Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

Андижон саунаси ахлатхонасидан бўғиб ўлдирилган чақалоқ топилди


Чақалоқ мурдасини ахлат солинган целлофан пакетларни тозалашга келган фаррош аëллар топган.
Чақалоқ мурдасини ахлат солинган целлофан пакетларни тозалашга келган фаррош аëллар топган.

Озодликка воқеа гувоҳларининг маълум қилишича¸ душанба куни андижонликлар орасида “Корейский сад” номи билан танилган микрорайондаги машҳур сауна олдига қўйилган ахлат қутисидан туғилиши билан бўғиб ўлдирилган чақалоқ мурдаси топилган. Тергов давомида¸ боланинг онаси ва қотили шу сауна ошхонасида ишловчи қиз экани аниқланган.

“Воқеа 27 октябрь куни бўлган. Эрталаб соат 10 ларда “Корейский сад” даги боксëр Илҳомнинг саунаси олдидаги ахлат қутисини тозалашга келган лўли хотинлар қутидан иккита салафан пакет олишибди. Биттасига пўчоқ солинган экан¸ иккинчисини бўшатишса¸ ичидан туалет қоғозга ўралган чақалоқ мурдаси чиқипти. Фаррош хотинлар дарров дод-вой қилиб¸ маҳаллақўм ва участковойни чақиришипти”¸ дейди Озодликка воқеа тафсилотларини ëзиб юборган андижонлик манба.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича¸ шаҳарликлар орасида “Корейский сад” (асли қорининг боғи¸ руслар истилосидан кейин корийский сад¸ кейинчалик корейский сад бўлиб кетган – таҳр.) деб танилган микрорайондаги бу сауна шаҳар эркаклари орасида машҳур. Эркаклар гап ейдиган бу саунада¸ асосан¸ туманлардан келган қизлар официант-хизматчи бўлиб ишлайди.

Озодликнинг Андижондаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра¸ эрталаб бу сауна олдидан ўлик чақалоқ топилиши маҳаллада шов-шув бўлиб кетган.

“Воқеа жойига дарҳол милиция¸ прокуратура ходимлари келди ва маҳаллақўмдагилар уйма-уй юриб¸ ким иккиқат эдию¸ ким шу кунларда туғиши керак эди¸ деб чақалоқнинг онасини қидиришга киришишди”¸ дейди воқеа тафсилотларига яқин манба.

“Кечқурун 9 ларга бориб¸ боланинг онасини топишди. У Избоскандан келиб¸ сауна ресторанида идиш-товоқ ювиб юрган 31 яшар қиз (Озодликка қизнинг исми-шарифи маълум – таҳр.) бўлиб чиқди. Саунани эгаси¸ қизларини сўроқ-жавоб қилганда¸ у қиз бўйнига олипти. Кейин мелисалар видео билан сўроқ қилган¸ ҳаммасини айтиб берипти. “Ер қимирлашидан 4-5 минут олдин туғдим. Саунани подвалида лунги ювадиган кирхона бор¸ ўша ерда туғдим. Роддомда туғсам билиб қолишади¸ деб бормадим. Туғибла¸ бурнини¸ оғзини ëпдим¸ бўғдим. Кейин сразу ер қимирлади. Йўлдошларини туалетга оқиздим. Болани салофанга солиб¸ ахлатга ташлаб¸ яна ишимга кетдим”¸ дебти қиз”¸ дейди бу қотиллик тафсилотларига яқин манба.

Ўлик чақалоқни кўрган гувоҳлардан бирининг Озодликка исми очиқланмаслик шарти билан айтишича¸ чақалоқ ой-куни тўлиб соппа-соғ туғилган ўғил бола бўлган.

“Оппоққина¸ дўмбоққина ўғил бола экан. Бўйнини сочиқ билан роса бўғипти¸ кўкариб кетган. Нимага бу ишни қилдинг¸ деб сўрашса¸ қиз “қўрқтим” дейишдан бошқа гап айтмаяпти экан. Эрга тегмаган¸ битта онаси бор экан. Анчадан бери бир йигит билан интим алоқада эканини¸ боланинг отаси ҳам шу йигит эканини айтибди. Саунадагилар бу қиз ҳар 10 кунда бир келиб кетарди¸ иккиқатлигини билмадик¸ дейишаяпти. Семириб кетаяпман¸ деб кенг-кенг нимча-чопон кийиб юрган экан. Ҳамма ëқ дув-дув гап¸ маҳалладагилар қизларингга эҳтиëт бўлинглар¸ деб мажлис қилишаяпти ҳозир”¸ дейди воқеа жойига яқин яшайдиган Озодлик манбаси.

Озодликка расмий манбалардан маълум бўлишича¸ ҳозирда қотиллик юзасидан дастлабки тергов бормоқда ва қиз¸ унинг онаси¸ мурдани топган фаррош аëллар прокуратурага сўроққа чақиртирилган. Чақалоқнинг онаси ҳеч қаерга кетиб қолмаслик ҳақида тилхат ëздириб олиниб¸ ҳозирча очиққа қўйиб юборилган. Айни пайтда¸ қотилликда аëлга кимдир ëрдам берган-бермагани мавҳумлигича қолмоқда - воқеага яқин манбаларга кўра¸ сўроқ давомида аëл бу ишни якка ўзи қилганини таъкидлашдан тўхтамаяпти.

Озодлик манбаларининг таъкидича¸ ëш аëл аввал ҳам худди шундай туғиб¸ чақалоқни ўлдириб¸ ахлатга ташлаб юборгани ва бундан ҳеч ким хабар топганига иқрор бўлган. Аммо Озодликнинг воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор манбалари бу маълумотни тасдиқлай олмасликларини билдирдилар.

“Билишимизча¸ саунанинг эгаси¸ криминалний авторитет экан¸ ўзича прокуратурага ишни саунамга гап тегмайдиган қилиб бости-бости қил¸ деб босим ўтказаяпти экан”¸ деб ëзди Андижонда танилган саунада рўй берган қотиллик тафсилотларига яқин манба.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўзбекларни дунëдаги энг болажон халқ¸ деб тасвирлашдан қолмаëтганига қарамай¸ ўзбекистонликлар орасида ўз туққан боласини туғилиши билан ўлдириб¸ ахлатга ташлаб кетиш¸ ëки ўз боласини сотишнинг Озодликка етиб келаëтган ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Хусусан¸ 20 октябрь куни Қашқадарë вилоятининг Чироқчи туман марказидаги мактаб ортидан итлар ғажиб кетган янги туғилган чақалоқ жасади топилган эди.

16 июль куни эса¸ Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетган ва бир неча соатдан кейин топилган чақалоқ касалхонада жон берган эди.

XS
SM
MD
LG