Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Тадқиқот хулосаси: Ўзбекистонда ОИТВ юқтирган кишилар тўғридан-тўғри камситилади


Ўзбекистонда ОИТВ эпидемияси концентрациялашган, яъни бу касаллик муайян гуруҳлар орасида тарқалган. 2018 йил 1 январигача бўлган расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ОИТВ юқтирганлар сони 37 861 киши бўлган.

Бу маълумот қароргоҳи Таллинн шаҳрида (Эстония) жойлашган Эркаклар саломатлиги бўйича Евроосиё коалицияси (ЕСОМ) расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда келтирилди.

Қуйида "Ўзбекистонда ЛГБТ вакиллари ва ОИТВга чалинганлар билан боғлиқ миллий қонунчилик таҳлили"га бағишланган ҳисобот муқаддимаси мазмуни билан танишишингиз мумкин.

ОИТВ юқтирганлар кишилар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, аммо, асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатга олинган. ОИТВ, асосан, жинсий алоқа (69,5 фоиз) ва парентерал (19,5 фоиз) йўллар билан юққан. 2017 йилда ОИТВ юқтириб яшаётган эркаклар ва аёллар сони тенглашди.

Давлат идоралари хабарига кўра, 2017 йилда республиканинг 5 та вилоятидаги 2039 дан ортиқ МСМ (бошқа эркак билан жинсий алоқа қилувчи эркак) профилактик тадбирлар билан қамраб олиниб, уларга 151 918 та презерватив тарқатилди. Уларнинг 612 дан ортиғи қонида ОИТВ бор-йўқлигини аниқлаш учун тезкор ва ИФА (иммунофермент таҳлили) усуллари билан синовдан ўтказилди. Аммо эркаклар ўзаро жинсий алоқа қилгани учун жиноий жавобгарлик борлиги бундай маълумотлар аниқ эканига шубҳа уйғотади.

ОИТВ юқтирган МСМ бўйича статистика маълумотлари ишончли бўлиши мумкин эмас, чунки кўплаб ўзи жинси вакили билан жинсий алоқа қилувчи кишилар, ҳатто тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашаётганда ҳам, таъқиблардан қўрқиб, жинсий мойиллигини ошкор қила олмаслигини айтади. Бундан ЛГБТ вакиллари ҳам мустасно эмас, улар ОИВ юқтирганини билса-да, оқибатидан қўрқиб, рўйхатдан ўтмайди.

ЛГБТ вакиллари орасида ОИТВ юқтирганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Нимрасмий маълумотларга қараганда, МСМ орасида ОИВ тарқалиши 2011 йилда 0,7 фоиз бўлган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Соғиқни сақлаш вазирлиги буйруғига кўра, 2012 йилдан бошлаб, МСМ қалтис гуруҳга киритилмайдиган бўлди. ЮНЭЙДС маълумотларига кўра, ОИТВ юқтираётганлар сони йилдан-йилга узлуксиз ошиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида одамларни саломатлиги белгиларига қараб камситишни бевосита тақиқлаш кўзда тутилмаган. Бинобарин, бунақа тақиқ Меҳнат кодексида ҳам йўқ, лекин унинг 6-моддасида “ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб” камситиш тақиқланади, аммо бу саломатлик белгиларига қараб камситиш бевосита тақиқланади дегани эмас.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг “Одамнинг иммунитет танқислиги келтириб чиқарадиган касаллик (ОИТВ-инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунида меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишга қабул қилмаслик, таълим муассасаларига қабул қилмасликка йўл бермайди (бундан айрим таълим муаасасаларигина мустасно). Бундан ташқари, “Фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ватандошларга қандай касали бўлишидан қатъи назар, камситишдан ҳимояланишни кафолатлайди.

Ўзбекистонда ОИТВ юқтирган кишилар тўғридан-тўғри камситилади. Улар Маъмурий жавобгарлик кодексининг касаллик юқтириш манбасини яширишни тақиқловчи 57-моддасига асосан, жинсий шериклари ҳақидаги маълумотни давлат хизматларига ошкор қилишга мажбур.

Бундан ташқари, ОИТВ бор-йўқлигини аниқлаш учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш чораси ҳам қўлланади. Кўрик терговдан олдин текширув ўтказаётган идора амалдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки қонунчиликда белгилаб қўйилган тартиб бўйича суднинг ажрими билан одамнинг ёки унинг қонуний вакили розилигиз ўтказилади.

“Қонунчиликнинг ЛГБТ вакиллари ва ОИТВ юқтирган кишилар ҳуқуқига тегишли таҳлили”дан ЛГБТ вакиллари ва ОИТВ юқтирган кишилар ҳуқуқига оид қўшимча маълумотлар олишингиз мумкин. Уни ECOM (Эркаклар саломатлиги бўйича Евроосиё коалицияси) тайёрлаган.

XS
SM
MD
LG