Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:31

Дунё бўйлаб WiFiни бепул қилмоқчи Маск Ер орбитасига яна 60 та сунъий йўлдош чиқарди


Илон Маск (суратда) бир неча йил ичида Ер орбитасига 42 мингга яқин йўлдош чиқаришни режалаштирган.
Илон Маск (суратда) бир неча йил ичида Ер орбитасига 42 мингга яқин йўлдош чиқаришни режалаштирган.

Таниқли тадбиркор Илон Маск асос солган SpaceX ширкати Starlink лойиҳаси доирасида яна бир гуруҳ мини сунъий йўлдошни Ер орбитасига чиқарди. Ушбу йўлдошлар ёрдамида глобал Интернет трафиги тармоғини тузиш режалаштирилган.

Душанба куни Falcon 9 ракетаси бортида 60 та мини сунъий йўлдош Ер орбитасига учирилди. Май ойида худди шу йўл билан 60 та йўлдош фазога учирилган эди. Ўшанда йўлдошларни Тошкентда ҳам кўриш мумкин бўлган эди.

2015 йилда асос солинган Starlink лойиҳасидан мақсад дунёнинг исталган нуқтасида ишончли ва юқори тезликка эга Интернет алоқасини таъминлашдир.

Лойиҳа доирасида 2018 йилда икки синов йўлдоши учирилган. Бир неча йил ичида Маск Ер орбитасига 42 мингга яқин йўлдош чиқаришни режалаштирмоқда. Маълум бўлишича, лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард долларни ташкил қилади.

Айрим олимлар кўп сонли сунъий йўлдош фазо ифлосланишига сабаб бўлишини айтиб, хавотир изҳор қилмоқда. Бундан ташқари, астрономларнинг айтишича, ёрқин металлдан ясалган йўлдошлар тун кўринишини бузиши ҳамда фазодаги телескоплар ишига халақит бериши мумкин. Қолаверса, йўлдошлар сонининг ошиши улар бир-бирига урилиб кетиш хавфини оширади.

SpaceX ширкати йўлдошларни фазога учириш амалиёти акс этган тасвирларни улашди.

Ширкат келажакда Интернет бозорининг йирик қисмини фазодан бошқаришни режалаштирмоқда. Аммо бир неча рақиб ширкатда айни истак бор. Улар орасида Лондонда асос солинган OneWeb стартапи ҳамда Amazon ширкати бор.

Маск бир кун келиб глобал Интернет бозорининг беш фоизини бошқаришга умид боғлаган. Бундан мақсад ширкатнинг ракета дастурларини молиялаштиришдир. Маскнинг орзуларидан бири – Марсда инсонлар колониясини қуриш.

SpaceX бугунга қадар АҚШ расмийларидан турли орбиталарга 12 мингта йўлдош чиқаришга рухсат олган. Ширкат қўшимча 30 минг йўлдош учиришни сўраб, Америка расмийларига мурожаат қилган.

Сунъий йўлдошлар нисбатан паст баландликка чиқарилмоқда – илк мосламалар Ер сатҳидан 550 кмга чиқарилди. Бу эса Интернет тезлиги юқори бўлишини таъминлайди.

SpaceX лойиҳа келаси йили АҚШ ва Канадада ишга тушишини маълум қилган. Ширкат расмийларига кўра, бутун дунёни сунъий йўлдошлар ёрдамида Интернет билан таъминлаши учун яна 24 марта орбитага сунъий йўлдош чиқариш керак бўлади.

Хабарларга кўра, бугунги кунда Ер орбитасида 2100 дан кўпроқ сунъий йўлдош айланиб турибди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG