Фарғоналик 24 яшар қўшиқчи Беҳруз Солиев "Мен ўзбекман-ўзбекча сўзлайман” деган қўшиқни айтиб, унинг аудиоёзувини 20 майдан бошлаб ижтимоий тармоқларда эълон қилди.
Озодлик билан суҳбатда хонанда¸ “қўшиғим Ўзбекистонда рус тили расмий тил бўлишини истаганлар кўп деган Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимаси Мария Захарова иддаоларига менинг мусиқий жавобимдир” деди.
Қўшиқнинг охирги версиясини 10 кун ичида youtube тармоғининг ўзида минглаб юзер эшитди.
Беҳруз Солиев қўшиқнинг гитара жўрлигида ва алоҳида айтилган илк иккита вариантини Озодлик муштарийлари билан баҳам кўриш учун жўнатди:
“Қўшиқ муаллифи ўзимман¸ матнини навоийлик Ниятуллох деган шоир ëзиб берди. Ҳозир қўшиқни мана ўн кундан бери ўзим шартнома қилган интернет каналларда қўйдиряпман. Бу қўйилганлар MP3 варианти. Қўшиқнинг жонли ижродаги илк вариантини Озодликнинг миллатсевар муштарийлари учун алоҳида ҳиргойи қилиб юбордим. Интернетдаги аноним юзерлар¸ суратию номи йўқ профиллар менга чиқиб нега сиëсатга аралашасан, севги ҳақидаги қўшиқларингни куйлаб юравер деб таҳдид қилишди. Менинг қўрқадиган ерим йўқ. Ўз тилимни севаман. Қўшиқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимаси Мария Захарова ва ўз тилини унутган ўзбек амалдорларига ҳам аталган. Бу қўшиқни кўпроқ одамлар эшитсин ўша ўз тилини унутган амалдорлар ҳам кўрсин. Ўзбек тилимизга бўлган ҳурмат сақлаб қолинсин деган ниятда қилинган ижодий ишим эди бу”.
Қўшиққа сабаб бўлган баëнот
Жорий йилнинг 14 майида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили мақоми борасида баёнот билан чиққани интернетнинг ўзбек сегментида баҳсларга мавзу бўлган эди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова брифинг ўтказиб, Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳақидаги саволга жавоб берган эди:
"Биз юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси туфайли оммавий ахборот воситаларида юзага келган муҳокамага эътибор қаратдик. Шундай таассурот туғиладики, унинг тарафдорлари яққол кам. Изоҳларнинг кўпчилиги шундан далолат қиладики, расмий кундалик ҳаётда рус тилининг сақланиб қолиши тарих руҳи ва бизнинг муносабатларимизнинг ҳозирги сифатига, энг муҳими - ўқиш ва ишлаш борасида Россияни танлаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади", деган эди Мария Захарова.
Фарғоналик қўшиқчи Беҳруз Солиев Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг гапидан кейин нафақат рус тилида гаплашадиган ватандошлар балки она тили ўзбек бўлганлар ҳам “рус тили расмий тил” бўлсин деган фикрларни тармоқда ëзишганидан ранжиганини айтади:
“Қўшиқда ўз тилим деб кураша олмасам, отиб ташланг” деган жумла бор. Мен ўзбек тилини камситганлардан ранжиб юрган пайтимда тармоқда Ниëтуллох деган шоирнинг шеърини кўриб қолдим. Шоирнинг ўзи билан боғландим. Шоир менга Мария Захарова баëноти ëзилган матнларни ҳам юборди. Кейин шу шеърни қўшиқ қилиб Мустақиллик байрамида айтаман деб дилимга тугдим. Кейинроқ турк дипломати ўзбекча гапирган тадбирда ўзбек амалдори русча маъруза қилганини кўриб қўшиқни тезроқ чиқаришга шошдим. “Ў жаноблар уйқусираманг¸ мудраб эснаб¸ ияк тирнаманг¸ қош чимириб лабларни бурманг¸ мен ўзбекман ўзбекча сўзланг” деган жумла шу амалдорга ҳам аталади. Бу руспараст амалдорни қўллаб изоҳ ëзганлар қўшиғимдаги мана бу сатрни эшитишсин. “Лаганбардор сохта маддоҳлар. Дилингиздан тўкилар оҳлар. Ўзлигини сотган гумроҳлар”
Қўшиқда Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозимаси Мария Захарованинг исми тилга олинмайди. Қўшиқ ўзбек тилини чекламоқчи бўлган Россия расмийси ва ўз тилини унутган ўзбек амалдорларига билдирилган эътирозлардан иборат.
Қўшиқ билан танишган бастакор Закия Яруллинна Озодлик билан суҳбатда¸ мусиқа¸ овоз жаранглаши ва бошқа унсурлар “ўз жойида эканлигини” таъкидлайди.
“Мен гитара жўрлигида жонли айтилган версиясини ва тугал MP3 вариантини тинглаб кўрдим. Яхши, ҳаммаси жойида. Сўз ва мусиқа билан эмоционал уйғунлик бор. Нола ва авж ҳам ўз ўрнида. Романс баллада услубида басталаниб ижро қилинган. Фақат матндаги “малласоч аëлга” деган жумлада вульгарлик кўрдим. Сиëсатчининг соч ранги эмас балки унинг айтган гапига эътироз қилиш керак. Қўшиқчи овоз тембри яхши эканлиги матн нуқсонини бекитади”.
Беҳруз Солиев ўзбек шоу-бизнесида энди танилиб келаëтган қўшиқчи. Унинг “Синов” деган қўшиғи мусиқасеварлар тарафдан яхши кутиб олинган эди. Озодлик билан суҳбатда қўшиқчи ўзи ҳақида ҳам мухтасар сўзлаб берди.
“Қува туманида туғилдим. Ëшлигимдан мусиқага ихлосим бор эди. Қува педагогика ва иқтисод коллежининг “Мусиқа ходими” деган бўлимини тугалладим. Ҳозир эркин ижод билан шуғулланаман.”
Ўзбек қўшиқчилари орасида ўзбек тили ва миллий ғурур ҳақида қўшиқ куйлаш илк бора ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида урф бўлган эди. Қўшиқчи Рустам Ғоибовнинг “Ўзбегим йигитлари” ашуласи шу жанрдаги қўшиқларнинг типик намунаси ўлароқ кўрилади.