Россия Давлат статистика хизмати (Росстат) мамлакатда иқтисодий фаол аҳоли қатлами кескин юпқариб бораётганини қайд этди. Айни пайтда мутахассислар Россия меҳнат муҳожирлари учун ҳам ўз жозибасини йўқотиб бораётганини гапирмоқда.
Ҳар ойда Россия иқтисодиётига жалб этилган ишга лаёқатли, яъни ёши 15 дан пенсия ёшигача бўлганлар сони 80 -100 минг кишига камаймоқда.
Росстат тақдим этаётган бу рақамларга кўра, ишчи кучининг бу тарзда кескин камайиши ҳали XXI асрда кузатилмаган.
Келтирилган ҳисоб-китоблардан сўнгги 12 ой давомида мамлакат иқтисодий фаол қатламига кирувчилар сони 1.064 миллион нафарга ёки 1,4 % га камайгани англашилади.
Россия иқтисодиётида бевосита меҳнат қилаётганлар сони эса, ўтган йилга нисбатан 908 минг кишига (-1,2 фоизга) камайгани, яъни 2013 йилги кўрсаткичдан ҳам пасайиб кетгани қайд этилди.
Росстат рақамларига кўра, 2019 йилнинг апрелида мамлакат бўйлаб ишчи кучи 74,941 млн нафарни ташкил этди.
Давлат статистика хизмати Россия иқтисодиёти учун хатарли саналган бу ҳолат сабабларига ҳам тўхталиб ўтди.
Мутахассислар Россия меҳнат захираларининг кескин қисқаришига энг аввало демография муаммоси, яъни мамлакатда туғилаётганлардан ўлаётганлар кўплигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Йиллик бу кўрсаткичларнинг кескин тушишига халқаро санкциялар ва босим остида қолган мамлакат иқтисодиётида давом этаётган иқтисодий ва сиёсий инқироз ҳам сабабчи бўлгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Россияда меҳнат ресурслари камайиб бораётган бир вақтда корхоналарнинг янги ишчи кучига бўлган талаби ҳам сезиларли даражада ошмаётгани кузатилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг апрелига нисбатан бу кўрсаткич атиги 2,9 фоизга кўтарилди.
Кузатувчилар Россиянинг бу муаммосини ҳатто Владимир Путин ҳукумати томонидан қабул қилинган пенсия ёшининг кескин кўтарилиши ҳам ҳал эта олмаслигини гапирмоқда.
Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) “Интеграция барометри” деб номланган янги маърузасида Россия аҳолиси орасида меҳнат мигрантларига қарши кайфият кучайиб бораётгани қайд этилган. ЕОТБ Россиянинг аҳолисининг 53 фоизи ўзга мамлакатлардан келган ишчиларга нисбатан адоватли муносабатда эканини қайд этган. 2012 йилда бу кўрсаткич 46 фоизни ташкил этган эди.
Бошқа томондан Евроосиё тараққиёт банки ҳисоб-китобига кўра, Россия охирги бир неча йилда вақтинчалик меҳнат мигрантлари учун ўз жозибасини йўқотиб бормоқда. Демографик ва меҳнат захиралари муаммосига дуч келган Россия ҳукумати охирги пайтда Россия паспортларини оммавий тарзда қўшни давлатларда яшаётган “рус тилли” ёки “рус маданияти вакиллари”га топширишни бошлагани, вақтинчалик яшашга рухсатномалар сонини кўпайтиргани ва қатор мамлакатларга нисбатан миграция амнистияларини эълон қилаётганини кузатиш мумкин.
Шу билан бирга Россия Ўзбекистондан меҳнат муҳожирлигига чиқиб кетаётганлар учун асосий мамлакат бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотича, 2018 йилнинг биринчи 9 ойи давомида Ўзбекистонни тарк этганларнинг умумий сонидан 46 фоизи - Россияга жўнаб кетган.