Ҳоким муовинига ўт қўйган тадбиркор дўконини ҳокимлик таъмирлаб берди

Тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони. Сурат 26 август куни олинган.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман ҳокимлиги тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони ва цехини бепул таъмирлаб берди.

Тадбиркорнинг таъмирдан чиққан цехи ишга тушгани, дўкони ҳам яқин кунларда очилиши кутилаётгани Озодликка 26 августда маълум бўлди.

Исомовнинг ўзи кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевнинг устига бензин сепиб, ëқиб юборгани учун ҳибсга олинганди.

Ўша воқеадан сўнг Тошкентга олиб кетилиб, устидан жиноят иши очилган Исомов ҳануз пойтахтда ҳибсда ушлаб турилгани айтилаяпти.

Сўнгги маълумотга кўра, Исомов суд-психиатрия экспертизаси натижасида руҳий соғлом деб топилган.

Мавзуга алоқадор Яккабоғлик тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ëқиб юборди (ВИДЕО)

26 август куни Озодликка маълум бўлишича, яккабоғлик тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг цехи ва дўкони туман ҳокимлиги томонидан бепул таъмирлаб берилган. Бу ҳақда Озодликка Исомовлар оиласига яқин манба хабар қилди.

Баҳриддин Исомовнинг дўкони Эски Яккабоғ посёлкасида жойлашган.

“Ўша воқеанинг эртасига Исомовнинг дўкони ва цехидаги барча нарсаларни кўчага олиб чиқиб ташлашганди. Бузишга тайёрлаб қўйишганди. Лекин кейинги кун, президентнинг гапидан сўнг, дўкон билан цех бузилмай қолди. Ўша пайтда бинонинг фасад томони сувоқлари бузиш олдидан қириб ташланган эди. Кейин туман ҳокимлиги цех билан дўконни қайта реконструкция қилиб берди. Фасад қисмини ўзгартириб, чиройли қилиб қўйишди. Бепул қилиб беришди. Ҳозир цехи ишлаяпти. Дўкони ҳам яқин кунларда ишга тушади”, деди Исомовлар оиласига яқин, исми-шарифи эълон қилинишини истамаган яккабоғлик. У тадбиркор Исомовнинг дўкони ва цехининг ҳозирги кўринишини суратга олиб, Озодликка йўллади.

Тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони

Яккабоғ туман ҳокимлиги мулозими тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони ва цехи таъмирланганини тасдиқлади. Бироқ таъмир учун кетган ҳаражатлар миқдорини очиқламади.

“Вилоят ҳокими тадбиркор Исомов оиласи билан учрашганда товон пули ундирилишини ҳам ваъда қилган. Ҳаммаси қонуний ҳал бўлаяпти” деди ҳокимлик мулозими.

Яккабоғликларнинг Озодликка айтишича, Эски Яккабоғ посёлкасидаги бузилиши режалаштирилган дўконларнинг деярли ҳаммаси бузилмайдиган бўлган.

“Фақат жуда эски дўконларни бузиб, қайта қуриш айтилди. Лекин ўша воқеа сабаб Эски Яккабоғдаги бузилиши режалаштирилган барча дўконларни бузмайдиган бўлишди. Ҳозир ҳамма тадбиркорлар дўконларини таъмирлаб, қайта ишга тушираяпти. Дўкони бузилганларга компенсация беришни ҳам бошлашди”, деди яккабоғликлардан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Қуйидаги видеода Эски Яккабоғ посёлкасида бузилмай қолган дўконлар акс этган:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Эски Яккабоғ посёлкасидаги бузилмай қолган дўконлар

Ўтган ой Ўзбекистон Бош прокуратураси Баҳриддин Исомов Тошкентда суд-психиатрия экспертизасидан ўтказилаётгани ҳақида хабар қилганди.

Ушбу хабар берилганига қарийб бир ой бўлаётган бўлсада, экспертиза натижаси борасида бирорта расмий маълумот эълон қилингани Озодликка маълум эмас.

Исомовлар оиласига яқин манбанинг айтишича, экспертиза натижасига кўра, тадбиркор ақли расо дея топилган.

“Баҳриддин Исомов ўша воқеа содир этилган вақтда ўз ҳаракатларини бошқара оладиган, ижтимоий хавфлилик даражасини ҳис қиладиган, руҳий соғлом бўлган”, деб хулоса беришган экспертиза натижасида. Уни ҳали ҳам Тошкентда ҳибсда ушлаб туришибди дейишди уйидагилар” деди яккабоғлик.

Айни пайтда Яккабоғ ҳуқуқ-тартибот идоралари "Баҳриддин Исомов ҳануз Тошкентдами ёки вилоятга қайтарилганми" деган Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Баҳриддин Исомовга нисбатан очилган жиноят ишини Яккабоғ туман прокуратураси ўрганмоқда.

Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш)нинг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳоким муовинига ўт қўйган тадбиркор дўконини ҳокимлик таъмирлаб берди

  • 20 июль куни тадбиркор Баҳриддин Исомов кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳокимият вакилининг ëқиб юборилиш саҳнаси

  • 27 июль куни ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Яккабоғ туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.
  • Президент девони ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хабар қилишича, ҳодиса ортидан ​"туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган".