Хитой йирик Интернет ширкатлари устидан назоратни кучайтирди

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Жаҳон Интернет анжуманида - Хитой, 23 ноябрь, 2020

Хитойда ҳукмрон Коммунистик партия мамлакатдаги йирик Интернет ширкатлари устидан сиёсий назоратни кучайтирмоқда. Бу ҳақда The Associated Press (AP) агентлиги хабар берди. Агентликка кўра, Пекин АҚШ ва Европа технологияларига бўлган қарамликка барҳам бериш йўлида Интернет ширкатлари муваффақиятидан фойдаланмоқда.

2020 йил охирида кўрила бошланган монополияга қарши ва маълумотлар хавфсизлиги бўйича чоралар ўнлаб йил мобайнида оз назорат муҳитида гуллаб-яшнаган ширкатларга қаттиқ зарба бўлди. Инвесторлар хавотирга тушгани учун Alibaba электрон тижорат платформаси, Tencent ўйин ва ижтимоий медиа оператори ҳамда бошқа технология гигантларининг умумий бозор қиймати 1,3 триллион долларга арзонлади.

Коммунистик партия расмийларига кўра, монополияга қарши кураш 2025 йилгача устувор вазифа бўлиб қолади. Партия расмийларига кўра, рақобат иш ўринлари яратиш ва турмуш даражасини оширишга ёрдам беради.

Мавзуга алоқадор “Йиртқичлар” ОАВга қарши. “Чегара билмас мухбирлар” сўз эркинлигининг энг катта душманларини санади

Ишбилармонлар, ҳуқуқшунослар ва иқтисодчилар сўзларига кўра, президент Си Цзиньпин ҳукумати бу чоралар иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатишига қарамасдан, ўз йўналишини ўзгартирмоқчи эмас.

«Бу компаниялар ўз соҳаларида инновация бўйича дунёда етакчи, аммо раҳбарият уларнинг барчасини барбод қилишга тайёр», деди қароргоҳи Лондонда жойлашган Capital Economics тадқиқот марказининг Осиё бўйича бош иқтисодчиси Марк Уильямс.

Интернет ширкатларга босим президент Cининг Коммунистик партиянинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш соҳасида етакчилигини тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан боғлиқдир. Бу фикрни Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг Хитой сиёсати бўйича мутахассиси Стив Цанг илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, агар Cи кутилганидек учинчи марта партия раҳбари лавозимини эгаллаш учун курашса, кўрилаётган чоралар унга сиёсий жиҳатдан қўл келиши мумкин.

WilmerHale юридик фирмасининг Пекиндаги офиси раҳбари Лестер Росснинг фикрича, Хитой раҳбарлари иқтисодиётни тўғридан-тўғри назоратга олишни хоҳламайдилар, шунчаки хусусий сектор ширкатлари ҳукмрон партия режаларига мос иш тутишини хоҳлайдилар.

«Уларни ташвишга солаётган нарса – ширкатлар ўта йирик ва партиядан ўта мустақил бўлиб кетиши», деди Росс.

Хитой Интернет ширкатлари ва уларнинг миллиардер асосчилари, шу жумладан, Alibaba Group раҳбари Жек Ма ва Tencent Holdings компанияси раҳбари Ма Хуатэн (Пони Ма) сўнгги йигирма йилда глобал миқёсда энг катта муваффақият қозонган тадбиркорлар сафидадир. Alibaba энг йирик электрон тижорат компаниясини, Tencent эса машҳур WeChat мессенжерини юритади.

Аммо Коммунистик партия режаларида роботлар, чиплар ва бошқа ускуналарга алоҳида эътибор қаратилаётгани учун бу ширкатлар партияга содиқ эканликларини кўрсатиш учун ушбу технологияларга миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Ҳукмрон партиянинг бу чоралар дунё бир-бирига мос келмайдиган икки технология фронтига ажралиши мумкинлиги ҳақида хавотирга сабаб бўлмоқда. Келажакда Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар АҚШ ва Европада ва аксинча: АҚШ ва Европа маҳсулотлари Хитойда ишламай қилиши мумкин. Бу ҳолат инновация ва самарадорликка путур етказган бўларди.

АҚШ Хитойнинг телекоммуникация ва бошқа технологиялардан фойдаланишига тўсиқ қўйгани вазиятни янада кескинлаштирди.

Alibaba операцион тизим дастурий таъминоти, процессор чиплари ва тармоқ технологиясини ишлаб чиқиш учун 28 миллиард доллар сармоя киритишини билдирган. Ширкат кейинги уч йил мобайнида 100 минг дастурчи ширкат ва технологик стартапни қўллаш учун 1 миллиард доллар ажратишни ваъда қилган.

Ўтган йили Tencent ширкати рақамли инфратузилмага 70 миллиард доллар сармоя киритишга ваъда берган эди. Meituan платформаси ўзини-ўзи бошқарадиган транспорт воситалари ва роботларни ишлаб чиқиш учун 10 миллиард доллар маблағ тўплади.

Цанг Хитой расмийлари бу кампания иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатишни яхши билишини, аммо буни тан олишмаётганини айтди.

«Ким ўрнидан туриб Си Цзиньпинга “сиёсатингиз Хитой учун зарарли бўлади?” дейди?»

Технология ширкатлари акциялари арзонлаши ортидан зиён кўрган инвесторлар сармоя ётқизишга ошиқмаяпти. Tencent ширкатининг бозор капиталлашуви февраль ойидан бери 350 миллиард долларга қисқарди. Бу рақам Nike ёки Pfizer ширкатларининг умумий қийматидан кўпдир.

11 август куни Alibaba ширкатининг дастлабки инвесторларидан бири ҳисобланувчи Япониянинг Softbank Group гуруҳи бош директори Масаёcи Сон Хитой билан янги битимлар бекор қилинишини айтди.

Мавзуга алоқадор Хитойда “ножоиз мазмундаги” қўшиқларни караокеда айтиш тақиқланади

Интернет ширкатларига тазйиқлар ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланганди. Ўшанда Пекин Alibaba ширкатининг Alipay онлайн тўловлар хизмати асосида яратилган Ant Group компаниясининг Гонконг ва Шанхайда фонд бозоридаги дебютини кечиктиришни буюрди. Интернетда жамғарма ва инвестиция хизматларини таклиф қиладиган ширкатга ўз режаларини ўзгартириш ва қарз олувчиларни текшириш ва кредит рискини бошқариш учун банк услубидаги тизимларни ўрнатиш буюрилди.

Шу билан бирга, Си ҳукумати хусусий ширкатлар жамоатчилик ҳақида тўплаётган маълумотлар устидан назоратни кучайтирмоқда, айниқса, юз миллионлаб фойдаланувчига эга Alibaba ва Tencent сайтлари. Хитой раҳбарлари 1,4 миллиард аҳоли ҳақидаги маълумот ёрдамида жамоатчилик ва иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида билиб олиш мумкинлигидан хавотирда.

1 ноябрда кучга кирадиган маълумот хавфсизлиги борасидаги қонунда хавфсизлик стандартлари белгилаб берилган. Қонун ширкатларга харидор рухсатисиз у ҳақда тўпланган маълумотни ошкор қилишни тақиқлайди. Шунингдек, қонун фойдаланувчилар ҳақида тўплаш мумкин бўлган маълумот кўламини чеклайди. Ғарб мамлакатларидаги маълумотларни ҳимоя қилиш қонунларидан фарқли ўлароқ, Хитой қонунларида ҳукумат ёки ҳукмрон партия шахсий маълумотлардан фойдаланишини чеклаш ҳақида бир оғиз сўз йўқ.

Танқидчилар Пекинни Шинжон минтақасида уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга қарши репрессия кампаниясида жамоатчилик ҳақида тўплаган маълумотларидан фойдаланишда айблаб келади.

Апрель ойида Alibaba ширкати ўз платформаларидан фойдаланмоқчи бўлган сотувчиларга рақобатчилар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлагани ва бошқа қонунбузарликларга қўл ургани учун 2,8 миллиард доллар жаримага тортилди.

Пекин, шунингдек, технологик гигантларни ўз бойликларини ходимлар ва истеъмолчилар билан бўлишишга мажбурлаб, Хитойда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутни қисқартиришга уринмоқда.

Май ойида Didi, Meituan ва бошқа етказиб бериш ва юк ташиш корхоналарига ҳайдовчилардан олинадиган тўловларни камайтириш ҳамда уларга бериладиган имтиёзларни яхшилаш буюрилди. Meituan бош директори Ван Син экологик ва ижтимоий ташаббусларга 2,3 миллиард доллар хайрия қилишга ваъда берди. Tencent шираки раҳбари Ма эса хайрия ишларига 2 миллиард доллар ажратишни ваъда қилди.

Alibaba иш ўринларини яратиш, қишлоқларни ривожлантириш ва президент Сининг «умумий фаровонлик» кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун 15,5 миллиард доллар сарфлашга ваъда берди.