Сомон йўли галактикасида рекорд даражада катта қора туйнук кашф қилинди. Олимларнинг сўзларига кўра, туйнук шунчалик каттаки, унинг мавжудлиги юлдузлар шаклланиши ва ўзгариши ҳақидаги мавжуд моделларни шубҳа остига олади.
LB-1 номи берилган қора туйнук Ердан 15,000 ёруғлик йили масофада жойлашган бўлиб, унинг массаси қуёшникидан 70 баробарга каттадир.
Галактикамизда 100 миллион юлдуз массали қора туйнук аниқланган.
Тадқиқотга етакчилик қилган Хитой Миллий астрономик обсерваторияси профессори Лиу Жифенг:
- Бундай массали қора туйнуклар бугунги кунда мавжуд бўлган юлдуз эволюция моделларига биноан бизнинг галактикада мавжуд бўлмаслиги керак, - деди.
Қора туйнукларнинг икки тури борлигига ишонилади. Юлдуз массали қора туйнуклар жуда катта юлдузнинг маркази ўзи устига қулаганида ҳосил бўлади. Бундай қора туйнуклар массаси қуёшникидан 20 мартагача катта бўлиши мумкин.
Супермассив қора туйнуклар эса қуёшдан камида миллион марта катта бўлиб, уларнинг қандай пайдо бўлиши одамзодга номаълум.
Профессор Лиу Сомон йўлидаги юлдузлар ўз газини юлдуз шамоллари орқали йўқотишини, шу сабаб LB-1 каби қора туйнук пайдо бўлиши олдини олишини айтди.
- Энди теоретиклар бу қора туйнук қандай пайдо бўлганини изоҳлаб беришлари керак бўлади, - деди профессор.
LB-1 қора туйнугини халқаро астрономлардан иборат олимлар гуруҳи Хитойнинг LAMOST телескопи ёрдамида кашф қилди. Испаниянинг Gran Telescopio Canarias телескопи ҳамда АҚШнинг Keck I телескопи янги аниқланган LB-1 ҳажмини тасдиқлади.
LB-1 кашф қилингани ҳақидаги илмий мақола Nature журналида чоп этилди.