Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Яккабоғлик тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ëқиб юборди (ВИДЕО)


Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Мансур Туймаев.
Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Мансур Туймаев.

Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборди.

Воқеа 20 июль куни маҳаллий вақт билан кечки соат бешларда юзлаб гувоҳ кўз ўнгида содир бўлди.

Яккабоғ туман ҳокимлиги¸ ички ишлар ва прокуратураси ходимлари 20 июль куни Яккабоғ посëлкасида шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Ички ишлар тизимининг йигирмага яқин ходими ҳамроҳлигида келган Яккабоғ ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев¸ бульдозерчи буйруғини бажармаганидан сўнг, ўзи бульдозерга чиқиб, уни ишлаб турган дўкон устига ҳайдаган.

Дўконини компенсация бермасдан бузмасликни сўраган тадбиркор¸ гапи инобатга олинмагач¸ Туймаевнинг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган. Ëна бошлаган ҳоким ўринбосарини атрофдагилар тепиб-тепкилаб ўчирган¸ у дарров касалхонага олиб кетилган.

Ҳокимият бедодлигига шу тарзда норозилик билдирган тадбиркор¸ унинг ўғли ва хотини эса¸ дарҳол ИИБга олиб кетилган.

Гувоҳлар ҳикояси

Яккабоғ туманининг "Обод маҳалла" дастури лойиҳасида бузилишга тушган Яккабоғ посëлкасида 20 июль куни рўй берган воқеа ҳақида бир-биридан мустақил ўнга яқин яккабоғлик Озодликка хабар¸ сурат ва видео йўллади.

Мансур Туймаевнинг одамларни уйидан чиқариш учун куннинг истаган пайтида келиб¸ босим қилгани айтилади.
Мансур Туймаевнинг одамларни уйидан чиқариш учун куннинг истаган пайтида келиб¸ босим қилгани айтилади.

Ҳоким муовини Мансур Туймаев Яккабоғ посёлка қишлоғида ҳам ўз ҳунарини кўрсатди. Бир магазин эгаси¸ банкдан катта кредити борлиги учун¸ дўконимни пулини бермай бузмайсизлар¸ деди. Бунга жаҳл қилган Туймаев ўзи бульдозерга ўтириб олиб¸ бузмоқчи бўлди. Дўкон эгаси туш бульдозердан¸ ҳозир ёқиб юбораман¸ деди. Аммо ҳоким муовини писанд қилмай бульдозерни ҳаракатга келтирди. Бундан жаҳли чиққан дўкон эгаси Туймаевнинг устига бензин сепиб¸ гугуртни ёқиб отиб юборди. Ва бирдан кабина ичи оловга тўлиб¸ одамлар ёнаётган ҳоким муовинини ўчириб қолишди. Кейин шифохонага олиб кетишди”¸ деб ëзди Озодликка воқеа гувоҳларидан бири.

Озодликка бу хабарни етказган яна бир воқеа гувоҳи¸ ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев¸ ойлардан бери Яккабоғ посëлкаси аҳлини уйи ва дўконидан ҳайдаб¸ халқ тоқатини тоқ қилганини айтади.

Кўчаларимиз "Обод маҳалла" дастурига тушган. Бу маҳалладаги уйлар ва дўконлар сносга тушган. Бу ҳақда апрель ойидан бери оғзаки огоҳлантириш берилган. Лекин қонунда кўзда тутилган қоидаларни четлаб ўтиб¸ на бир компенсация¸ на тенг миқдорли уй-жой ëки дўкон бермай¸ бузасанлар деб туриб олишаяпти. Туймаев деганлари одамларни жонидан тўйдириб юборди. Шанба куни экскватор олиб келиб¸ икки қаватли янги қурилган дўконни буз¸ деди. Ҳайдовчи¸ бузмайман¸ деди. Дўкон ишлаб турувди¸ ичида ҳамма моли турипти¸ тепасида тикув цехида одамлар ишлаяпти. Буни кўриб¸ дўкон эгаси Баҳриддин ака “қилма бу ишни” деди. Ҳоким ғўдайиб бульдозерга чиқиб¸ ўзим бузаман¸ деди. Баҳриддин ака 2 литрли баклажкага солинган бензинни олиб чиқтида¸ бульдозерда ўтирган ҳоким ўринбосарининг устига сепиб юборди. Кейин гугурт чақиб¸ устига отувди¸ Туймаев ëниб кетди. Одамлар уни бульдозердан тушириб¸ тепиб-тепиб ўчиришди¸ мелисалар бўлса¸ Баҳриддин акага ëпишди”¸ дейди воқеанинг бевосита гувоҳларидан яна бири.

Воқеанинг учинчи гувоҳи¸ Яккабоғда аҳоли уйлари ва дўконларининг бузилиши бедодлик ва коррупцияга айланиб кетганини айтади.

Яккабоғ посёлка қишлоғини бузганига 2 йил бўлди. Ҳеч нима қургани йуқ. Янги келиб кўрган одамга худди ҳамма жойига бомба тушган қишлоққа ўхшаб қолган. Икки йилдан буён дўконларни бузиш ишлари кетаяпти¸ лекин ўрнига ҳеч нарса қурилгани йуқ. Одамларни сарсон қилиб тирикчилик қилиб турган дўконларидан айириб¸ бузиб ташлашаяпти. Мақсад обод қилиш эмас¸ одамлар яшаб-ишлаб турган ерларни қайтадан кимларгадир сотиш. Ҳоким, бозорқўм, қурилиш муовини, архитектура бўлими - булар ҳаммаси халқни эзиб, дўконларини бузиб¸ катта пул қилаяпти”.

Озодликка юборилган видеоларда ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевнинг айнан Яккабоғ посëлкасида яшовчилар билан бу воқеа арафасидаги тортишувлари акс этган.

Ëқиб юборилган ҳокимият вакили ва халқ ўртасидаги зиддият
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:42 0:00

Унда дўкон ва уйи бузилиши буюрилганларнинг Туймаевни коррупцияда айблаши¸ бундай қонунсизликлар халқни кўтарилишга мажбур қилиши айтилади.

Яккабоғликлар¸ ҳоким ўринбосарининг ëнаëтгани акс этган видео ҳам борлиги¸ аммо туман ва вилоят ИИБ ходимлари¸ гувоҳларни бу видеони чиқариш оқибатидан қўрқитгани боис¸ уларни юборишга ҳозирча журъат қилмасликларини билдирди.

Тадбиркор қамоқда

Яккабоғ туман ҳокимлиги¸ ички ишлар ва прокуратураси ходимлари 20 июль куни Яккабоғ посëлкасида шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Бу ишни туман прокуратураси кўраяпти. Ўт қўйган тадбиркор Қаршига олиб кетилган¸ ҳозир қаерда сақланаëтганидан хабарим йўқ. Бизнинг ИИБда ремонт бўлаяпти¸ бу ерда ҳозир ҳеч ким йўқ”¸ деди туман ИИБси хизматчиси.

Туман прокуратураси вакили бу воқеа юзасидан жиноят иши очилгани ва ҳозирда тергов бўлаëтганини тасдиқлади¸ тафсилотларини ишни олиб бораëтган терговчидан сўрашни тавсия қилди. Кун давомида бу терговчи билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Яккабоғ туман ҳокимлиги расмийси ҳам Туймаевнинг касалхонага ëтқизилганини тасдиқлади. Озодликнинг бу воқеа¸ хусусан¸ халқни бу қадар “жонидан тўйдириб юборган бузилишлар” ҳақидаги саволига Яккабоғ туман ҳокими Шомурод Донаев¸ “меҳмонлари борлиги сабаб” жавоб бера олмаслигини билдирди.

Ички ишлар тизимига яқин маҳаллий мулозим Мансур Туймаевнинг касалхонада олинган суратларини юборди.

Мансур Туймаевнинг касалхонада олинган суратларидан унга жиддий шикаст етмагани кўрилади.
Мансур Туймаевнинг касалхонада олинган суратларидан унга жиддий шикаст етмагани кўрилади.

Улардан устига бензиб сепиб ëқиб юборилган ҳоким ўринбосарига жиддий шикаст етмагани кўрилади.

Оддий яккабоғликлар¸ тадбиркорга бериладиган жазонинг кескинроқ бўлишини таъминлаш учун¸ ҳоким ўринбосари жароҳатини амалдагидан кўра бўрттиришини тахмин қилмоқда.

Тадбиркорга нима бўлди?

Воқеанинг кейинги тафсилотларидан хабардор яккабоғлик мулозимнинг айтишича¸ ҳоким ўринбосарига ўт қўйган тадбиркор¸ унинг ўғли ва хотини дарров ҳибсга олинган.

Баҳриддин аканинг ўғлиниям¸ хотининиям олиб кетишди.Телефонлариниям олиб қўйишган. Ҳамма қўрқиб ëтибди - аралашсак бизни ҳам қамаб қўяди¸ деб. Яккабоғни ҳозир келиб кўрадиган бўлсангиз¸ бутун Қашкадарë милицияси шу ерда”¸ дейди ҳоким муовинига ўт қўйган тадбиркор маҳалладошларидан бири.

Бир кун олдин шу жанжал бўлмасин¸ деб Баҳриддин ака аёлларини ҳокимнинг олдига юборганди. Лекин ҳокимдан ижобий натижа бўлмагандан сўнг шу ишни қилибди. Хотини ва болаларини қўйиб юборишибди. Ўзини Қаршига опкетган¸ дейишаяпти. Ўзиниям¸ ўғлиниям тонггача уришипти”¸ деди воқеа тафсилотидан яхши хабардор яккабоғликлардан бири.

Озодлик ҳозирча тадбиркор яқинлари билан бевосита боғланиб¸ тафсилотларни уларнинг ўзидан ўрганишга муваффақ бўла олмади.

Яккабоғни мелиса босди

Озодлик билан 22 июль куни гаплашган яккабоғликлар бир-биридан мустақил ҳолда¸ туманда ички ишлар ходимлари кескин кўпайиб кетганини айтдилар.

Уларнинг айтишича¸ 20 июль кунги воқеадан сўнг¸ бузилишга тушган уй ва дўконларни ҳозирда милиция ходимларининг ўзлари бузмоқда.

Айни пайтда¸ воқеани тафтиш қилиш учун махсус комиссия келган.

Текшир-текшир бўлиб ётибди. Бечора тадбиркор хам дўконидан айрилди, хам эркинлигидан, ҳам бола-чақасидан... Аммо текширувга келган ички ишлар ётиб олиб қўйни сўйдириб зиёфат қилаяпти. Уларга шунақа жиноят иши бўлса бўлди. Жиноят содир бўлган жой ўзиям дам оладиган маскан, Ички ишларнинг келмаганиям қизиқиб келади¸ борайликчи бир дам олиб келамиз деб”¸ дейди 22 июль куни Озодлик гаплашган яккабоғликлардан бири.

Вилоят ички ишлар бошқармаси Озодликнинг 20 июль кунги воқеа¸ бу юзадан бораëтган тергов жараëнига оид саволини жавобсиз қолдирди.

"Мирзиëев давридаги бузилишлар - гуманитар бўҳронга айланди"

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг бутун Ўзбекистоннинг улкан бузилиш майдонига айлангани кўрилади.

"Обод қишлоқ"¸ "Обод маҳалла"¸ турли хил City қуриш иддаолари билан бутун мамлакат бўйлаб шаҳар ва туман марказларида минглаб аҳолининг уй-жойи ва тадбиркорлик объектлари бузилмоқда. Шаҳар ва туман марказларидаги энг қиммат ерларнинг¸ ободонлаштириш иддаоси билан улар эгаларидан маъмурий босим ва зўравонлик билан тортиб олиниши¸ ерга хусусий мулкчилик жорий этилиши муҳокама қилинаëтган бир кезда бормоқда.

Аксар ҳолларда аҳоли ва тадбиркорлар¸ қонунда кўзда тутилган нормаларга зид равишда¸ бузилаëтган мулкига тенг миқдордаги компенсация тўланмай¸ кўчага ҳайдалмоқда.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилотининг Марказий Осиë бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда айнан шу қурилишлар¸ янги ҳукумат даврида инсон ҳақларининг энг қўпол ва оммавий тарзда бузилишига сабаб бўлаëтганини айтган эди.

Ижтимоий тармоқлардаги фаол ўзбекистонликларнинг "Биз бузилишларга қаршимиз"¸ деб номланган гуруҳи бу жараëнни Ўзбекистонда йўқ жойдан махсус яратилган "гуманитар катастрофа" деб атади.

"Бу бир қарашда жуда кескин ва ғалати эшитилиши мумкин¸ аммо вазият шундай. Дунë бўйлаб гуманитар катастрофа деганда¸ одамларнинг зилзила¸ цунами¸ сув тошқини ëки душман бомбардировкаси оқибатида ўз уйи ва шаклланган ҳаëт тарзидан ажраши тушунилади. Ўзбекистонда эса одамлар президентнинг сафари¸ ëки унинг қандайдир оғзаки буйруғи ва баëнотлари¸ маҳаллий ҳокимларнинг мавҳум қарорлари оқибатида уйидан ажрамоқда. Менимча¸ айни кунларда ўзбекистонликлар бошидан ўтказаëтган стресс¸ инсонга бўйсунмайдиган ташқи омиллар ëки ташқи душман ҳаракати оқибатида уйидан ажараганлар стрессидан кўра кучлироқдир. Бизнинг вазиятимизда душман омили - ички фактор. Булар ўз амали ва қонун бўйича ҳақларимизни ҳимоя қилиши лозим бўлган одамлардир. Бундай воқеликни қабул қилиш эса¸ жуда оғир. Албатта¸ агар одамлар ўлими билан ҳисобланса¸ гўëки бизда бузилишлар оқибатида одамлар ўлмаяпти¸ демакки катастрофа ҳақида гапириш ўринсиз. Аммо ҳаëти узлуксиз стрессга айланган ва асаб толалари таранг одамлар ҳаëти билан ўлчанса¸ бу¸ шубҳасиз¸ катастрофадир"¸ дейилади Facebookдаги "Биз бузилишларга қаршимиз" гуруҳида қолдирилган постда.

22 июль куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги бу бузилишлар даврида аҳолига берилиши шарт бўлган товон пулларини тўлашда улкан қарздорлик мавжудлигини эътироф этди.

Вазирлик баëнотида¸ аҳолига берилмаган пулларнинг 300 миллиард сўми айнан Тошкент шаҳри ва вилояти¸ Фарғона¸ Наманган ва Қашқадарë вилояти ҳиссасига тўғри келиши билдирилди.

XS
SM
MD
LG