Ўқувчининг жасади каналдан топилди. Яқинлари иддаосича, бола мактабда ҳақоратлангани сабаб ўз жонига қасд қилган

Иллюстратив сурат. Озодликка келаëтган хабарлардан¸ Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг кўпайиб бораëтгани кўрилади.

Қашқадарёда Қарши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи магистрал каналидан 15 ёшли ўқувчининг жасади топилди.

Воқеа Қарши туманининг "Дашт" маҳалласида 19 октябрь куни рўй берди.

Марҳум ўқувчининг онаси ва синфдошининг иддаосига кўра, мактабда ўқитувчилар тарафидан хўрланиши ва калтакланиши ортидан бола ўзини каналга ташлаб, жонига қасд қилган.

Мактаб раҳбариятидан воқеа юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Қарши туман Ички ишлар бўлими ўқувчи ўлими юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини айтди.

Ўлиги дарёдан топилган ўқувчининг онаси Ҳ.Хнинг даъво қилишича, 9-синф ўқувчиси бўлган ўғли Р.А. мактабга телефон олиб келгани учун муаллимлари томонидан ҳақоратлангани ва калтакланганидан сўнг ўзини Қарши магистрал каналига ташлаган:

Ўқитувчилар "нега мактабга телефон олиб келдинг", деб синфдошлари орасида "жалаб", деб ўғлимга қаттиқ босим қилишган, уришган, телефонини олиб қўйишган. Кейин у ўзимни каналга ташлайман, деб мактабдан чиқиб кетган

- Мен пахтага чиқяпман, дадаси Россияда. Ўғлим кичкина укасини боғчага олиб боради, шунинг учун унга телефонни бериб қўйгандим. Ўша куни ўқитувчилар "нега мактабга телефон олиб келдинг", деб синфдошлари орасида "жалаб", деб ўғлимга қаттиқ босим қилишган, уришган, телефонини олиб қўйишган. Кейин у ўзимни каналга ташлайман, деб мактабдан чиқиб кетган. Менга устози телефон қилиб бу ҳақда айтди. Канал бўйига борсам сумкаси билан велосипеди турибди, болам йўқ. Қутқарувчилар келиб боламни ўлик холда топиб беришди.

Ўлиги дарёдан топилган ўқувчининг синфдошларидан бири боланинг мактаб ўқитувчилари томонидан калтакланганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Синф раҳбаримиз ва директор ўринбосари телефон устида урди. Ёқасидан ушлаб, судраб актовий залга олиб кетишди. Кейин юзини чап томони қизарган, йиғлаб юрувди. Бундан олдин қизларни олдида, синфдошларини олдида уялтирувди-да. Онасини мактабга чақиртиришди. Онаси келган пайт, "ўзимни ўлдираман", деб канал бўйига қочиб кетди. Борсак, ўзини ташлаб бўлибди.

Бола мактабда калтакланганини у ўқиган ​7-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиларидан бири ҳам Озодликка тасдиқлади.

Маъмуот сиздиргани учун жазоланишдан чўчиб, исми сир қолишини сўраган ўқитувчига кўра, туман Ички ишлар бўлими ва прокуратура ходимлари мактабда ўқувчи ўлими юзасидан муаллимларни сўроқ қилган.

Озодлик мактаб ўқувчисининг ҳақоратлангани ортидан ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги иддаолар юзасидан ​7-сон умумтаълим мактаби раҳбариятидан изоҳ ололмади. Озодлик мухбири 26 октябрь куни мактаб раҳбарларининг мобил телефонларига бир неча бор қўнғироқ қилиб, улардан бирортаси билан боғлана олмади.

Ички ишлар бўлими ходими мактаб ўқувчисининг ўлими юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бораётганини Озодликка маълум қилди.

Озодликка келаëтган хабарлардан¸ Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг кўпайиб бораëтгани кўрилади.

Сўнгги олти ой ичида Озодлик ёшларнинг ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилди.

Шу йилнинг 24 сентябр куни Сурхондарёнинг Бойсундаги Қишлоқ хўжалиги ва транспорт коллежи ўқувчиси уйи молхонасида осилган холда топилди.

Курсдошларининг иддаосига кўра, ўқувчи коллеж раҳбарларининг ҳақорати ортидан ўзини осган.

17 сентябрь куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 4-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси уйи айвонида осилган ҳолда топилди.

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ қизнинг отаси Россия¸ онаси эса Бирлашган Араб Амирликларига ишлашга кетган, қиз эса бувисиникида яшаган.

9 апрель куни Озодлик Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 16-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси ўзини осгани ҳақида хабар берган эди.

Шу ой бошида Озодлик Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йил октябридан буён “бир неча ўн ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилган”ини аниқлаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрдаги ҳукумат мажлисида мамлакатда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётганини айтганди.

Жорий йилдан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, унда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.