Итга ҳайкал қўйилади. Бердимуҳамедов ҳайкалнинг янги вариантини тасдиқлади

Ҳайкал лойиҳаси тақдимотидан ёзиб олинган видеодан олинган кадр.

Ашхабод мэри Шамухаммет Дурдилдиев “президент томонидан кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгани” ҳолда итнинг туркман алабайи зотига ўрнатиладиган ҳайкалнинг янги вариантини тақдим қилди.

Бу ҳақда хабар қилган"Хроники Туркменистана" ахборот агентлигига кўра,лойиҳада ҳайкал супасининг диаметри 36 метр, баландлиги эса 9 метр бўлади. Итнинг ўзи эса олти метр бўлиб, супага олтин ҳарфлар билан: Turkmen Alabayy деб ёзилади. Ёзув президентнинг шу ит ҳақидаги китоби муқовасидаги шрифт ва рангда ёзилади.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ёдгорликнинг янги вариантини маъқуллади, деб хабар қилди агентлик. Бердимуҳамедов алабайга бағишланган китобни 2019 йил сентябрда ёзди. Китобда Туркманистон раҳбари томонидан ёзилган қуйидагича шеър ҳам бор:

У асрлар ва йилларни билади,
Даврларни боғлар туркман алабайи.
Унинг шуҳрати жуда ҳам баланд,
Қадрланар туркман алабайи.

Гилам ҳам, отлар ҳам юз йиллардан бери –
Ота-боболаримиз васияти ва даъвати.
Зафарлар ва ғалабалар рамзи,
Эталондир – туркман алабайи.

Бу шеърга мусиқа басталанди, қўшиқ телевидениеда ҳарбий хор томонидан куйланди. Алабайга ёдгорлик 2020 йилда Ашхабодда ўрнатилиши кутилмоқда.

Туркман алабайи — Ўрта Осиё овчаркасининг зоти: бу ит чўпонлар томонидан чорвани қўриқлашда ва ҳайвонларни йиртқичлардан ҳимоя қилишда ишлатилган. Итнинг бу зоти бўйи 70 см ва оғирлиги 80 кг ни ташкил қилади, жуни қалин бўлгани боис совуққа чидамли.