизистон сени розискка берибди!”, дея депортация лагерига ташлашди.
Ҳусниддин Зайнобиддинов 7 ой ФСБ махсус изоляторида ушлаб турилганидан кейин, 16 июль куни озод этилган. Бироқ, у суд залидан чиқиши билан полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва "Қирғизистонда қидирувда экани" важи билан депортация лагерига 6 ойга ташланган.
"Лагерда ҳам босимлар давом этаверди", деди Ҳусниддин.
Унинг айтишича, қўйилган айбларга иқрор бўлмаганидан кейин 2020 йилнинг 10 февралида у хорижликларни сақлаш марказидан ҳужжатсиз ва пулсиз чиқариб юборилган.
Бир фарзанднинг отаси бўлган Ҳусниддин бу туҳмат ортидан бизнеси сингани, йиққан оз-моз маблағларини ўз номини тиклашга сарфлаётганини айтади.
- Карталаримда пулларим бор эди – беришгани йўқ қайтариб. Паспортимни ҳам қайтаришмасдан чиқаришди – мен энди “вид на жительство” олишим керак эди. Челябинскда буғдой олиб сотардим – у бизнесим ҳам йўқ бўлиб кетди. Йиққан оз-моз пулимнинг ҳаммасини адвокатларга сарфладим, аммо улар мени жиноятчига чиқара олмади, қўйворди.
"Портлаш ортидан Магнитогорскда юзлаб муҳожир қийноқларга солинди!"
Ҳусниддин иши билан Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳақлари ҳимояси ташкилоти шуғулланиб келмоқда.
Ташкилот раҳбари Баҳром Ҳамроевга кўра, Магнитогорскда портлаш бўлгани ортидан ўнлаб ўзбек, тожик, қирғиз меҳнат муҳожирлари қўлга олингани ва сўроққа тутилгани тўғрисида гувоҳлар кўрсатмалари бор.
- Ўша кунлари йўқолиб қолган мигрантлар жуда кўп бўлган: полиция ва ФСБ бозор-кўчаларда облавалар ўтказиб, бутун шаҳарнинг ағдар-тўнтарини чиқарган. Юзлаб муҳожирлар ўша кунлари калтаклангани, ўғирлаб кетилгани борасида менга тасдиқланган хабарлар келиб тушганди. Асосан марказий осиёлик мусулмонларнинг бўйнига илишга ҳаракат қилди улар. Айрим ўғирланган муҳожирлар ҳалигача топилмаган!
Челябинск вилоят прокуратураси ва Россия Ички ишлар вазирлиги этник ўзбек муҳожири Ҳусниддин Зайнобиддиновга қийноқлар қўлланилганига оид Озодлик хабарига расмий жавоб қайтарган эди.
Полиция Қирғизистон граждани бўлган бу йигит Магнитогорскдаги портлашларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинмаганини таъкидласа, маҳаллий прокуратура Зайнобиддинов ва унинг хотини калтаклангани тўғрисидаги ўз баёнотларидан воз кечганини айтганди.
Озодлик билан суҳбатда Ҳалима Зайнобиддинова ўз сўзларидан қайтмагани, бироқ унга босимлар бўлаётганини гапирди.
Ҳалима эрини 17 январь куни бетлари кўкарган, кўзи қизариб кетган, қўллари шишиб кетган ва бурни бир томонга қийшайиб қолган ҳолатда кўрганини айтганди.
Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 2010 йилнинг 17 июнида Жалолобод шаҳар суди Қирғизистон Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида кўзда турилган жиноятларни содир этганликда гумонланаëтган Ҳусниддин Зайнобиддиновни қамоққа олиш тўғрисида сиртдан қарор чиқарган.