Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:03

Қўқонда таровеҳга борган ўқувчи 1 миллион сўмлик жаримадан огоҳлантирилди


Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг ўқувчиси 29 июнь куни таровеҳ ўқиш учун борганида шаҳардаги Жоме масжидига қўйилмаганидан шикоят қилди. Коллеж ўқувчиларининг мурожаати ортидан Озодлик мухбирининг аниқлашича, шаҳарда бу йилги Рамазонда ҳам мактаб ва коллеж ўқувчиларининг масжидда ўқиладиган жума ва таровеҳ намозларига қатнашига тақиқ қўйилган.

Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг 2-босқичида ўқийдиган ўқувчи 29 июнь куни оқшом шаҳардаги жоме масжидига киритилмаганини айтиб, Озодликка боғланди.

Унинг айтишича, у намозга маҳалладош синфдошлари билан бирга борган ва масжид остонасиданоқ нотаниш кимсалар томонидан қайтарилган.

- Кечқурун борсак, масжид эшиги ёнида турган оддий кийимдаги икки киши тўхтатди. Кимсан, ёшинг нечада, деб сўради ва кейин ўқувчиларга таровеҳга келиш мумкинмас, агар яна келсанг 1 миллион сўм жарима соламиз, яна келсанг қамаймиз, деб қўрқитди. Қарасак, катталар индамай кириб кетишаётган эди, биз ҳам қайтиб келавердик,- дейди исмини сир сақлашимизни сўраган қўқонлик ўқувчи.

Унинг айтишича, масжид олдида туриб ўқувчиларнинг йўлини тўсаётган нотаниш шахсларнинг кимлиги билан масжидга келаётган катта ёшли намозхонлар ва масжид ходимлари ҳам "қизиқмаган".

Озодликнинг Фарғона водийсидаги манбаси бу мурожаатдан сўнг Қўқон Жоме масжидига боғланди.

Масжиднинг ўзини таништирмаган ходими мактаб ва коллеж ўқувчиларининг жамоат намозларига қатнови тақиқланганини билвосита тасдиқлади. Аммо, масжид эшиги олдида нотанишлар ўқувчилар йўлини тўсаётган кишилар пайдо бўлганидан бехабарлигини айтди.

"Бизнинг масжидда шунақа бўлибдими? Биз эса намозда бўлганмиз, кўрмадик унақа нотаниш кишиларни. Лекин аслида болалар дарсдан қолмасин, деган гаплар қилинаяпти. Таровеҳ намозлари ҳам кеч ўқилаяпти, болалар чарчаб қолса, эртаси куни ўқишида ҳам қийналадида. Шунинг учун, уйда ота-онангиз билан ўқинг, деган гаплар қилинаяпти", деди Озодлик манбаси билан суҳбатлашган Жоме масжиди ходими.

"20 ёшга тўлмаганлар масжидга қўйилмасин" деган талаб борми, бўлса кимдан, деган саволга Қўқондаги масжид ходимидан шундай жавоб олинди:

"18 ёшдан кичиклар келмасин, деган гаплар бор. Ҳали айтганимдай, дарсдан қолмасин, деган мақсадда", деди масжид ходими.

Аммо, масжид дарвозасини қоровуллаётганлару, ўқувчиларнинг масжиддаги ибодатини тақиқлаётганлар шаҳар Ички ишлар бошқармасидан эканига аниқ ишорат берди.

"Болалар тинчгина уйида намозини ўқиса яхшида, хотиржамроқ бўлади. Биз энди ўқувчиларни масжидга жалб қилолмаймизда", деди ожизона тавсиясини тилга келтирган Қўқон шаҳридаги масжид ходими.

Сўнгра Озодлик мухбири Қўқон шаҳридаги қатор касб-ҳунар коллежлари маъмуриятларига боғланди.

Коллежлардан бирининг директори мухбир билан микрофонсиз суҳбатда ўқувчиларнинг масжидда таровеҳ намозларига қатнаши уларнинг шу кунларда давом этаётган сессиядан ўтишига салбий таъсир ҳақида гапирди.

"Ҳозир давлат имтиҳонлари бўлаяптику. Ярим кечагача намозда юрса, эртаси куни келиб имтиҳонни қандай топширади. Ҳозир коллеж ҳар бир ўқувчига жавобгар, намозга бормасин, ўқишини ўқисин аввал!" деди Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар коллежининг исмини ошкор қилмаётганимиз раҳбари.

Бу раҳбарни, ҳаттоки ўқувчиларнинг масжидга намозга қатнаши масаласи кўтарилиши ҳам жунбушга келтирди:

"Ҳозир вояга етмаганларнинг ҳимояси тўғрисида қонун чиққанку, ўшанга кўра вояга етмаганларнинг оқшом соат 10 дан кейин умуман кўчага чиқиши мумкин эмас. Бунинг устига ҳозир замонни кўриб турибсиз, ахборот хавфсизлиги, деган нарсалар бор. Ярим кечада кўчада нима қилади ёлғиз юриб?! Уйида ўқисин намозини тинчгина!" деди ўқувчиларнинг масжидда намоз ўқишидан норозилигини яширмаган коллеж раҳбари.

Қўқон шаҳри марказида бир неча йирик масжид бор ва қўқонлик намозхонларнинг айтишича, мактаб ўқувчиларининг жума ҳамда таровеҳ намозларига қўйилмаслиги йиллардан буён кузатилади.

Аммо, мактабни битириб, коллежларда ўқиётган ўқувчиларнинг Таровеҳ намозига қўйилмаслиги бу йил кузатилаётгани айтилмоқда.

Қўқон шаҳар ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармаларидан бу борада ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, 20 ёшгача бўлган ўсмир йигитлар таровеҳ намозига қатнаса, 1 миллион сўм миқдорида жаримага тортилиши ёки 15 суткага ҳибс қилинишига оид шикоятга ҳам бирор расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсидаги йирик шаҳарларда жойлашган масжидларга болаларнинг қатнашига рухсат берилмай келмоқда.

Шунингдек, 2013 йилги Рамазон ойида Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг жума намозларига бормасликлари учун дарс соатлари узайтирилгани, айрим мактаб ўқитувчилари масжидлар олдида навбатчилик ҳам қилгани кузатилди.

Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқув ишлари бўйича мудири "Ўқитувчилар, маънавиятчилар масжидга бориб, кузатади. Жума кунлари жуда қаттиқ давоматни оламиз. Ота-оналари масжидга борадиганлар бизда ҳаммаси учётда" деган эди.

Ўзбекистонда нафақат мактаблар, балки олий ўқув юрти ва махсус таълим муассасалари талабаларининг ҳам масжидларга боришлари қаттиқ назорат қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати расмийлари бу чекловларини билвосита тан оладилар ва буни ёшларнинг турли диний оқимларга берилиб кетишини олдини олиш мақсади билан изоҳлайдилар.

XS
SM
MD
LG