Қозоғистонда 10 январь куни парламент сайловлари ўтказилмоқда. Сайловда бирорта ҳам мухолифат партияси иштирок этмаяпти.
Собиқ авторитар президент Нурсултон Назарбоевнинг 1999 йилдан бери ҳукмрон бўлиб келаётган «Нур Отан» (Нурли ватан) партияси парламентнинг қуйи палатаси бўлмиш Мажлисда ўз мавқесини сақлаб қолиши кутилмоқда.
Сайловда «Нур Отан» билан бир қаторда ҳукуматга содиқ яна тўртта сиёсий партия – «Адал» (Одил), «Ауил» (Овул), «Оқ жол» (Оқ йўл) ва «Халқ партияси» қатнашмоқда.
Ўзини мухолифат партияси ўлароқ кўрсатиб келаётган «Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси» ноябрь ойида сайловни бойкот қилишини эълон қилган эди.
Партия раҳбари Асхат Раҳимжанов бу қарорга Қозоғистон сиёсий саҳнасида «ўша-ўша» сиёсий элита ҳукмронлиги давом этаётгани туртки бўлганини айтган.
Сайлов ҳақиқий рақобатсиз ўтаётгани Қозоғистонда кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар содир бўлишини кутган ҳамкор давлатлар умидларини пучга чиқарди.
Шунга қарамай, айрим таҳлилчилар давомийлик мамлакатни хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур бўлган барқарорлик билан таъминлашини айтишмоқда. Қозоғистоннинг нефть, газ ва кон қазиш соҳалари инвестицияга муҳтождир.
Бугунги сайлов Назарбоев 2019 йилда истеъфо берганидан бери Қозоғистонда ўтказилаётган илк парламент сайловидир. Мамлакатни ўттиз йил бошқарган Назарбоев 2019 йил лавозимини тарк этди ва ўзи танлаган номзод Қосим-Жўмарт Тоқаев мамлакат президенти бўлди.
Назарбоев президентликдан кетганига қарамай, мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнашда давом этмоқда. У қудратли Хавфсизлик кенгашининг раҳбари бўлиб, элбоши сифатида деярли чексиз ваколат ва иммунитетга эгадир.
«Ушбу сайлов кампанияси аввалгилардан фарқ қилмайди: айни қоидалар, айни қонун, айни тартиблар, айни сиёсий партиялар», - деди Раҳимжанов.
Халқаро сайлов кузатувчиларининг айтишича, Қозоғистонда бундан олдин ўтказилган сайловлар на эркин, на адолатли бўлган. Кузатувчилар сайловлар давомида қаллобликларга қўл урилгани, мухолифат номзодларига босим ўтказилгани ва эркин матбуотга чекловлар қўйилганини айтиб келадилар.
Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат сиёсатчилари Қозоғистон расмийларини сўнгги ойларда мухолиф сиёсий гуруҳларни расмий равишда рўйхатдан ўтказишдан бош тортганликда айблаб келадилар. Уларнинг сўзларига кўра, бу чора мухолиф партияларнинг сайловларда қатнашишига йўл қўймаслик учун ҳукумат ўйлаб топган ҳийла-найрангдир.
Сўнгги ҳафталарда Қозоғистонда ўнлаб фаол қамоққа олинди.
Номзод партиялар парламентдаги 107 ўриннинг 98 таси учун курашмоқда. Қолган тўққиз ўринни ким эгаллаши Қозоғистон Халқ Ассамблеяси томонидан белгиланади.
Ассамблеяга Назарбоев раис бўлиб, у Қозоғистондаги этник гуруҳлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган.
Қозоғистондаги сўнгги парламент сайловлари 2016 йилнинг март ойида бўлиб ўтган эди.