Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:46

ҲРУ Ўзбекистонни Жаслиқда қатъий текширув ўтказишга чақирди


Панжаранинг икки томонида қолган тутқун ва уларнинг яқинларига кўришишга рухсат берилмаëтир.
Панжаранинг икки томонида қолган тутқун ва уларнинг яқинларига кўришишга рухсат берилмаëтир.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Жаслиқдаги вазият бўйича қаътий текширув ўтказиш ва 20 кундан буён қамоқхонадаги яқинлари билан учраша олмаётган аёлларга ўз қариндошлари билан кўришиш имконини беришга чақирди.

Халқаро Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Мира Ридман Озодлик билан суҳбатда Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларнинг оилаларига мўлжалланган меҳмонхонада ўз қариндошлари билан учраша олмаётган аёллар ва уларнинг қамоқхона ичкарисидаги маҳбус яқинлари тақдиридан ташвиш билдирди.

- Ҳюман Райтс Уотч Жаслиқда жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг аёллари маълумотларидан хавотир билдиради. Аёлларнинг эрларига шафқатсизларча муносабатда бўлингани, улар дубинкалар билан калтаклангани ташвишланарли ҳолат. Бу аёлларнинг эрлари жазо изоляторига ташланиб, бугунги кунда ўз яқинларига кўрсатилмаяпти. Жаслиқ - у ерда сақланадиган маҳбусларнинг аҳволи ўта аянчли экани билан ном қозонган қамоқхона. Биз айни ҳолат бўйича қаътий текширув ўтказиш ва маҳбусларнинг қариндошларига ўз яқинлари билан учрашишни таъминлашга чақирамиз, деди ҲРУ вакили Мира Ридман.

Ўз жигарлари билан учрашиш ниятида бўлган аёлларнинг Жаслиқ қамоқхонасидаги маҳбусларнинг яқинларига мўлжалланган меҳмонхонада ўтирганига 20 кун тўлди.

Ушбу аёлларнинг Озодликдаги чиқишидан кейин 23 ноябр куни Жаслиқ қамоқхонаси ходимлари аëллар билан учрашиб аввал қилган қўполликлари учун кечирим сўрашгани айтилганди.

Тошкентлик Малика Холмуҳамедованинг айтишича, 25 ноябр куни Жаслиқ ходимлари улар олдига келиб, меҳмонхонани зудлик билан бўшатиб қўйишни, акс ҳолда уларни мажбуран ҳайдашларини айтиб таҳдид қилишган.

- Бугун эрталаб “свиданшик”лардан ташқари битта аëл келди, “Кетасан дедимми кетасан. Бу ерда сенлар тўполон қилиб ўтирганларингнинг фойдаси йўқ. Куч ишлатиб бўлса ҳам кетказиб юборамиз. Эртагаëқ бўшатиб қўйларинг” деб дағдаға билан кетишди. Энди жуда ҳайронмиз. Ўшанга ўтирибмиз энди. Мана энди натижаси бўлармикан. Икки кун олдин келган учта оилани қайтарди. Иккитаси тўртинчи отряддан, биттаси иккинчи отряддан. Биттаси бизлар кутиб ўтирган отряддаги одамлардан. “Бу ерда тўс-тўполон қилиб атрофингларга одам йиғиб ўтирганларинг билан ҳеч қанақасига фойдаси йўқ” деяпти. Сабабини айтишмаяпти. “Сабаби нимада? Нима учун қайтараяпсизлар?” десак, “Изоляторда. Ички қонунни бузган. Ўшанга изоляторга тушган. Ҳеч қачон изолятордан чиққандан кейин ҳам кўрсатилмайди. Фақат кетиш” деяпти. Ўшанга жуда ҳайронмиз. Ичкаридаги яқинларимиз кириб-чиқаётганларларга “Ўтиришсин. Бизларга анча қувват бўлаяпти” дейишаяпти, дейди Малика Холмуҳаммедова.

Ўғли билан учрашиш илинжида 20 кундан буён кутиб ўтирган андижонлик Муҳаррам Ваҳҳобова ўзларни куч ишлатиб меҳмонхонадан ҳайдашларидан хавотирда.

- Кеча роса тўполон бўлди. Началникнинг зами посëлкага чақиртириб “Кет дедикми¸ кетишасан. Ҳеч қачон қабул қилмаймиз” деб роса жанжал қилди. Роса бақир-чақир бўлди. “Болам ўликми, тирикми?” десам, “Ўғлинг тирик, аммо ичкарига киргизмаймиз. Кет дегандан кейин¸ кетишасан” деб роса мен билан тўполон қилди. “Нимага кетаман? Ўлик тириклигини кўрсат менга” десам, “Боланг яхши. Кет дегандан кейин кетасан. Қабул қилмадими началник, қабул қилмайди. Меҳмонхонани бўшатиб кетишасан ҳамманг” деяпти. Умуман қарши киришимизга. Бугун ҳам “кет, кутма, овора бўлма” деяпти. “Меҳмонхонани бўшат. Бўшатмасанг бўлмайди. Куч ишлатиб ҳайдаймиз” деб чиқишиб кетди бугун “свиданшик”лар, дейди Муҳаррам Ваҳҳобова.

Озодлик 21 ноябр куни бу аёллар билан боғланганида улар сони 30 га яқин экани айтилганди.

Тошкентлик Малика Холмуҳамедова бугунги кунда улар сони анча камайгани, боиси айримларни меҳмонхонадан мажбуран чиқариб ташлаётганликларини айтади.

- Мана кеча сиз билан гаплашганимиздан кейин иккинчи отряддаги болалардан иккитасининг оиласини қайтаришди. Мажбуран, зўрлик билан олиб чиқиб ташлашди. Ҳаттоки посилкасини жўнатишга ҳам успет қилишмади. Ундан у ëғи бизлар ҳозир мустаҳккам ҳолатда ўтирибмиз. Демак, улар болаларни уриб дабдала қилишган ëки ўлдиришган. Беш-олтита оила шу сўзда турибмиз, дейди Малика Холмуҳаммедова.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани Хонобод шаҳарчасида яшовчи Далиева Муяссархонга ҳам эри билан учрашув рад қилинди.

Муяссархоннинг эри Анваржон Далиев Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича 16 йилга қамалган бўлиб, 3 йилдан буён Жаслиқда жазо муддатини ўтаётир.

Эри билан учрашувга рад жавобини олган Муяссархон Далиева уйига қайтиб кетиш ниятида эканини айтади.

- Ҳеч нарса демади, просто кетинглар деди холос. Кетинглар, деди. Изоляторда деди. Нима учунлигини тушунтириб бера олмади. Энди ҳайроман, дейди Муяссар Далиева.

Аёлларнинг Озодликка айтишича, Жаслиқ қамоқхонасидаги сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳбуслар қийноқларга қарши норозилик сифатида октябр ойи охирида очлик эълон қилишган. Шундан кейин маҳбуслар (улар сони маълум эмас) ўлар ҳолатда калтакланиб, жазо изоляторига ташлангани ва айни пайтда қийноқлар боис жисмонан мажруҳга айлантирилган маҳбуслар яқинларига кўрсатилмаётгани айтилмоқда.

Аëлларнинг кўпчилиги ўз яқинларининг тирик эканига шубҳа қилишмоқда ва шу боис ҳам Жаслиқ маъмурияти томонидан аниқ жавоб олмагунча кутиб ўтиришга қарор қилишган.

Жаслиқ қамоқхонаси ва республика Жазони ижро этиш бош бошқармасидан бу борада бирор-бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қорақалпоғистоннинг шимолий чеккасида жойлашган "Жаслиқ" колонияси халқ орасида"борса келмас" номини олган.

Жаслиқ қамоқхонаси аслида 400 маҳбусга мўлжаллангани, аммо шу кунларда бу ерда 600 га яқин маҳбус сақланаётгани ва уларнинг асосий қисмини диний эътиқоди учун қамалганлар ташкил этиши ҳақида норасмий маълумотлар бор. Бироқ бу маълумотлар республика Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан на тасдиқланган ва на инкор этилган.
XS
SM
MD
LG