Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:50

АҚШда икки хонаки мушук коронавирусга чалинди


Олмаота кўчаларида суратга олинган бу мушукка коронавирус юққан эмас.
Олмаота кўчаларида суратга олинган бу мушукка коронавирус юққан эмас.

Нью-Йорк штатида икки мушук коронавирусга чалинди. Бу ҳақда чоршанба куни АҚШ расмийлари маълум қилди.

Нафас олиш йўллари касалланган мушуклар тузалиб кетиши кутилмоқда. Бундан олдин АҚШ ҳудудида хонаки жониворларга вирус юққан ҳолат қайд этилмаган эди.

АҚШнинг Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш марказлари (Centers for Disease Control and Prevention, CDC) ходимлари мушукларга вирус инсонлардан юққани тахмин қилинаётганини билдиришди.

Аввалроқ Бронкс ҳайвонот боғида айрим йўлбарс ва шерларга коронавирус юққани аниқланган эди. Сўнгги хабарларга кўра, Бронкс ҳайвонот боғидаги саккизта йўлбарс вирусга чалинган. Бундан ташқари, жаҳон бўйлаб бир неча давлатда бир неча жониворга вирус юққани хабар қилинди.

АҚШ расмийларига кўра, айрим ҳайвонларга вирус инсонлардан юқиши мумкин бўлса-да, вирус жониворлар орасида тарқалишини кўрсатувчи далиллар йўқ.

АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош эксперти, доктор Энтони Фаучи вирус уй ҳайвонларидан одамларга юқишини кўрсатувчи далил йўқлигини айтиб, аҳолини саросимага тушмасликка чорлади.

CDC расмийси, доктор Кейси Бартон эса:

- Саросимага тушманг. Хонаки ҳайвонлардан қўрқманг. Уй ҳайвонлари касаллик одамлар орасида тарқалишига ҳисса қўшаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, — деди.

Шунга қарамасдан, CDC аҳолига ўз жониворларини бегона шахслар ёки ҳайвонлар яқинига йўлатмасликни тавсия қилди.

Коронавирусни ўрганаётган олимлар вирус қаерда пайдо бўлганини аниқлаш устида бош қотирмоқда. Айни дамда кенг қабул қилинган назарияга кўра, одамлар орасида инфекция ўтган йил охирида Хитойда тарқала бошлаган. Вирус инсонларга кўршапалакдан бошқа жонивор орқали юққани тахмин қилинмоқда.

Янги коронавирусни юқтирган мушукларнинг бири вирусга кўчада чалингани тахмин қилинмоқда, чунки у яшайдиган хонадон аъзолари орасида вирус аниқланмаган. Иккинчи мушук эса эгасидан юқтиргани тахмин қилинмоқда. Айни уйда яшовчи бошқа мушукда эса касаллик аломатлари топилмаган.

CDC расмийлари коронавирусни юқтирган шахсларни уй ҳайвонларидан мумкин қадар нарироқ юришни ва уларга қараётиб ниқоб тақиб олишни тавсия қилишди.

XS
SM
MD
LG