Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:46

Меҳнат муҳожирлари: Ўзбекистон ҳукуматининг бизга муносабати ўзгарганини сезаяпмиз


Ўзбекистонда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси тузилади. Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга биноан, бу органнинг асосий вазифаси меҳнат миграциясига оид давлат органлари фаолиятини бошқариш, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

Ўзбекистон президентининг фармонида мигрантлар масаласига оид бошқа ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар ҳам бор.

Россиядаги ўзбек мигрантлари бу ислоҳотларни ўзларида ҳис этаяптими? Озодлик бу саволни Россиядаги муҳожирларга берди.

“Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, тузиладиган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссиясига Бош вазир Абдулла Арипов раислик қилади.

Президентнинг янги қарорида бу органнинг асосий вазифаси меҳнат миграциясига оид давлат органлари фаолиятини бошқариш, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш экани айтиб ўтилган.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган Меҳнат вазирлиги мутасаддиларидан бири комиссия Ўзбекистон ҳукуматининг миграция масаласига алоқадор турли идора ва давлат муассасалари ишини бирлаштириб, бошқаради деди.

Муассаса вакилига кўра, бу тузилмага ташқи меҳнат миграцияси малалаларига жавобгар хорижий давлат ва нодавлат органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси юкланган. Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси хорижлик мутахассислар кўмагида Ўзбекистоннинг “меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясига доир халқаро шарнома ва битимларга қўшилиш” масаласини муҳокама этаётгани айтилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ҳам ташкил этилди.

Президентнинг меҳнат муҳожирларига оид фармонида уларга 2020 йилда кўп квартирали уйлардан республика бўйича жами 3 462 та хонадон ажратиш, меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган кредитларни қайтаришни “Азия инвест банк” АЖ ва Россиядаги бошқа ҳамкор-банклар орқали Россия рублида, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш механизмини жорий қилиш каби чоралар ҳам белгилаб ўтилган.

Меҳнат муҳожирлари: Ўзбекистон ҳукуматининг бизга муносабати ўзгарганини сезаяпмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:11 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига президент Шавкат Мирзиёев келиши ортидан Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат муҳожирларига бўлган муносабати ўзгариб бораётгани айтиб келинади.

Хўш, бу ўзгаришларни оддий муҳожирлар ҳис этаяптими?

Озодлик бу саволни Россиядаги ишлаётган ўзбекистонликларга берди. Қуйида уларнинг жавобларини ўқишингиз мумкин.

А., 33 ёшда, такси ҳайдовчиси, Москва ш.:

- Ўзгаришлар бор. Айниқса, чегарада, аэропортларда сезяпмиз – текширувлар йўқ олдингидай, тез чиқиб кетяпмиз ё киряпмиз. Телефон мумкин эмас, нима иш қилгансан деган саволлар йўқ бўлди. Бемалол пул олиб кириш мумкин. Ўликларни жўнатишда ёрдам беришяпти. Лекин, Москвадаги посольстволарда барибир навбат катта, унинг ишини янада такомиллаштирса бўлади. 100 фоизли яхши ишлаш даражасига элчихоналаримиз етиб келмаган.

Ф., ошпаз, 31 ёшда, Владивосток ш.:

- Мен сезганим, бу ердаги Ўзбекистон консуллиги дарров жавоб бера бошлади. Владивостокда консулликдан информация олиш ҳам осон бўлди. Бир ҳамюртимиз аёл ўлиб қолибди. Консулликка телефон қилсам, уларнинг хабари бор экан, кўмак беришга ваъда қилишди. Лекин муҳожирлар бошқа нарсада ҳукуматдан кўмак кутаяпти – патент нархи арзон бўлиши, прописка масаласи оғир бўлиб кетаяпти, милицияга тушиб қолсангиз қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдириб, аҳволимизни ёмон қилиб қўйяпти. Қирғиз муҳожирлари каби бемалол юриш ва ишлашни истаймиз. Президент Мирзиёев келишидан катта умидда эдик.

Р., қурувчи, 38 ёшда, Жиззах, Новосибирск:

- Мен, тўғриси, ҳеч ўзгариш сезганим йўқ. Қандай бўлса шундай ишлаб юрибман, ўша-ўша муаммолар билан яшаб ишлаб келаяпман Россияда. Бу ерда қайтанга мураккаб бўлиб бораяпти ишлаш, солиқлари кўпайиб кетаяпти. Мумкин мени ишим тушмагани учун элчихона қандай ишлаётгани тўғрисида фикр билдира олмайман. Лекин уйга бормаганимга 2 йил бўлди. Мумкин у ерда ўзгаришлар катта деб айтишаяпти, кўрамиз.

А., 47 ёшда, сотувчи, Москва вилояти:

- Жуда катта ўзгаришлар! Биринчидан, 4 минимал ойликни йиғиб қўйсангиз сизга стаж сақланар экан.Ўзбекистонда пенсия жамғармасига тўлаб қўйсангиз, «трудовой» сақланар экан. Иккинчиси, ўликларни ҳаммасини жўнатишга ҳукумат 100 фоиз ёрдам бераяпти. Учинчиси, Ўзбек миллий маркази ишлаяпти. Олдин йўқ эди унинг фаолияти. Ҳозир элчихонада жуда чиройлик кутиб оляпти, хушмуомала! 360 градусга ўзгарган элчихона. Олдин унга яқинлашиб бўлмасди. Олдин шикоят қилиб бўлмасди – ҳозир бемалол кириб бориб айтаверинг. Чунки биров арз қилса дарров президентга етиб бораяпти!

Б., 44 ёшда, қўриқчи, Санкт-Петербург:

- Бизнинг Питердаги консулликда монополия бўлиб кетган – одамларга ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти. Бориб-келишда аэропортларда яхши бўлиб қолди, лекин. Юк титишлар йўқ бўлиб кетди, бурунгига нисбатан хушмуомала бўлиб қолгани ҳам рост гап! Юк олиб кираётган одамлар қийналяпти, катта нарса билан муаммо бор – эски велосипедга ҳам 1,6 миллион налог қўйган. Илгарига нисбатан одамларни консулликда эшитишяпти, лекин фақат ҳақ-ҳуқуқини талаб қилаётганларни.

С., 22 ёшда, қурувчи, Самара вил.:

- Ҳамма болалар ҳужжатларни элчихонада тайёрлаш осон бўлиб қолди, муаммоларингизни эшитишаяпти, деяпти. Лекин ойлик масаласида, ишимизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ - ўша иш, ўша ойлик, ўша муносабат. Полиция ва Россия идоралари бизни иккинчи даражали кўриб келишади. Ўзбекистонликларга ҳам Россияда буларнинг муносабатни ўзгартиришнинг иложи йўқмикин?

XS
SM
MD
LG