Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:31

Шаҳрисабзда 7-синф ўқувчиси ўзини осиб ўлдирди


 Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

28 ноябрь куни Шаҳрисабздаги 1- лицейнинг 7- синфида ўқийдиган бола ўз уйида осилган ҳолда топилди.

Туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг Озодликка айтишича, юз берган воқеа юзасидан туман прокуратураси ўз суриштирувини бошлаган.

Болалари ушбу лицейда ўқийдиган шаҳрисабзликнинг иддао қилишича, ўқувчига лицейда дакки берилгани ортидан у ўз жонига қасд қилган.

Лицей директори Шарофиддин Зайниддиновга кўра, мактаб аълочиларидан бири бўлган бу ўқувчини ҳеч ким изза қилмаган.

Шаҳрисабзда 7-синф ўқувчиси ўзини осиб ўлдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00
Бевосита линк

Қўшнининг деганлари

Марҳумнинг қўшниларидан бирига кўра, воқеа 28 ноябрь куни кечки соат 4:30ларда содир бўлган.

“Боланинг оиласи жуда тартибли оилалардан бири. Зиёли оила. Бу

Шаҳрисабздаги 1- лицей биноси
Шаҳрисабздаги 1- лицей биноси

оила ҳақида ҳеч ёмон гап эшитмаганмиз. Оиласида икки қиз, бир ўғил бор эди. Энди фақат қизлари қолди. Эшитиб шокка тушдик. Бола ҳам аълочи бўлган деб эшитганмиз. Ҳар хил миш-миш тарқалди. Кимдир лицейда болага роса дакки берганини айтишди. Лекин ўша куни уни кўрганлар, боланинг кайфияти яхши бўлганини айтишди”, дейди исмини очиқламасликни сўраган аёл.

Озодликка ушбу воқеа ҳақида хабар берган бошқа бир шаҳрисабзликнинг иддао қилишича, 7-синф ўқувчиси мактабда изза қилишгани учун ўз жонига қасд қилган.

“Менинг иккита болам шу лицейда ўқийди. Бу воқеа ҳақида болаларим айтиб берди. Кейин ўқитувчилари билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, ўша куни бу ўқувчи лицей синфларидан бирининг деразасини синдириб қўйган. Шунинг учун ўқитувчиси болага роса дакки берган. Бола уйига бориб, ўзини осиб қўйган”, деди шаҳрисабзлик йигит исмини очиқламаслик шарти билан.

Директор инкори

Лицей директори Шарофиддин Зайниддинов Озодлик билан суҳбатда ўқувчига ўқитувчиси томонидан дакки берилганини мутлақо инкор қилди:

“Бизнинг “Ҳамма бир-бирини сизлаши лозим” деган шиоримиз бор. Лицейда бирорта ҳам ўқувчига дакки берилмайди. Ўқувчиларимизни танлаб олганмиз. Ҳаммаси тартиб-интизомли ўқувчилар. Бу бола ҳам яхши ўқирди. Фақат "4", "5" га ўқирди. Кейин лицейда дераза сингани ва уни ўқитувчиси уришгани бўлмаган гап. Ҳеч ҳам бундай нарса бўлмаган”.

Айни пайтда Зайниддинов яқинда лицейда ўтган ота-оналар йиғилишида марҳум ўқувчининг баҳолари фақат "5" эмаслиги ҳақида гапирилганини айтди.

“Ўша йиғилишда бу ўқувчининг онаси ҳам қатнашган. Боланинг 4-5 та "4" баҳоси борлиги айтилган. Кейин боланинг онаси келиб, ўғлининг дарсида ҳам қатнашиб кетди. Онаси бизга раҳмат айтиб кетди. Лекин ҳеч қайси ўқитувчиси болани "4" баҳо олгани учун уришгани йўқ”, деди лицей директори Шарофиддин Зайниддинов.

Шаҳрисабз туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг Озодликка айтишича¸ юз берган воқеа юзасидан туман прокуратураси ўз суриштирувини бошлаган.

Мамлакатда суицид ҳолатлари ошаётгани Ҳукумат мажлисида айтилган

Озодлик жорий йилда Яккабоғ¸ Андижон¸ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўқувчиларнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилган эди.

Жумладан, 17 сентябрь куни ота-онаси Россияда ишлаëтган яккабоғлик 16 яшар ўқувчи бувисининг уйида осилган ҳолда топилди.

26 сентябрда Андижон вилоят, Олтинкўл туманидаги 4- ўрта мактабнинг 7- синф ўқувчиси ўз уйининг оғилхонасида осилган ҳолатда топилди.

Президент Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йил 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG