Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:15

Австралиялик олимлар: 2100 йилгача денгиз сатҳи 1 метрга кўтарилиши мумкин


Гренландия ҳамда ғарбий Антарктидадаги муз қатламлари 2005 йилдан бери йилига 430 миллиард тонна масса йўқотиб келмоқда.
Гренландия ҳамда ғарбий Антарктидадаги муз қатламлари 2005 йилдан бери йилига 430 миллиард тонна масса йўқотиб келмоқда.

Австралия миллий университетининг бир гуруҳ олимлари ўтказган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, глобал исиш жараёни денгиз сатҳи бугунга қадар ишонилгандан анча тезроқ суръатда кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат эса, юз минглаб одам учун фожиали якунланишига сабаб бўлиши мумкин.

Сўнгги миллион йил ичида Ерда тахминан 100 минг йилга чўзилувчи совуқ даврлар – муз даврлари ҳамда қисқароқ “мўътадил” даврлар бирин-кетин ўрин алмашиб келади. Бундан 11,500 йил олдин бошланиб, ҳозиргача давом этаётган мўътадил давр Голоцен деб номланади.

Австралия миллий университети олимларининг Nature Communications журналида чоп этилган мақоласида ёзилишича, бундан 125-118 минг йил олдин содир бўлган мўътадил даврда глобал ҳарорат ҳозиргига солиштиргандан атиги 1°C га юқори бўлган. Шундай бўлса-да, денгиз сатҳи 10 метрга кўтарилган. Ушбу маълумотга таянган ҳолда олимлар Голоцен даврида инсон фаолияти туфайли иқлим ўзгариши оқибатларини тахмин қилишди.

“Сўнгги 200 йил ичида иссиқхона газлари сўнгги мўътадил даврдагига солиштирганда иқлим кескинроқ ва тезроқ ўзгаришига сабаб бўлди. Бу эса денгиз сатҳи кўтарилиши бўйича тахминлар келажакда содир бўлиши мумкин бўлган ўзгаришларнинг фақатгина минимумига мос келади, деганидир”, дейилади мақолада.

Антарктидадаги муз қатламлари эса тез ўзгаришга қодир бўлиб, денгиз сатҳи кўтарилишида муҳим ўрин тутади.

Сўнгги икки муз даври ўртасидаги мўътадил даврда айнан Антарктида музларининг эриши Ер океанларидаги циркуляция йўналишларини белгилаб берган.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро кенгаши маълумотларига кўра, Гренландия ҳамда ғарбий Антарктидадаги муз қатламлари 2005 йилдан бери йилига 430 миллиард тонна масса йўқотиб келмоқда. Ҳозирги кундаги башоратларга кўра, 2100 йилгача денгиз сатҳи 70-100 смга кўтарилади. Ушбу кўрсаткич айнан қанча смга кўтарилиши кейинги ўн йилликларда атмосферага қанча кўламда иссиқхона газлари чиқарилишига боғлиқ бўлади.

Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро кенгашнинг сентябрь ойида чиқарилган ҳисоботида ҳар қандай ҳолатда ҳам денгиз сатҳи кўтарилиши суръати кейинги асрда тезлашиши ҳақида огоҳлантирилди.

Австралия миллий университети олимлари мақоласида “Сўнгги мўътадил даврда кузатилган денгиз сатҳи кўтарилишининг суръати тезлиги ва кўлами ҳайратланарлидир. Ўша даврдаги ҳарорат ўсиши бизда содир бўлиши кутилаётган ўзгаришларга ўхшаш бўлган. Бу эса қутблардаги муз қатламлари келажакда денгиз сатҳи кўтарилишига бугунга қадар ўйлаганимиздан каттароқ таъсир кўрсатади, деганидир”, дея хулоса қилинди.

XS
SM
MD
LG