Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Ҳоким кўчишга мажбурлаётган поплик савдогарлар президентдан ёрдам сўради (ВИДЕО)


Поплик тадбиркорларнинг президентга мурожаатидан олинган кадр.
Поплик тадбиркорларнинг президентга мурожаатидан олинган кадр.

Уч кундан буён Поп туман марказидаги деҳқон бозори ва унинг атрофида тинчлик йўқ: ички ишлар ходимлари савдогарларни бозордан ҳайдамоқда, туман маркази четида қурилган янги бозорга кўчишни талаб қилмоқда.

Бозордаги вазият тўғрисида савдогарлардан келган бу хабарни Поп туман ҳокимлиги мулозими тасдиқлади. Унинг айтишича, бозорни кўчириш жараёни туманга келган вилоят ҳокими топшириғи билан бошланган.

Бозорни кўчириш ҳаркатлари бошланган куни савдогарлар ўзларининг президентга мурожаатини Youtube порталига жойлаштирди.

“Наманган вилоят, Поп туман марказида жойлашган собиқ Деҳқон бозори ташқарисидаги хусусий савдо дўконларини бузишга мажбурлашмоқда. Савдогарларни Уйғур қишлоғи четида қурилган бозорга кўчиришмоқчи”, дейилган Озодликка келган дастлабки хабарда.

Бу хабарни ўрганиш жараёнида савдогарлар уч кун олдин Youtubeга “Президентга мурожаат” жойлаштиргани маълум бўлди.

Ҳаммасининг қўлида кадастр ҳужжатлари бор. Мана энди бир бойвачча келиб, бузаман деяпти.

23 дақиқали видеода гапирган аёллардан бирининг айтишича, гап 50 та дўкон ҳақида кетмоқда.”Ҳаммасининг қўлида кадастр ҳужжатлари бор. Мана энди бир бойвачча келиб, бузаман деяпти”, дейди аёл.

Озодликка гапирган яна бир савдогарнинг айтишича, “мақсад қишлоқ четидаги серҳосил экин майдонининг 16 гектарига бозор қурган хусусий тадбиркорнинг бозорига кўчиришдир”.

Воқеани видеога олган фуқаролар туман ички ишлар бўлимига мажбурий равишда олиб кетилган

Бозордаги вазият тўғрисидаги дастлабки хабарни Озодликка етказган попликка кўра, "12 март куни кўчада мева сотаётган аёлнинг товарини милиция ходимлари сочиб юборган, бу иш Поп туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари подполковник Умиджон Эшонов кўз ўнгида бўлган, воқеани видеога олган фуқаролар туман ички ишлар бўлимига мажбурий равишда олиб кетилган”.

Ички ишлар ходимлари “13 мартда ҳам куч қўллагани, одамларнинг телефонларидан воқеалар акс этган сурат ва видеоларни милиция ходимлари ўчириб юборгани” тўғрисида Озодлик 14 мартда гаплашган савдогарлар ҳам айтди.

Поп туман ички ишлар бўлими қўнғироқларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Поп туман ҳокими қабулхонаси телефонини кўтариб, ўзини “навбатчи” деб таништирган мулозим 14 март куни Озодликка туман марказидаги бозор ва унинг атрофидаги вазиятни бундай изоҳлади:

Вилоят ҳокимининг (Хайрулло Бозоров) ўзи келиб топшириқ бериб кетган.

“Вилоят ҳокимининг (Хайрулло Бозоров) ўзи келиб топшириқ бериб кетган. Янги бозор қурилган ва ҳамма ўша ерга кўчиб ўтиши керак. Бозорчиларни биласизку, эътироз билдираверишадида...”

Ҳокимлик навбатчиси “ИИБ ходимлари куч ишлатди, дейишаяпти, бунга нима дейсиз”, деган саволга жавобан “Буни ИИБдан сўранг”, деб керакли телефонларни бериш билан чекланди.

Поп туман марказидаги бозор билан боғлиқ воқеалар бутун мамлакат учун характерлидир.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши, ёймачиларнинг тирикчилик манбаидан жудо қилиниши уларнинг кескин норозилиги манзарасида кечади.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил, 27 мартдаги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатда бозорлар реконструкция қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг бошқа ўнлаб шаҳарлари бозорларидаги дўконларнинг ёпилиши ёки бузилиши савдогарларнинг норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG