Наманган вилоят, Чуст туман, Ғова қишлоғида 14 октябрь куни вазни 300 килолик қўнғир айиқ отиб ўлдирилди. Озодлик мухбири билан 24 октябрь куни гаплашган Чуст туман ҳокимлиги муовинига кўра “Қишлоқ аҳолиси ўзини мудофаа қилиш мақсадида айиқни ўлдирган ва уларга ҳокимликдан айиқни ўлдиринг деган буйруқ бўлмаган”.
Ғова қишлоғида ўлдирилган айиқ Ўзбекистон бўйлаб бор-йўғи 250 тача бўлган, мамлакат "Қизил китоби"га киритилган қўнғир айиқларнинг (лотинча Ursus arctos isabellinus) бири эди.
Наманган овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган вакили “ярим кун давомида бутун вилоятда айиқни ухлатиб қўядиган восита топилмаганини, овчилар жанговар ўқ отиб, айиқни ўз ташаббуси билан ўлдирганини” айтди.
Наманган вилоятида экотуризм билан шуғулланадиган фаол Марат Наумовнинг Озодликка айтишича¸ айиқнинг ўлдирилиши “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вилоят бошқармасининг бефарқлиги” фонида юз берган.
Наумов ҳали айиқ ўлдирилмасидан олдин қўмитага ҳабар берганини айтди.
Қўмитанинг вилоят бошқармаси вакили Орифхон Аюбхонов ва Чуст туман бўлими бошлиғи Ўктам Сатторовлар Озодлик мухбирининг “Нега айиқ ўлдирилишининг олдини ола олмадингиз” деган саволига малакали жавоб бера олмади.
Марат Наумовга кўра¸ Ғова МФЙ раиси Шавкат Ҳошматов ИИБ, Фавқуллода холатлар бошқармаси ва туман ҳокимлигига телефон қилиб ёрдам сўраган.
Наманган овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси раиси Анваржон Достоновнинг ëрдамчиси, Озодлик билан суҳбатда, ўз ташкилоти айиқнинг ўлдирилишига қарши бўлганини айтди:
- Айиқ бир кун давомида омборга қамалиб турди. Раҳбаримиз Анваржон ака овчиларга айиқни ухлатиб, тоққа қўйиб юборинг ëки зоопаркка топширинг деб айтди. Аммо бутун вилоятда айиқни ухлатиб қўядиган махсус ўқ топилмади. Расман қайд қилинган “ИЖ” русумли 16 калибрли иккита милтиқ билан қуролланган икки овчи масъулиятни бўйнига олиб айиққа қарата уч ўқ узди. Овчи Мелиқўзи Ҳолматов отган ўқдан айиқ йиқилди. Айиқни қутқаролмаганимиздан афсусдамиз.
Айиқнинг ўлдирилиши
Чуст туманида айиқнинг ўлдирилгани акс этган видео "Наманганликлар.уз" Телеграм каналида тарқалди..
Айиқ қандай ўлдирилгани ҳақида Чуст туманида экотуризм билан шуғулланадиган маҳаллий фаол Наумов 24 октябрда Озодликка гапириб берди:
“Оғирлиги 300 килога яқин сап-сариқ айиқни илк бор Ғова қишлоқ турғуни Гулбаҳор Миразаҳмедова кўрган. Айиқ унинг ҳовлисида икки оëқда тик турган. Гулбаҳор опа айиққа тош отган. Айиқ қўшнининг ҳовлисидаги ҳаммомга кириб кетган. Одамлар бақир-чақир қилганидан қўрққан айиқ ҳаммомдан чиқиб қўшни Соҳибжон Маҳмудовнинг оғилхонасига кириб олган. Аҳоли оғилхона эшигини ëпиб¸ тамбалаб айиқни қамаб қўйишган. Ярим кун ҳукумат чора кўрар деб кутишди. Кейин иккита овчи айиқни отиб ўлдирди”
Маҳаллий фаол Наумов¸ ҳудди шу холатда¸ яъни айиқ оғилхонага қамалган пайтда уни ухлатиб, кейин тоққа қўйиб юбориш учун имкон бўлганини айтди:
- Бу имкондан фойдалана олишмади. Айиқни ўлдиришди. Одамлар айиқни кўтариб “Дамас”га юклашди. ИИБга олиб кетишди.
Чуст туман ИИБ ходими Озодлик билан суҳбатда ўлган айиқ жасади вилоят ИИБ га олиб кетилганини билдирди.
"Қизил китоб"га кирган
Наумовнинг айтишича¸ қўнғир айиқ халқаро "Қизил китоб"га киритилган.
- Ўзбекистонда 200 тадан 250 тагача борлиги айтилади. Ҳар ҳолда мана бугун биттага камайди. Чустда отилган айиқ Ҳимолай қўнғир айиғи (Ursus arctos isabellinus) дея айтилади. Баъзи таблицаларда Тиёншон қўнғир айиғи ҳам дейишади. Ушбу айиқ Ўзбекистон ва Халқаро "Қизил китоб"га киритилган. Ер юзидан бутунлай қирилиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон ҳисобланади. Уни овлаш бутунлай тақиқланган.
Бир айиқни отсангиз, 90 доллар жарима тўлайсиз
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги қарорига биноан, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи бўлган Тиёншон қўнғир айиғига Ўзбекистон Республикаси ватандоши ёки юридик шахси томонидан зарар етказилган бўлса, 840 минг сўм (тақрибан 90 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима тўлаш белгиланган. Шу ҳаракатни хориж ватандоши ёки юридик шахс содир этса, 168 миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилади.
Бир йилда икки айиқ ўлдирилди
Жорий йилнинг 28 майида Қашқадарё вилоят, Чироқчи туман, Лангар маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Тутли қишлоғида "Қизил китоб"га киритилган қўнғир айиқ маҳалли аҳолиси томонидан дўппосланиб, кейин отиб ўлдирилган эди.
Айиқлар ўлдирилишини фожиа деб билган фаол Марат Наумовга кўра, Ўзбекистон 1995 йилда "Биологик хилма-хиллик тўғрисида"ги халқаро Конвенцияга қўшилган ва бу билан ўз ҳудудидаги ҳайвонот ва ўсимлик оламини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган:
- Аммо бу мажбурият бажарилаëтгани йўқ. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг вилоят бошқармасининг жиноий бефарқлиги ва ҳаракатсизлиги боис айиқ отиб ташланди. Ўзбекистон хайвонот олами, флора ва фаунаси инсоний омил боис, ҳалокат ëқасида турибди.