Ҳоким боғ қилиш учун ер берди, фермер 10000 кўчат эккандан кейин тортиб олди

"Кўназар саховатли боғлари" боғи

Фарғона вилоят, Ўзбекистон туманидаги “Кўназар саховатли боғлари” фермер хўжалиги раҳбарининг айтишича, туман ҳокими ўтган йили боғдорчилик учун ўзи ажратган ерни тортиб олиб, 300 гектар ери бўлган бошқа фермерга қўшиб берган.

Олимжон Усмоновнинг айтишича, унинг “Кўназар саховатли боғлари” фермер хўжалиги 24 гектар ерга 77 миллион сўмлик бодом, ёнғоқ, гилос, олма, шафтоли, ўрик кўчатлари ўтқазган эди.

Туман ҳокими 2019 йилнинг апрелида фермерни огоҳлантирмасдан, унга ҳеч қандай билдирув бермасдан ерини захирага қайтариш ҳақида қарор чиқарди.

Туман маъмурий суди ва вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳоким қарорини ўз кучида қолдирди.

Ўзбекистон туман ҳокими бу борада Озодлик билан гаплашишни истамади.

Ўзбекистон туманидаги “Масъули чашма” чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги 2018 йил 10 сентябрда туман ҳокимининг 2249 сонли қарори билан “Кўназар саховатли боғлари” боғдорчилик фермер хўжалигига айлантирилди.

Туман ҳокимининг бу қарорига ўн мулозимдан иборат туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг хулосаси асос бўлган.

"Кўназар саховатли боғлари" боғига ер ажратиш ҳақида комиссия хулосаси

“Кўназар саховатли боғлари” боғдорчилик фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Олимжон Усмоновнинг айтишича, ҳоким қарори чиққанидан сўнг, улар астойдил боғ қилишга киришган:

24 гектарга қарийб ўн мингта уч йиллик кўчат экдик.


- Боғдорчиликни ривожлантириш ҳақидаги президент қароридан сўнг, биз чорвачиликдан боғдорчиликка ихтисослаштириш ҳақида ҳокимга ариза ёздик. Комиссия кўриб чиқди, маъқуллади, ҳоким қарор чиқарди. Қўлни шимариб ишга киришдик. 24 гектарга қарийб ўн мингта уч йиллик кўчат экдик. Ҳар бир кўчатни 8 минг сўмдан сотиб олдик. Кўчатнинг ўзига 77 миллион сўм сарфладик.

"Кўназар саховатли боғлари" боғига ер ажратиш ҳақида туман ҳокими қарори

Олимжон Усмоновнинг айтишича, 2019 йилнинг апрелида ер захирага олиб қўйилганини унинг ери қўшиб берилган бошқа фермердан эшитган:

- Бизнинг ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, солиғини тўлаб деҳқончилигимизни қилиб ётганимизда нариги фермер хўжалиги раҳбари келиб, бу жой бизга ўтди, бўшатиб қўйинглар, деяпти. Ўшанда билдик. Ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмаган, ҳеч қандай ариза олинмаган.

Шундан сўнг фермер хўжалиги ҳокимнинг қарорини Ўзбекистон туман маъмурий судига берди. Суд ҳокимнинг қарорини ўз кучида қолдирди:

Ҳоким ўз қарорини ўзи бекор қилар экан, нима учун боғдорчилик учун қарор чиқарди?


- Ҳокимнинг бундай қарори чиқиши учун ёки фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси бўлиши керак ёки суднинг қарори бўлиши керак. Ҳоким ниманидир асос қилиб кўрсатиши керак, бу нарса йўқ. Ҳоким ўз қарорида биз фермер хўжалигини бориб текширдик, деяпти. Аслида текшириш бўлгани йўқ. Бизнинг бу даъволаримизни суд инобатга олмади. Вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳам ҳоким қарорини ўз кучида қолдирди. Ҳоким ўз қарорини ўзи бекор қилар экан, нима учун боғдорчилик учун қарор чиқарди, нима учун бизни шунча сарф-харажатга куйдирмоқда?

"Кўназар саховатли боғлари" боғи

Мазкур иш билан яқиндан таниш, суд мажлисларида қатнашган фермер вакилининг айтишича, ҳоким ерни ғайриқонуний тарзда захирага олган:

“Биринчидан, ҳоким ерни захирага олишдан олдин фермерни хабардор қилмаган ва асос ҳам кўрсатмаган.

Иккинчидан, адвокатимиз ҳокимнинг ерни захирага олиш ҳақидаги қарорига протест киритишни сўраб, прокуратурага ариза берганмиз. Лекин прокуратура судга беринглар деб қайтариб берган. Ўша пайтда ерга даъвогар бўлган "Қораёзбобо" фермер хўжалиги ҳам учинчи шахс сифатида кириб, прокуратурага ҳокимнинг “Кўназар саховатли боғлари”га ер бериш ҳақидаги қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтиришни сўраган. Буни қарангки, суд жараёни давом этаётган пайтда, бу қонунан мумкин эмас, прокуратура судга протест киритяпти. Қоида бўйича бу ҳозир судда кўриляпти деб аризасини қайтариб бериш керак эди. Лекин прокуратура протестни судга киритиб юборган. Ваҳоланки бу суд жараёнининг учинчи шахс бўлган "Қораёзбобо" фермер хўжалигига умуман дахли бўлмаган.

Учинчидан, ҳокимнинг ерни захирага олиш қарорида фермер хўжалигининг эски номи, яъни “Масъули чашма” фермер хўжалиги номи ёзилган. Ҳоким қарорида “Кўназар саховатли боғлари” номи йўқ.

Тўртинчидан, фермердан ҳам бир камчилик ўтган. Фермер хўжалигини расмийлаштирганда кадастр шартномаси қилмаган. Суд ҳозир ўшани ҳам ернинг олиб қўйилишига асос қилиб қўшяпти. Аслида эса, бу фақат фермернинг хатоси эмас. Туман ҳокими қарор чиқаргандан кейин кадастрга ҳам шартнома қилиш масъулиятини юклайди. Кадастр эса шартнома қилдирмаган. Фермернинг шундай шартнома қилиш кераклигига ҳуқуқий билими етарли бўлмаган. Лекин туман ва вилоят маъмурий судлари буни хатолик деб турибди.

Ва бешинчидан, бу ҳолат фермер ерининг олиб қўйилиши учун махсус уюштирилган деган шубҳага олиб келяпти. Бўлмаса ўша фермернинг 300 гектар ери бор, ўзига тўқ, шу ҳудудда қўли анча жойга етадиган фермер ҳисобланади. Кичик фермернинг 24 гектар ерини олиб қўйиш учун шунақа ўйинлар қиляпти, деган гумон бор".

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон туман ҳокими Қаҳрамон Жўраев билан боғланди. Озодлик мухбири ўзини таништириши билан ҳоким "мен штабдаман" деди-да, алоқани узиб қўйди. Ҳоким билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда боғдорчиликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигида экспорт салоҳиятини яхшилаш учун бир неча қарор қабул қилди.

Жорий йилнинг апрелида президентнинг фармони билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

10 декабрь куни президент "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни қабул қилди.

***

Мақола эълон қилингач, 7 январда "Қораёзбобо" фермер хўжалиги ижрочи раҳбари Р.Юсуповдан қуйидаги мактуб келди. Матн таҳрирсиз берилмоқда, муаллиф имло ва стилистикаси сақлаб қолинди:

2019 йил 15 апрел кунги туман хокимининг оптималлаштириш карори билан мазкур 27 гектар чорва ери туман хокими захирасига кайтарилган. Бу ер тендерга куйилган ва орадан 4 ой утиб утказилган тендерда 3-4 та фермер катнашиб, «Кораёзбобо» фх бу ерни ютиб олган. Яьни биз ерни зурлик билан тортиб олиб куймаганмиз. Чунки бизни фермада 800 бош наслли корамол булиб, хар бир шартли бош молга 50 сотихдан, жами 291 гектар экин ери ажратилиши шарт эди (наслчилик фермер хужаликларида хар бир шартли бошга 50 сотихдан, оддий чорва фермерларга 30 сотихдан бериш кузда тутилган). Лекин утган 15 йил давомида бизнинг «Кораёзбобо» наслчилик фх даги чорва бошига етарли микдорда ер ажратилмаган, чорва йуналишига факат 162 гектар ер берилган, холос. Колган 129 гектар ерни эса бизга ажратиб бермасдан келган. Вахоланки, биз «Нестле-Швейцария» компаниясига хар йилда 1500-1800 тонна сут топшириб келамиз, 110 нафар кишлок ахолиси ишлаб оиласини бокиб келмокда. Фермеримиз тугрисидаги видеолавхани илова киламан.

«Куназар саховати боглари» фх ни мазкур 27 г чорва ерини балл-бонитети 73 бал эканига карамасдан хокимият 10.09.2018 й кунги карор билан «сув таъминоти ёмон ва белгиланган максадда фойдаланиш имкони йук» деган сохта хужжатларга асосан бог йуналишига айлантирган булиб, бу карор вилоят хокимлиги томонидан тасдикланмаган. Чунки бу карор ноконуний асослар билан чикарилгани сабабли (фермернинг ерлари сув таъминоти энг юкори даражада экани тугрисида «Сух-Яккатут» сув истеъмолчилари уюшмаси маьлумотномаси илова килинади) уни бекор килиш тугрисида Фаргона вилоят прокурори 31.03.2019 й куни Такдимнома киритган, туман прокурори эса 26.10.2019 й куни Протест киритган (илова килинади). Ер кодексини 44-моддасида ерларни бошка тоифага утказиш учун ундан эски максади йулида фойдаланишни имкони колмаган холлардагина рухсат берилади.

Туман хокими мазкур Такдимнома ва Протестга асосан узининг 10.09.2018 йил кунги 2249-сонли бог йуналишига айлантириш тугрисидаги карорини бекор килишга мажбур булган. Бу орада туман маъмурий судида даъвогар «Куназар саховатли боглари» фх нинг жавобгар Узбекистон туман хокимига нисбатан 2019 йил 15 апрел кунги 1736-сонли собик «Максули чашма» (хозирги номи «Куназар саховати боги» фх) ерини туман хокимлиги захирасига олиш тугрисидаги карорини бекор килиш тугрисидаги даъвоси куриб чикиб, рад килинган. Вилоят маъмурий суди бу карорни кучда колдирган. Яьни судлар «Куназар саховатли боглари» (эски номи «Максули чашма» фх)нинг ерларини туман хокимлиги захирасига олиб куйиш карорини конуний деб топган. Чорва ерларидан максадсиз фойдалангани, корамоллари йуклиги, чорва ерини сохта хужжатлар билан бог йуналишига айлантиргани, ер ижарасини узок муддатга ижарага олиш шартномаси тузмагани, ерга булган эгалик хукукини давлат руйхатидан утказмагани, ерга нисбатан конуний хукукларга эга эмаслиги ва бошка сабабларга кура (суд карорлари илова килинади).

«Кораёзбобо» наслчилик фермер хужалиги ижрочи рахбари Р.Юсупов, 2020 йил 04 январ