Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Наманганда таътилдаги ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олишга сафарбар этилди


Ўқитувчилар аҳолини турли рўйхатларга олиш ишларига тез-тез жалб этилади. Ёшлар Иттифоқининг расмий сайтидан олинган бу суратда ёшларни рўйхатга олиш жараёни акс этган. 2018, ёз.
Ўқитувчилар аҳолини турли рўйхатларга олиш ишларига тез-тез жалб этилади. Ёшлар Иттифоқининг расмий сайтидан олинган бу суратда ёшларни рўйхатга олиш жараёни акс этган. 2018, ёз.

Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларининг айрим ўқитувчилари жазирама иссиқда уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига мажбурланаётганликлари ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Муаллимларга кўра, мактаб директорлари уларни таътилдан чақириб олган ва хонадонларга кириб вилоят ҳокимлиги тузган анкетани тўлдиришни буюрган.

Наманган вилояти ҳокимлиги расмийси Озодликка аҳоли бандлигини аниқлаш бўйича рўйхатга олиш ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

Аммо, мулозим бу ишга муаллимларни чиқаришга ҳеч ким буйруқ бермаганини айтди.

Ўзбекистонлик ўқитувчилардан шу пайтгача пахта терими, улар кўча супуриш каби ишларга жалб этилаётгани тўғрисида кўплаб хабарлар келган. Намангандан келган сўнгги хабарда улар уйма-уй юриб аҳолини рўйхатга олаётгани айтилган.

Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламаcликни сўраган наманганлик муаллимнинг Озодликка айтишича, ўзи ишлайдиган мактабдан 10 дан зиёд ўқитувчи 5 августдан буён уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига жалб этилган.

- Директоримиз ўтган ҳафта бошида ҳаммамизни чақиртириб, вилоят ҳокимлигида узкий йиғилиш бўлгани, шу йиғилишда халқ таълими бошқармасига шундай топшириқ берилганини айтди. Шунга ҳозир 40 даража иссиқда ўйма-уй кириб бизга берилган анкеталарни тўлғиздиряпмиз. Чиқмасак директоримиздан балога қоламиз. Ўз навбатида мактаб директори халқ таълими бошқармасидан, халқ таълимидагилар эса ҳокимиятдан балога қолади.

Анонимлик асосида Озодликка гапирган Намангандаги бошқа мактаб ўқитувчилари ҳам бу каби вазифа уларга юкланганини тасдиқладилар.

Наманган шаҳридаги 49-сон мактаб ўқитувчиси бу ҳақда Озодликка шундай деди:

- Маҳалла қўмитаси ва участка нозири қилиши керак бўлган бу ишни ҳам биз муаллимларга илиб қўйишди. Бизни мактабдан етти ўқитувчи чиққанмиз. Ҳар биримизга "Янги тонг" маҳалласидаги кўчалар бўлиб берилган. Тайёр бўш анкета бор, исми, паспорт рақами, ишлайдими йўқми, ногиронлиги борми йўқми, шуларни уйларга кириб тўлғиздирип юрипмиз, мактаб бошлангунича ҳамма анкеталарни тўлдириб, директорга топширишимиз керак экан.

Ўқитувчилар уларга уйларга кириб тўлдириш учун берилган анкета нусхасини Озодликка тақдим қилишди.

Анкетада уни тўлдирувчи шахснинг исми-шарифи, манзили, туғилган жойи, паспорт ёки метрика рақами, рўйхатга олинганлиги, қаерда ишлаши, қаерда ўқиши, синфи, ногиронлигига оид маълумотлар сўралган.

Аҳолини рўйхатга олиш анкетаси.
Аҳолини рўйхатга олиш анкетаси.

Наманган вилоят ҳокимлиги расмийси аҳоли рўйхатини тузиш ишлари олиб борилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Мулозим рўйхатни тузишдан мақсад аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдамга мухтожларни аниқлаш, уларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдам бериш эканини айтди.

Аммо, ҳокимлик мулозими бу ишга муаллимларни чиқаришга ҳеч ким буйруқ бермаганини айтди.

- Рўйхатга олиш бўляпти, лекин буни ўқитувчилар қилсин, деб ҳеч ким буйруқ бермаган, - деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтган йил июнь ойида ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган эди.

Аммо, Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларни аҳолини рўйхатга олиш тадбирига жалб этишга улардан буйруқ берилмаганини айтди.

- Бизда унақа буйруқ йўқ. Ҳеч ким мажбурлаб жалб қилингани йўқ. Бизга ҳам унақа буйруқ берилмаган, - деди Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими.

Бу ўқитувчиларнинг ўзбошимчалиги бўлиши мумкинми?, деган Озодлик саволини Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна Мирзиёева шу йил 16 май куни Facebook саҳифасида қилган баёнотида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини "баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири" сифатида тилга олган эди.

Давлат мулозимлари¸ хусусан¸ ҳокимлар ҳам мажбурий меҳнат мавжудлигини бир овоздан рад этиб турган бир пайтда¸ ўқитувчи ва шифокорлар уларнинг касбий фаолиятига дахли бўлмаган ишларга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка шикоятлар келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG