Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:10

БМТ бош котиби: "Иқлим масаласида “ортга қайтиб бўлмайдиган нуқта”дан ўтиб кетмайлик"


БМТ бош котиби Антонио Гутерриш иқлим ўзгариши муаммоларига бағишлаб Мадридда бошланган икки ҳафталик халқаро конференция минбарида. 2019, 2 декабрь.
БМТ бош котиби Антонио Гутерриш иқлим ўзгариши муаммоларига бағишлаб Мадридда бошланган икки ҳафталик халқаро конференция минбарида. 2019, 2 декабрь.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш иқлим ўзгаришини тўхтатиш бўйича дунёдаги саъй-ҳаракатлар ҳозирча “мутлақо етарли эмаслиги”ни ва глобал исиш “ортга қайтиб бўлмайдиган нуқта”дан ўтиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бу ҳақда Гуттериш иқлим ўзгариши муаммоларига бағишлаб Мадридда ўтказиладиган икки ҳафталик халқаро конференция олдидан якшанба куни баёнот берди.

БМТ бош котиби об-ҳаво кескин ўзгаришлари бутун дунёда кузатилмоқда, ҳаво ҳарорати кўтарилаётганининг таъсири одамларга ҳам, бошқа жонзотларга оғир бўлади, деб айтди.

Гуттеришнинг таъкидлашича, жаҳон мамлакатларида глобал исишни чеклаш учун илмий билим ҳам, техник воситалар ҳам мавжуд, аммо “сиёсий ирода етишмаяпти”.

‒ Ортга қайтмаслик нуқтаси энди уфқдан – кўк жиягидан нарида эмас, ‒ деди Гутерриш Испания пойтахтида. – У кўзга ташланиб қолди ва устимизга бостириб келмоқда.

2-13 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган мажлисда дунёнинг қарийб 200 мамлакатидан келадиган делегатлар 2015 йили Парижда қабул қилинган иқлим бўйича келишув қоидаларига сўнгги жузъий ўзгартиришларни киритади. Булар сирасига ҳавога чиқарилаётган ис газлари савдоси бўйича амал қиладиган тизимни яратиш, қашшоқ мамлакатларга денгиз сатҳи кўтарилиши ва иқлим ўзгаришининг бошқа оқибатлари сабабли етадиган зарарни қоплаб бериш сингари масалалар киради.

Гутерриш инсон фаолияти оқибатида пайдо бўлаётган из газларининг Ер сайёрасига, жумладан, ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва қутблардаги музликлар эриб кетишига таъсир кўрсатаётганига оид кўплаб илмий далиллар мавжудлигини қайд этди. Аммо у гаплари “тушкунлик эмас, умид билан йўғрилгани”ни маълум қилди ва “табиатга қарши курашни тўхтатишимиз керак, биз бунинг иложи борлигини биламиз”, деб айтди.

Дунё мамлакатлари тўрт йил олдин Парижда жорий аср охирига қадар глобал исишни, саноатлашувдан олдинги давр билан солиштирганда, Цельсий шкаласи бўйича 2 даража (Фаренҳейт шкаласи бўйича 3,6 даража), рисоладагидай ҳолатда эса 1,5 даража (2,7Ф) ўсиш билан чеклашга келишиб олган эди. Шу кунгача ўртача ҳарорат деярли 1°C исиб улгурди ва зикр этилган келишувдаги мақсадга эришиш учун жуда оз имкоинят қоляпти.

Гутерришга кўра, ватандошлар, айниқса, ёшлар ўртасида талабнинг кучаяётгани иқлим ўзгаришига қарши кураш истаги ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Фикрича, қазиб олинаётган ёқилғига субсидия беришни бас қилишга, кўмир билан ишлайдиган электр станцияларини қурмасликка, одамларга эмас, ҳавони ифлослантиришга солиқ солишга дунё мамлакатлари ҳукуматларининг сиёсий иродаси етишмаяпти.

Бош котиб иқлим ўзгаришидан зарар кўраётган 70 га яқин мамлакат 2050 йилга бориб, ҳавога кўпроқ ис гази чиқаришни бас қилиш мажбуриятини олганини, лекин ҳавони кўп ифлослантираётган мамлакатлар бундай қилмаётганини ва уларнинг фаол иштирокисиз айтарлик натижага эришиб бўлмаслигини айтди.

Таъкидланишича, Париж битимининг 6-моддаси асосий унсури бўлмиш ҳавога чиқариладиган ис газларининг бутун жаҳон бозорини ташкил этиш музокара юритувчилар ўртасидаги энг баҳсли масала бўлиб қолмоқда. Бош котиб, “биз 6-моддага баҳона эмас, жавоб топишимиз керак”, деди.

Маълум қилинишича, лавозимидан кетаётган Англия банки бошқарувчиси Марк Карни “иқлим исишига қарши кураш тадбирлари ва уларни молиялаштириш” бўйича махсус вакил бўлади.

Ташкилотчилар конференциянинг душанба кунги очилиш маросими ва икки ҳафтада ўтадиган бошқа тадбирларида 29 минг меҳмон, жумладан, 50 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, олимлар, тажрибали музокарачилар ва фаоллар қатнашишини билдирди.

XS
SM
MD
LG