Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

"Кўчада қолдик". Фарғонада уйи ёниб кетган оила ҳодисада газчиларни айбламоқда


Фарғонада ёниб кетган Саибдоевлар уйи
Фарғонада ёниб кетган Саибдоевлар уйи

Фарғона шаҳрида “Садвинсовхоз” мавзесидаги ёниб кул бўлган 8 сотихли уй эгалари ёнғин келиб чиқишида “Фарғонашаҳаргаз” идораси томонидан юборилган пайвандчиларни айблади.

Пайвандчилар бригада раҳбари эса, экспертиза натижаларини кутишни таклиф этди.

Жабрланувчи Саидбоевлар оиласи ҳозирда қўшнисининг ҳовлисида яшаётгани, маҳаллий ҳокимиятдан бирон мутасадди келиб, улардан хабар олмаганини айтмоқда.

"Уйимни ёқворган сваркачилар жавобгарликка тортилсин!"

Шу йилнинг 30 июль куни эрталаб соат 9 ларда Фарғона шаҳрининг “Садвинсовхоз” деб номланадиган “Ўрмончилар” маҳалласидаги 10 сотихли Саидбоевлар хонадонида газ трубасини кесиш пайтида ёнғин келиб чиқди.

Таъмирлаш ишлари энди тугатилган 10 хонали бу уй икки айвони, иккита ошхонаси, иккита ҳаммом, иккита ҳожатхонаси ва қўшимча омборлар билан бирга 2 соат ичида ёниб битди.

Уни ўчиришга ўт ўчирувчилар ва Миллий гвардия бўлинмалари жалб қилиниб, маҳаллий аҳоли кўмагида ёнғин бартараф этилгани маълум бўлди.

Ҳовли эгаси Замира Саидбоева Озодлик билан суҳбатда ҳодиса тафсилотларини тасвирлаб берди:

- Катта пул сарфлаб, қарзга энди ремонтларни тугатиб, усталарни уйга жўнатгандик. Янги дарвоза заказ қилгандик. Хўжайиним Фарғона шаҳар газ идорасига бориб, ёрдам сўраган. Ташқарида қўйилган қиммат газ счётчикни ичкарига олиб кириш учун “Шаҳаргаз”дан бош инженер 5-6та пайвандчи жўнатди. Жума куни эрталаб улар келиб, автогени билан трубаларни қирқишдан олдин, маҳалладаги кўчанинг бир томонидаги бештагина хонадон газини ўчирган. Шабодада улар сваркасини қилаверган. Шунда газ портлаши бўлган, қаердадир газ утечка бўлиб, - деди Замира Саидбоева.

Фарғоналик аёлнинг айтишича, ёнғин чиқишидан олдин қўшнилар портлаш овозини эшитган. Янги битган том ярим соатга етмай, ёниб кетгани айтилади.

Ёнғин гувоҳларининг сўзларига кўра, аланга шу қадар тез кўтарилганки, иккита ўт ўчирувчи тутундан димиқиб, ҳушини йўқотган, тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин ўзларига келган.

Газ ҳисоблагичи ўрнатилиши керак бўлган жой
Газ ҳисоблагичи ўрнатилиши керак бўлган жой

Буткул ёниб кетган уй эгалари ҳозирча қўшнисининг ҳовлисида яшаётгани маълум бўлди. Замира Саидбоева уларнинг аҳволидан на “Фарғонашаҳаргаз”, на Фарғона шаҳар ҳокимияти ва на бошқа мутасаддилар ҳол-аҳвол сўраганини айтади:

- 10 хонали ҳовли – икки хўжалик яшардик. Кўчада қолдик. Битта-иккита нарсамдан ташқари ҳамма мебелларимиз, келинимнинг уйи тўлиқ ёниб, кул бўлди. Қўшнимнинг томи, узумлари ҳам ёниб кетди. Терговчилар, шаҳар газчилари келди, индамай туришди. Уйимиз суғурталанмаган. ФВВ терговчиси айтдики, “Хулоса қиламан, мутахассис келиб, уйни баҳолаб беради. Прокуратурага ариза ташланг”. Бу уйимни ёқворган олтитасичи - кетаверадими?! Фирмани бошлиғи келиб, 2 миллион сўм олиб келибди! Олмадик. 2 йил қургандик бу уйни. Бу қайнонамнинг уйида болали келини, ўғли, қизи ҳам яшайди. Маҳалламиз раиси 100 минг сўм пул чиқарибди, раҳмат. Лекин на бирор идорадан, на ҳокимиятдан келиб аҳвол сўрашди.

Маълум бўлишича, 31 июль куни ёнғин булган хонадонга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва прокуратура ходимлари, экспертлари келган ва далолатнома тузишган. Хонадон эгаларининг айтишича, бу турар жой шахсий маблағлари ва банкдан олинган кредит ҳисобига тўлиқ қайта таъмирланган.

"Зарарни ким қоплашини биз билмаймиз!"

Фарғонанинг “Ўрмончилар” кўчаси, 18-уй манзили бўйича ёниб кетган хонадон эгалари Саида ва Дилмурод Саидбоевлар уларнинг зарарларини ким қоплаши масаласи очиқлигича қолаётганини билдиришди.

Бу масалада Озодлик на “Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ, на унинг “Фарғонашаҳаргаз” филиалидан ва на пайвандчилар бригадасини юборган Аброр исмли бош инженердан жавоб ололди.

Озодликка маълум бўлишича, Саидбоевлар уйида 30 июль куни таъмирлаш ишларини “Глобалгарантсервис” хусусий корхона пайвандчилар бригадаси олиб борган.

Корхона раҳбари Исоқжон Зарипов Озодлик билан суҳбатда газ трубасини кесишга “Фарғонашаҳаргаз” томонидан ёлланганини тасдиқлаб, ёнғинни “бахтсиз ҳодиса” деб атади.

- Улар сваркачиларни сўраган, оғзаки айтган бизга, ҳеч қандай шартнома бўлмаган – биз жўнатдик счётчигини ўрнини ўзгартириш учун. Улар ишлаётганда ёнғин чиққан. Биз бориб, Саидбоевларга ёрдам қиламиз десак, рози бўлмади. Мен отпускадаги ишчиларни “3-4 сўм пул ишлаб келасан”, деб ёллаган эдим. Улар қоплашга имкони йўқ зарарни...

Пайвандчилар шаҳар газ идорасидан эмас. Улар одамларни огоҳлантириб, газни тўлиқ ўчириши керак эди. Шунчаки, аҳолини огоҳлантирмасдан, газни ўчириб бўлмайди-ку! Улар газни ўчириб, иш қилаётганда ёнғин чиққан. Сваркачилар олов том ичидан чиққанини кўрган экан. Экспертлар ёнғин масаласида хулоса бергани йўқ, сешанба беради, - деди товон тўлаш масаласи экспертиза хулосаси чиққанидан кейин ҳал этилишини гапирган Исоқжон Зарипов.

“Глобалгарантсервис” раҳбари унинг ширкати газ жиҳозлари билан ишлашга лицензияси борлиги, ўша куни чақиртирилган пайвандчилар олдин ҳам бу каби ишларни бажариб келганини қўшимча қилди. Суҳбатдош илгари ўзи шаҳар газ таъминоти тизимида узоқ йиллар ишлаб келганини ҳам эслатди.

Биринчи ҳодиса эмас...

Газ счётчикларини ўрнатиш пайтида газ таъминоти идоралари томонидан аҳолига зарар етказиш ҳолатлари олдин ҳам учраган.

Хусусан, Kun.uz шу йил июль ойида Самарқанд шаҳрида “Самарқанд Ҳудудгаз” МЧЖчи томонидан Кулоллар маҳалласи Ғайрат кўчасида янги газ ҳисоблагич ўрнатиш чоғида чиққан ёнғин оқибатида уч хонадонга ўт кетгани ҳақида хабар қилганди.

Ҳодиса гувоҳлари ёнғин ичида гази бор қувурни болгарка ёрдамида кесаётганида келиб чиққанини айтишган.

2020 йилнинг 24 сентябрь куни Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирида ўрнатилган “ақлли газ ҳисоблагич” икки соат ўтиб-ўтмай, портлаб кетгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди. Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевга қарашли Texnopark МЧЖ ишлаб чиқарган бу ҳисоблагичлар ҳатто мутахассислар эътирозига сабаб бўлган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни "Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш" лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

Президент қарори билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни 2021 йил 1 августга қадар якунига етказиш топширилди.

XS
SM
MD
LG