Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Ҳужжатлар Ортиқхўжаев билан тузилган $583 млнлик шартнома қонунийлигини савол остига қўймоқда


Акфа/Aртел корпорацияси эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиëевга яқин мулозимлардан саналади
Акфа/Aртел корпорацияси эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиëевга яқин мулозимлардан саналади

Келаси йил августига қадар табиий газ истеъмол қилувчи ҳар бир ўзбекистонликнинг уйига “ақлли” деб тақдим этилаëтган газ ҳисоблагичлар ўрнатилади.

Бу ҳақда президент Мирзиëев бир эмас¸ бир неча қарорни имзолаган.

Ўзбекистонликларни ëппасига табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими (русча қисқартмаси - АСКУГ-таҳр.)га ўтказиш лойиҳаси буюртмачиси - давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” AЖ.

Ушбу лойиҳа доирасидаги 3.5 миллион донадан ортиқ “ақлли газ ҳисоблагич”ни "Ҳудудгазтаъминот"га Тошкентдаги Texnopark МЧЖ си етказиб бермоқда.

Жорий йилнинг 3 апрель куни Texnopark МЧЖ идоралараро комиссия қарори билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ўтказилган тендер ғолиби деб топилди. Ана шу қарор асосида 23 апрель куни томонлар давлат буюртмасига оид ҳуқуқий ҳужжат – шартнома имзолади.

Озодлик тасарруфидаги шартнома нусхаси матни¸қолаверса, унга Ўзбекистон расмий идоралари берган хулоса 2020 йилнинг 6 октябрига келиб, баҳоси 583.8 миллион АҚШ долларига кўтарилган лойиҳага доир ҳужжат Ўзбекистондаги қатор қонунларни бузган ҳолда тузилганини кўрсатмоқда.

Texnopark тендер бошлангунга қадар бир дона ҳам газ ҳисоблагич ишлаб чиқармаган. Айни кунларда ҳар бир ўзбекистонлик уйига ўрнатилаëтган Texnoparkнинг Osten брендидаги газ ҳисоблагичлари кенг кўламли ва давомли техник синовдан ўтмаган.

24 сентябрь куни Андижондаги хонадонлардан бирида Osten газ ҳисоблагичи ўрнатилганидан 2 соатча ўтиб, портлади.

Бу ҳодиса эса давлат бюджетига 583 миллион доллардан ортиққа тушадиган лойиҳанинг хавфсизлигини савол остида қолдирди.

Махфий шартнома

Акфа/Артел корпорацияси эгаси¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор Texnopark МЧЖ ва давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасидаги шартнома 2020 йилнинг 23 апрель куни имзоланган.

Шартнома матнини Ўзбекистон ҳукумати тизимида ишловчи мулозим Озодликка анонимлиги мутлақ кафолатланиши шарти билан тақдим этди.

Иловаси билан бирга 15 саҳифалик бу шартномага Texnopark МЧЖ (етказиб берувчи-таҳр.) томонидан унинг директори Сарвар Аҳадов¸ “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (буюртмачи-таҳр.) томонидан эса¸ АСКУГ (табиий газ назоратининг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими-таҳр.) дирекцияси раҳбари Шаҳноза Исломова қўл қўйган.

Шартнома фақат бир тил – рус тилида тузилган.

Шартномада томонлар мазкур ҳужжатнинг мавжудлигини очиқламаслик мажбуриятини зиммасига олган.
Шартномада томонлар мазкур ҳужжатнинг мавжудлигини очиқламаслик мажбуриятини зиммасига олган.

Бу ҳужжат¸ уни тузганлар назарида шу қадар махфийки¸ шартномадаги қариб бир ярим саҳифалик алоҳида бобга кўра¸ томонлар ҳатто унинг борлигини эътироф этмаслик мажбуриятини зиммасига олган (бу банд ҳақида қуйида махсус тўхталамиз -таҳр.).

Шартномага кўра¸ Tеxnopark МЧЖ “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятига жами 3 546 148 дона олти ҳар хил моделдаги газ ҳисоблагич қурилмаси¸ 2 455 176 дона ҳисоблагич ва газ босими регулятори учун қути ва 1 292 969 дона регулятор етказиб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

2021 йил 1 июлига қадар тўлиқ бажарилиши кўзда тутилган бу харид нархи¸ шартнома имзоланган 23 апрель кунги ҳисоб-китоб бўйича¸ ҚҚС қўшилган ҳолда¸ 5 006 885 168 040 (беш триллион олти миллиард саккиз юз саксон беш миллион бир юз олтмиш саккиз минг қирқ) сўм қилиб белгиланган.

Шартнома моҳияти

3.5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликни Osten брендидаги газ ҳисоблагичларга мажбурий ўтказиш лойиҳаси солиқ тўловчи пули ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Texnopark МЧЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" МЧЖ ўртасида 2020 йил 23 апрель куни имзоланган махфий шартноманинг тўлиқ матни

Давлат харидларига оид Ўзбекистон қонунчилиги бундай лойиҳаларнинг жамоатчиликка очиқ ва шаффоф бўлишини назарда тутади.

Шулардан келиб чиқиб, Озодлик солиқ тўловчининг ярим миллиард доллари эвазига тузилган ушбу шартнома матнини жамоатчилик эътиборига тақдим этмоқда.

Айни пайтда Озодлик Texnopark МЧЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасида имзоланган махфий келишувга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, бир-биридан мустақил икки экспертга мурожаат қилди.

Экспертлардан бири - Ўзбекистон ҳукумат тизимида ишловчи давлат харидларига оид қонунчилик бўйича мулозим.

Мутахассис шартноманинг бир қатор бандлари амалдаги қонун ҳужжатлариларга зид эканига эътибор қаратди.

Биринчиси - давлат буюртмаси бўйича шартноманинг мутлақо махфийлиги. Шартноманинг 9.4 моддасида томонлар бу келишувнинг борлигини очиқламаслик мажбуриятини зиммасига оляпти - бу ҳужжатнинг ноқонунийлигини эътироф этиш деганидир.

Шартноманинг қарийб бир ярим саҳифаси ҳужжат махфийлигини қандай таъминлаш ҳақида.
Шартноманинг қарийб бир ярим саҳифаси ҳужжат махфийлигини қандай таъминлаш ҳақида.

3.4 параграфда Texnopak МЧЖга 180 кундан кейин ўз товар ва хизмати нархини бир томонлама ўзгартириш ҳуқуқи берилган. Бу тендер ҳужжатлари ва давлат харидларига оид қонунчиликка мутлақо зид.

4.4.8 параграфда шартнома амалда бўлган муддат ичида бошқа бирор ишлаб чиқарувчи билан газ ҳисоблагич¸ регулятор ва унинг қутиси бўйича музокара олиб бориш таъқиқланган. Бу «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг бузилиши ва поставшчик¸ яъни Texnopark МЧЖнинг монополистик манфаатларини ҳимоя қилишдир.

5.10.5 параграфда ҳисоблагич ва регулятор газни нотўғри ҳисобласа¸ ишлаб чиқарувчи берган кафолат унга татбиқ қилинмайди¸ дейилган. Бу билан Texnopark газ ҳисоблагичларининг газни нотўғри ўлчаши ортидан истеъмолчи ва давлатга етадиган катта йўқотишлар учун жавобгарликни устамонлик билан ўзидан соқит қилмоқда. АСКУГ лойиҳасининг бош мақсади айнан газ ҳисоблашдаги хатолик ва йўқотишларни тугатиш ва тизимдаги барқарорликни таъминлашдир. Ишлаб чиқарувчи айнан ана шу барқарорлик учун кафолат бериши шарт¸ аммо шартномада Texnopark бундай жавобгарликни зиммасига олмаган.

6-моддада АСКУГ лойиҳаси дастурий таъминотини Италиянинг TERRANOVA S.R.I. компанияси амалга ошириши айтилган. Нима учун миллионлаб ўзбекистонлик газ истеъмолчиларига оид шахсий маълумотлар хориж компаниясига топширилмоқда? Нима учун АСКУГ лойиҳасининг камида 10 йилга мўлжаллангани айтилаëтган бир пайтда¸ унинг дастурий таъминоти фақат 2 йил амал қилади? Бу тендер ҳужжатларига зид.


12.5 Шартнома фақат бир тил – рус тилида тузилган. «Давлат тили ҳақида»ги қонунга кўра¸ корхоналар¸ хусусан¸ давлат корхоналарида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши лозим. Бу яна битта қонуннинг бузилишидир".

"Бизнес корпорацияси"

Озодлик сўрови билан Texnopark МЧЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасидаги махфий шартнома билан давлатга қарашли компаниялар тузаëтган келишувлар жараëнига бевосита алоқадор ҳуқуқшунос ҳам танишиб чиқди.

Бу мутахассис корпоратив ҳужжатлар билан ишлашга ихтисослашган.

Ярим миллиард доллардан ошиқ бу шартнома¸ Ўзбекистонда¸ айниқса кейинги йилларда урфга кирган махфий шартнома ва келишувларнинг яна бири¸ холос. Агар сиз энергетика соҳасида давлат компаниялари ва хусусий ширкатлар ўртасида имзоланилаëтган келишувлар матнига қарасангиз¸ уларнинг ҳаммасида айни шундай махфийлик ҳақида махсус боб борлигини кўрасиз. Eriell, ENTER Engineering каби компаниялар билан тузилаëтган бир неча миллард долларлик шартномалардан бирортасининг ҳатто борлиги ҳақида жамоатчиликка маълумот берилганми? Йўқ¸ албатта".

Озодлик суҳбатлашган эксперт Мирзиёев даврига келиб, Ўзбекистон "худди бизнес корпорацияси каби бошқарилаётгани"ни таъкидлади.

"Бундай амалиëт Каримов даврида ҳам бор эди¸ аммо у кўпроқ давлат компанияларининг Россия¸ Хитой¸ Кореядаги давлатга алоқадор катта компаниялари билан тузилган йирик шартномаларга оид эди. Бугунга келиб¸ Ўзбекистон худди бизнес корпорацияси каби бошқарилмоқда ва унинг бойликлари¸ солиқ тўловчи пули ва давлат кафолати билан олинаëтган миллиардлаб қарз ҳисобига тузилаëтган шартнома ва келишувлар “бизнес сири”га айланмоқда. Бу энди Ўзбекистон тарихида ҳали кўрилмаган бутунлай бошқа даражадаги коррупция”.

Шартнома қонунга мувофиқ экспертизадан ўтказилганми?

Ўзбекистондаги қатор қонунлар¸ қолаверса¸ президент Шавкат Мирзиëев имзо чеккан қатор қарор ва фармонларга кўра¸ давлат харидларига оид жараëннинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида контрактлар бир неча идорада экспертизадан ўтказилади.

Озодлик ўз суриштируви давомида Texnopark МЧЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ўртасидаги шартноманинг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа ҳужжатларга кўзда тутилган экспертизадан ўтган-ўтмаганини аниқлашга уринди.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот котиби Меҳрибон Маметова Озодлик билан суҳбатда шартномани кўрмагани¸ уни тайëрлаш жараëнидан бехабарлигини айтди. Айни пайтда¸ “қонунга кўра ким экспертиза қилиши керак бўлса¸ ўшалар текширганига шубҳа қилмаслиги”ни билдирди.

Texnopark директори Сарвар Аҳадов телефонига жавоб берган шахс¸ шартномага оид маълумот берилмаслигини айтиш билан чекланди.

Давлат харидларига оид лойиҳа ва контрактларни экспертизадан ўтказиш билан Иқтисодиëт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази шуғулланади.

Суриштирув давомида Озодлик мазкур марказнинг бир эмас¸ бир неча масъули билан суҳбатлашди.

Биз давлат харидларига оид шартномаларнинг тўлиқ матнини экспертизадан ўтказмаймиз¸ унинг фақат нархга оид қисмини кўриб чиқамиз. Поставшик таклиф қилган нархни бозордаги айни шу турдаги бошқа маҳсулот баҳоси билан солиштирамиз ва хулосамизни берамиз. Texnopark МЧЖ билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасидаги шартнома бизга келмаган ва бизнинг ценевой экспертизамиздан ўтмаган”¸- деди мазкур марказнинг шахси очиқланмаслигини сўраган масъули.

Айни марказнинг бошқа мутахассиси ҳам қарийб уч йилдан бери фаолият олиб бораётган бу марказ экспертизадан ўтказган шартнома лойиҳалари орасида Texnopark МЧЖ билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасидаги шартнома йўқлигини таъкидлади.

Монополияга қарши кураш қўмитаси расмийлари ҳам Texnopark МЧЖ билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўртасидаги шартномадан бехабарлигини билдирди.

“Бизнинг қўмита бу харид бўйича тендерга ҳам қўйилмади¸ тендердан кейинги документациядан ҳам хабаримиз йўқ”¸- деди монополияга қарши кураш учун масъул тизим расмийси.

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиëев 24 сентябрь - Андижондаги хонадонда Osten газ ҳисоблагичи ўрнатилганидан икки соат ўтиб портлаган айни кунда ўзбекистонликлар хонадонига бу ҳисоблагичларни ўрнатишни тезлатиш ҳақида махсус қарор чиқарди.

Ушбу қарорда:

Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида “Ҳудудгазтаъминот” AЖ томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар орасида белгиланган тартибда ўтказилган тендер натижаларига мувофиқ “Технопарк” МЧЖ билан электрон газ ҳисоблагичлари ва зарур бўлган ускуналарни етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин”¸ деб ëзилди.

Бу эса, томонларнинг шартнома мавжудлигини “мутлақ сир сақлаш” ҳақидаги келишуви бузилишига олиб келди.

Президент қарори билан Тараққиëт ва тикланиш жамғармаси нархи қарийб 600 миллион АҚШ долларига яқинлашиб қолган бу лойиҳанинг бош молиячиси этиб белгиланди ва жамғармага “Ҳудудгазтаъминот” хариди учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиëзли кредит ажратиш буюрилди.

Texnopark ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ расмийлари имзолаганидан қарийб олти ой ўтиб¸ бу шартнома унга бевосита алоқадор бошқа тизимлар томонидан ўрганила бошланди.

Шартноманинг қонунларга мос келмаслигини ваколатли идоралар билади

Озодликка Энергетика вазирлиги тизимида ишловчи мулозим томонидан юборилган ички ҳужжатлар бу шартноманинг президент қарорида номи тилга олинган жамғарма ва агентликларга сентябрнинг сўнгги кунларида юборилганини кўрсатади.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиëт жамғармаси ижрочи директори У.Мухторовнинг “Ҳудудгазтаъминот”АЖ раҳбариятига ëзган мактубидир.

Ушбу жамғармага президент қарори билан АСКУГ лойиҳасини амалга ошириш учун "Ҳудудгазтаъминот" АЖга 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш вазифаси юкланган.

6 октябрь санаси қўйилган хатида жамғарма раҳбари Texnopark МЧЖ билан тузилган шартнома бўйича қатор жиддий эътирозларни билдирган.

Уларнинг биринчисига кўра¸ Texnopark МЧЖ сотаëтган товарнинг замонавийлиги¸ унинг шу турдаги бошқа маҳсулотлардан устунлигини далилловчи¸ шунингдек дастурий таъминотга лизенция берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас.

Иккинчи эътирозда эса¸ 23 апрель куни тузилган шартноманинг бекор қилинишига асос бўладиган жиддий қонунбузарлик тилга олинган.

Шартномага “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан берилган ваколат асосида АСКУГ дирекцияси раҳбари қўл қўйган. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра¸ қиймати жамият тоза активларининг 50 фоизидан ошадиган йирик келишувлар ҳақидаги қарор акциядорлар ялпи мажлиси томонидан қабул қилиниши керак. 2020 йилнинг 1 июлидаги ҳисоб-китобга кўра¸ “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тоза активлари қиймати 3.16 триллион сўмни ташкил қилгани ҳолда¸ бу келишув нархи 5 триллион сўмдан ошиқ”¸ дейилади жамғарма расмий хатида.

Озодлик суҳбатлашган жараëн тафсилотларидан яхши хабардор мулозим¸ айнан шу қонунбузарлик Texnopark МЧЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш учун етарли асос бўла олишини таъкидлади.

Тикланиш ва тараққиëт жамғармаси томонидан юборилган хатда шунингдек¸ шартноманинг тўлов ҳақидаги шартлари Тендер комиссияси тасдиқлаган ҳужжатларга мос келмаслиги айтилади. Шунингдек¸ Texnopark МЧЖга ўз товари нархини 180 кундан сўнг ўзгартириш ҳуқуқи берилгани “Давлат харидлари тўғрисида”ги 2018 йилги қонунга зид экани урғуланади.

583.8 миллион АҚШ долларининг манбаси қаерда?

Озодлик ихтиëридаги бошқа бир ҳужжат “Ўзинжиниринг” республика лойиҳа институти директори 1-ўринбосари Ш.Шаймардоновнинг “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви директори Б.Эшмуродовга юборган мактубидир.

Бу мактуб ҳам 6 октябрь санаси билан ëзилган ва унда АСКУГ лойиҳаси ижроси юзасидан берилган сўров ва маълумотларнинг 24 сентябрь куни қабул қилинган президент қарорига номутаносиблиги кўрсатилган.

Бу мактубдаги асосий жиҳат¸ Texnopark МЧЖ билан имзоланган шартнома ижроси учун керак маблағ манбаи аниқ эмаслигига оид эътироздир.

Хатда ëзилишича¸ АСКУГ лойиҳаси учун капитал харажатлар 583.8 миллион АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда¸ унинг 177.5 миллион доллари манбаси аниқ¸ холос – 150 миллион долларни Тикланиш ва тараққиëт фонди¸ 27.5 миллион долларни “Узпромстройбанк” беради.

Шундан келиб чиқиб, Шаймардонов “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раҳбаридан қолган 406.3 миллион АҚШ долларининг қаердан олинишига аниқлик киритувчи ҳужжатларни тақдим этишни сўрайди.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимига алоқадор мулозимга кўра¸ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли Texnopark МЧЖ билан тузилган махфий шартноманинг Ўзбекистон қонунчилигига зид экани¸ унинг катта коррупцион схема устига қурилганига оид хавотирлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ҳам етиб борган.

Шу муносабат билан агентлик “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан қатор ҳужжатлар сирасида айни шартнома матнини ўзига тақдим қилишни сўраган.

Бу сўровнинг қондирилган-қондирилмаганига оид аниқ маълумот Озодликда ҳозирча йўқ.

XS
SM
MD
LG