Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:28

Cамарқандда яна бир мактаб ўқувчиси ўзини осди


Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 10-синф қизбола ўқувчисининг жасади 26 февраль куни кечки пайт ўз уйида топилган.

Марҳума яқинларининг ўқувчи қиз синфдошлари гапига таяниб иддао қилишича, ўша куни мактаб директори синфдошларининг олдида унинг юзига тарсаки тортганидан сўнг у уйига келиб, ўз жонига қасд қилган.

Туман халқ таълими бўлими мудири бу иддаони инкор қилар экан, мактаб директори бу воқеа содир бўлишидан тўрт кун аввал ишдан бўшатилганини айтди.

Пастдарғом туманининг Ҳиндибой маҳалласида жойлашган 13 - умумтаълим мактабининг 10-синф қизбола ўқувчиси У.Х. ўз жонига қасд қилгани ҳақида марҳума маҳалладошларидан бири Озодликка хабар қилди:

“Жуда ҳам яхши, одобли қиз эди. Ўша куни мактабдан қайтганидан сўнг ўзини осган. Ҳамма шокка тушиб қолди. Айтишларича, мактабда директор синфдошлари олдида уни урган экан”.

Исми сир қолишини сўраган марҳума қариндошларидан бирининг айтишича, қизнинг отаси бўлган воқеани суриштириш ва қизининг ўлимига сабаб бўлганларни жазога тортишни сўраб туман прокуратурасига мурожаат қилган:

“Ўша куни қизнинг синфдошлари бўлган воқеани қизнинг отасига айтиб берган экан. Энди бу болаларни кимдир қаттиқ қўрқитган ёки босим ўтказган. Қиз отасининг айтишича, ўқувчилар аввалги берган кўрсатмаларидан қайтиб, ҳеч нарса кўрганимиз йўқ, деяпти экан. Шунинг учун ота бу воқеани текшириш учун туман прокуратурасига ариза ёзган”

Аммо, Пастдарғом тумани халқ таълими бўлимининг мудири Дилмурод Маматқулов директор ўқувчини урганини инкор қилди:

“Бу иддаолар нотўғри, чунки мактаб директори Дилрабо Абдураззоқова бу воқеадан тўрт кун олдин ишдан олинган эди. Мен ўзим суриштирдим, бу ҳолатнинг мактаб билан боғлиқлик томони йўқ”.

Озодлик Пастдарғом тумани прокуратурасидан бу воқеага муносабат ололмади.

Ўзбекистонда ёшлар, айниқса мактаб, коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Ўтган уч ой давомида Озодликка билдирилган ана шундай еттита воқеа ҳақида хабар берилди.

24 февраль куни Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги 11-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси ўз уйи айвони тўсинига осилган ҳолда топилди. 16 ёшли қизнинг ўз жонига қасд қилишга олиб келган сабаб ва мотивлар ҳозирча маълум эмас.

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 9-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган бола 7 февраль куни уйидаги молхонада осилган ҳолда топилди.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида коллеж ўқувчиси бўлган 17 ёшли қиз ўз уйида осилган холда топилди. 22 январ куни рўй берган ушбу ҳодиса ҳақида Озодликка марҳумнинг курсдошларидан бири 31 январь куни хабар қилди.

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида осилган ҳолда топилган.

15 январда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-босқич талабаси осилган ҳолда топилди. Курсдошларининг Озодликка айтишича, талаба ўзини ўзи осган бўлиши мумкин.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йил 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG