Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан Б.Исамовга нисбатан ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси.
Бундан ташқари, тергов давомида Яккабоғ тумани хокимининг ўринбосари М.Туймаевнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, унга нисбатан ЖКнинг 192[1]-моддаси 3-қисми “а” банди ва 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги “тилхат” эҳтиёт чораси қўлланилган.
"Жиноят иши қўзғатилишига, 2019 йил, 20 июлида Б.Исамов Яккабоғ туманидаги “Эски Яккабоғ” қўрғони кўчаларида ободонлаштириш ва қурилиш ишлари жараёнида туман ҳокимининг ўринбосари М.Туймаевнинг юз қисмига бензин сепиб, уни ёқиб юбориб, ўлдиришга суиқасд қилганлиги ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар асос бўлган" дейилади хабарда.
Бош прокуратурага кўра, Б.Исамов ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “г,л” бандлари билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, суднинг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида “қамоқ” қўлланилган.
Мамлакат прокуратурасининг хабар қилишича, Тергов давомида ўтказилган суд психология экспертизасининг хулосасига кўра, айбланувчи Б.Исамов мазкур жиноятни содир қилган вақтида кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида бўлган.
Юқоридагиларга кўра, айбланувчи Б.Исамовга нисбатан эълон қилинган айблов ЖКнинг 25, 98-моддасига қайта малакаланиб, қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси, “гаров” эҳтиёт чорасига ўзгартирилган.
Бош прокуратурага кўра, тергов давомида Яккабоғ тумани хокимининг ўринбосари М.Туймаевнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, унга нисбатан ЖКнинг 192[1]-моддаси 3-қисми “а” банди ва 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилинган ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги “тилхат” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бош прокуратуранинг хабар қилишича, жиноят иши 30 августда айблов хулосаси билан ЖИБ Яккабоғ тумани судига юборилган.
- Яккабоғ тумани хокимининг ўринбосари М.Туймаев қандай жазоланиши мумкин?
- Жиноят кодексининг 192-1- моддаси "Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш" жинояти назарда тутилган бўлиб, унинг "а" банди бўйича кўп миқдорда зарар етказган ҳолда деб малакаланади ва бу ҳолатда жазо қуйидагича белгиланган:
- "энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".
- Жиноят кодексининг 206- моддасида Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти назарда тутилган, модданинг 2- қисмида қуйидаги жазо белгилаб қўйилган:
- энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор Баҳриддин Исомов 20 июль куни кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини трактор билан бузмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган эди.
- Бу воқеа ҳақида биринчи бўлиб хабар берган Озодликнинг мақоласидан кейин туманнинг аввалги ҳокими Шоҳмурод Донаев, ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев ишдан олинганди.