Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:04

Тоғли Қорабоғда оташкесим: Минтақага Россия кучлари киритилади - Ереванда ҳукумат уйи ишғол қилинди (ВИДЕО)


Битим имзолангани ортидан Ереванда минглаб норозилар ҳукумат уйига бостириб кирди
Битим имзолангани ортидан Ереванда минглаб норозилар ҳукумат уйига бостириб кирди

Арманистон ва Озарбайжон Россия воситачилигида Тоғли Қорабоғда 10 ноябрдан бошлаб жангларни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади.

Тоғли Қорабоққа Россия тинчликпарвар кучлари киритиладиган бўлди.

Уруш тўхтатилиши тўғрисидаги баёнот ортидан Арманистон пойтахти Ереванда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

10 ноябрь куни эрта тонгда бир неча минг норози полиция тўсиғини ёриб ўтиб, ҳукумат уйини ишғол қилди. Мухолифат Пашиняндан истеъфо беришни талаб қилмоқда.

Пашинян битимни имзолаш оғир қарор бўлганини билдирди

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш битими имзолангани ҳақида Арманистон Бош вазири Николь Пашинян 10 ноябрь куни тонгга яқин ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.

Унга кўра, Арманистон Бош вазири, Озарбайжон ва Россия президентлари имзолаган битим 10 ноябрь соат 01:00дан кучга кирди.

Кейинроқ бу маълумотни Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тасдиқлади.

Президентларнинг таъкидлашларича, Тоғли Қорабоққа узоқ муддатга Россия тинчликпарвар кучлари киритилади.

10 ноябрь куни эрталаб Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда сезиларли муваффақиятларга эришгани ва айирмачи ҳудуд пойтахти Степанакертга яқинлашгани хабар қилинган эди.

Пашинян Facebook саҳифасида: “Мен ўзим ва барчамиз учун оғир бўлган қарорни қабул қилдим. Мен бу қарорни ҳарбий вазиятни ва уни яхши билан одамларнинг фикрларини чуқур таҳлил этганимдан сўнг қабул қилдим”,-деб ёзди.

Ереванда норозилар ҳукумат уйига бостириб кирди

Пашинян бу баёнотни эълон қилиши ортидан Арманистон пойтахти Ереванда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

10 ноябрь куни эрта тонгда бир неча минг норози полиция тўсиғини ёриб ўтиб, ҳукумат уйини ишғол қилди. Мухолифат Пашиняндан истеъфо беришни талаб қилмоқда.

Норозилар бошқаларни ҳам ўзларига қўшилишга чорлаб, “Биз ўз ерларимизни бермаймиз”,деб ҳайқиришмоқда.

Битим шартлари ҳақида Кремль баёнот берди

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш тўғрисидаги битимга асосан Озарбайжон мухтор вилоят таркибига кирмаган барча ҳудуларини ва Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини назорат қилади. Тоғли Қорабоққа Россия тинчликпарвар кучлари киритилади.

“Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси эгаллаб турган позицияларида қолади. Тоғли Қорабоғдаги туташиш чизиғида ва Тоғли Қорабоғни Арманистон Республикаси билан боғлаб турувчи йўлакда Россия Федерацияси ҳарбий контингенти жойлаштирилади.

Уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар ва қочқинлар БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари назорати остида Тоғли Қорабоққа ва унинг атрофидаги туманларга қайтади.

Ҳарбий асирлар, қўлга олинган бошқа одамлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадлари алмашинилади.

Ҳудуднинг иқтисодиётига ва транспорт алоқасига қўйилган барча тўсиқлар бекор қилинади. Транспорт алоқаси, жумладан, Россия Чегара хизмати билан ҳамкорликда назорат қилинади”,-дейилади Кремль баёнотида.

Воқеа тарихи

Халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинадиган айирмачи Тоғли Қорабоғ Республикасини 1990 йиллар бошларидан бери Арманистон назорат қилиб келаётган эди.

27 сентябрь куни Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғни ўз назоратига қайтариш мақсадида жанговар ҳаракатларни бошлади. Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғдаги қатор туманларни,жумладан, Шуша шаҳрини эгаллаган эди.

Шуша Тоғли Қорабоғнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Степанакертдан тақрибан 11 километр нарида жойлашган ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳоли пунктларидан бири бўлиб ҳисобланади.

27 сентябрда ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетганидан бери ҳалок бўлган арман ҳарбийлари сони 1 221 га етди. Озарбайжон ҳарбий йўқотишларини очиқлагани йўқ.

Президент Илҳом Алиев кўзланган мақсад Озарбайжоннинг ҳудуд устидан тўла назоратни тиклаш эканини билдирган. Унга кўра, Тоғли Қорабоғда яшайдиган арманларга маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ёки маданий мухторият кафолати берилиши мумкин.

Тоғли Қорабоғда арманлар ва озарбайжонликлар ўртасида тўқнашув ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида бошланган бўлиб, 90-йиллар бошида бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлар натижасида ҳудуд ва уни ўраб турган Озарбайжон туманлари арман кучлари назорати остига ўтган.

XS
SM
MD
LG