Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:53

Ўшда АҚШ коррупционер сифатида қора рўйхатга киритган “Райим миллион”ни оқлаш талаби билан митинг ўтказилди


Ўшда ўтган митингда бир неча минг одам иштирок этган.
Ўшда ўтган митингда бир неча минг одам иштирок этган.

Ўшда коррупцияда айбланиб қўлга олинган Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов тарафдорлари митинг ўтказди. Бир неча минг киши иштирок этган намойишда “Райим миллион” сифатида танилган Матраимовни қамоқдан озод этиш талаб қилинди.

28 февралда ўтган митингда Раимбек Матраимов асос солган коррупциявий схемани фош этиб, бу ҳақда журналистик суриштирув ўтказган “Азаттиқ” радиоси ва “Клооп” нашри фаолиятига қарши фикрлар айтилди.

Фуқаровий жамият вакиллари эса АҚШ томонидан 2020 йилнинг 9 декабрида "жаҳондаги йирик коррупционер" сифатида қора рўйхатга киритилган Райимбек Матраимовни оқлаш ҳаракати билан ўтказилган мазкур митингни демократик қадриятлар ва сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоламоқдалар.

Митинг ташкилотчилари митингга 15 минга яқин одам келганини билдиришди. Лекин мустақил кузатувчилар ва журналистлар ҳисоби бўйича намойишда 5 мингга яқин одам қатнашган.

Милиция ва Ўш шаҳар ҳокимияти иштирокчилар сонига аниқлик киритмади, “митинг тинч ўтди” деган маълумот бериш билан чекланди.

Митингчилар Райим миллионни "оммавий ахборот воситаларидан жабрланган шахс" деб эълон қилишди

Митингда иштирок этганлар сафида Қирғизистон парламенти депутатлари Мирлан Бакиров, Бақтибек Райимқулов, Таабалди Тиллаев, Искендер Матраимов ҳам бор эди.

Депутатларнинг барчаси митингда сўзга чиқиб, Райимбек Матраимов бегуноҳ қамалганини айтдилар ҳамда Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар, “Клооп” ва “Азаттиқ” радиоси ишини танқид қилишди.

“Ҳамма ерда ҳолислик бўлиши керак. Нотўғри, ёлғон маълумотлар айтиб келинди. Райимбек Исмаилович Матраимов иши юзасидан депутатлар комиссияси тузилиб, 7 ой ишлади. 700 миллион доллар юзасидан текширувлар олиб борилиб унинг 7 тийинига ҳам Райимбек Матраимовнинг алоқаси йўқлигини аниқлади”, - деди депутат, “Мекеним Қирғизистон” партияси етакчиси Мирлан Бакиров.

Акция иштирокчилари “Матраимовга озодлик!”, “НПО бизга керак эмас!” деган ёзувларни ушлаб туришди. Райимбек Матраимовнинг акаси Искандар Матраимов ҳалқ қўлловига муҳтож эканини билдирди:

“Мен укамни мақтай олмайман, уни халқ мақтасин. Укамнинг гуноҳсиз эканини биламан, қўллаганинглар учун таъзим қиламан”.

Акция якунида Матраимовни озод қилиш, уни “оммавий ахборот воситаларидан жабр кўрган шахс” сифатида баҳолаш тўғрисида резолюция қабул қилинди.

Митинг олиб борувчиси Аман Ибраев эса собиқ божгирни озод қилиш талаби билан Қорасув туманининг 40 минг аҳолиси имзоси қўйилган мурожат ҳукуматга юборилишини айтди. Талаблар бажарилмаса 5 минг одам Бишкекда митинг ўтказишга тайёр экани ҳам айтилди.

Фуқаровий жамият вакиллари 28 февраль куни ўтказилган мазкур митингни қораламоқда

Кузатувчи Асилбек Жўўдўнбековга кўра, Матраимовлар клани катта митинг ўтказиш орқали коррупция бўйича суриштирув ўтказган мустақил оммавий ахборот воситаларига таҳдид қилмоқда ва ҳукуматни огоҳлантирмоқда:

“Матраимов "халққа ёрдам берди, масжид қурди” дейишаяпти. Муҳтожларга операция учун пул берди дейишаяпти. Бироқ биз унинг топган пули манбаини билишимиз керак. Буни фикрлай олишимиз керак. У қанча пулни, миллионларни ўзлаштириб, унинг қанчасини ёрдам сифатида берди? Балки митинг бўлаётган воқеаларни тушунмаган, коррупция нима эканини билмаган одамларни алдаш орқали бўлаётгандир. Биз бу ҳақида ўйлашимиз керак экан. Бу, жамият оқ ва қорани ажрата олмай қоладиган даражага етганининг белгиси”.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Гулғақи Мамасалиева эса митингни сўз эркинлиги ва демократияга бўлган ҳужум деб баҳолади. Унга кўра, Райимбек Матраимовнинг давлатга келтирилган зиённи тўлаб бергани – айбини тан олганидир:

“Митингга чиқиб, ўз фикрини билдиришга ҳар кимнинг ҳаққи бор. Бироқ бунинг сабаблари бўлиши керак. Жиноятчи одамни қўллаш – қизиқ кўриниш, Расман ўзи ҳам айбини тан олган одамни оқлашга ҳаракат қилишмоқда. Матраимовларнинг биз тўғрида ҳеч ким ҳеч нарса ёзмасин деган ҳаракати, нодавлат ташкилотлари, “Азаттиқ”ни ёпиш тўғрисидаги талаблар – адолатни ҳимоя қилаётган ахборот воситалари ҳамда жамоат ташкилотларига қаратилган ҳужумдир”.

Бишкекда коррупцияга қарши акция

Ўшда Матраимовлар митинги бўлаётган бир пайтда Бишкекда фуқаровий жамият фаолллари коррупцияга қарши ва қонунийликни талаб қилган навбатдаги юришга чиқди. Бу сафар унга 20га яқин фаол келди.

"Бошидан бошла" ҳаракати ташаббуси билан "Қонунийлик учун!", деб аталган тинчлик юриши 2020 йил ноябридан бери, ҳар якшанба ўтказиб келинади.

Ташкилотчилардан бири Улан Усўйун, коррупция йўқ бўлмагунича ва ноқонуний ҳаракатлар тўхтамагунча бундай тадбирлар давом этаверишини айтади.

Райимбек Матраимов судда ўз айбини тан олган

АҚШ томонидан йирик коррупционер сифатида 2020 йилнинг 9 декабрида қора рўйхатга тиркалган Райимбек Матраимов 11 февраль куни Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди қарори билан 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинганди.

Суд Бош прокуратура Райимбек Матраимов Қирғизистонга 2 миллиард сўм, тақрибан 25 миллион доллар зарар келтирган деган фаразни илгари суриб, Матраимов бу маблағни тўлиғи билан давлат ҳазинасига қайтарганини тасдиқлагани ортидан юмшоқ ҳукм чиқаргани айтилган эди.

Бироқ 14 февраль куни пойтахт Бишкекда Матраимовнинг озод этилганига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтган. Шундан сўнг Матраимов 18 февраль куни қайта қўлга олинган эди.

20 февраль куни Биринчи Май туман суди Матраимов тергов ҳибсхонасида камида икки ой қолишини билдирди.

18 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимов ноқонуний йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришда айбланаётганини маълум қилган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати –“Азаттиқ” суриштирувларида Матраимов коррупцион схема асосида Қирғизистондан камида 700 миллион долларни ноқонуний равишда чет элга олиб чиқиб кетгани айтилади.

XS
SM
MD
LG