Бугунги кунда 11 та хусусий бандлик агентлигининг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.
Расмий билдирувда таъкидланишича, мазкур агентликлар томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79 миллиард 100 миллион сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.
Айни пайтда хусусий бандлик агентликлари томонидан 2019-2020 йилларда фақат 3214 нафар фуқаро Россия, Туркия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БАА, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Украина ва Қатарга ишлаш учун жўнатилди.
Бугунги кунда 103 та хусусий бандлик агентлиги реестр рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 75 тасига лицензия берилган ва ҳозирда 25 таси ушбу лицензия асосида фаолият юритмоқда.
Озодлик радиоси хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабрланган юзлаб ўзбекистонликлар ҳақида қатор мақолаларни эълон қилган эди. Агентликлардан жабрланган ўзбекистонликларнинг айримлари пойтахт Тошкентда норозилик акциясини ҳам ўтказган.
Мавзуга алоқадор "Korean&Migrations"иши: Mустақиллик майдонига чиққан норозилар куч қўлланганидан шикоят қилди (ВИДЕО)Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, 2020 йил 13 августда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қонун келаси ойдан кучга киради.
Янги қонунчиликка биноан, бундан буён Ўзбекистонда ҳусусий бандлик агентликлари хизматлар учун тўловларни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчидан ундиради.
Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим ҳусусий бандлик агентликлари раҳбарлари қонунга киритилган бу ўзгариш фуқароларга чет элдан иш топиш масаласини яна ҳам қийинлаштириб юборишини айтишди.