Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:42

Лондон 2012: Олтин, наша, "бойни қайчилаш"


Олимпиада совриндорлари Артур Таймазов, Ришод Собиров, Аббос Атоев ва Сослан Тигиев.
Олимпиада совриндорлари Артур Таймазов, Ришод Собиров, Аббос Атоев ва Сослан Тигиев.

Лондон олимпиадаси ўзбек спортчилари учун наша ва допинг муаммолари билан бошланиб, яна ўша допинг можароси билан якун топди.


Битта олтин ва учта бронза медал

Ўзбекистон жамоаси Лондон Олимпиадасида битта олтин, учта бронза медал билан 47-ўринни эгаллади.

Ўзбек спортчиларининг бу йилги натижаси аввалги олимпиадага нисбатан анча паст бўлди.

Ўзбекистон жамоаси 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медали билан қайтган эди.

Лондон олимпиадасида ўзбекистонликлар олтин медални 16 кун кутишди. 16 кун давомида ҳар бир спортчи чиқишидан сўнг пир бўлган ҳафсалалар асабларни ҳам эговлагани сир эмас.

Артур Таймазов.
Артур Таймазов.
Ниҳоят курашчи Артур Таймазов орзиқиб кутилган олтин медалга эришди.

Спорт ишқибозлари ижтимоий тармоқларда олимпиадани муҳокама қилганида, Артурнинг ёши ўтиб қолгани боис унинг биринчиликни қўлга кирита олишига шубҳа билдирилган ҳолатлар ҳам бўлди.

Лекин 33 ёшли Артур нафақат олтин медал соҳиби бўлди, балки тарихда кетма-кетига учинчи бор Олимпия олтинини қўлга киритган учинчи курашчи бўлди.

Шу пайтгача бундай ютуққа совет курашчиси Александр Медвед ва россиялик Александр Карелинлар эриша олган холос.

Лондон Олимпиадасида дзюдочи Ришод Собиров, боксчи Аббос Атоев ва курашчи Сослан Тигиев бронза медалини қўлга киритди.

Аббос Атоев (ўнгда) олимпиада мусобақаси пайти.
Аббос Атоев (ўнгда) олимпиада мусобақаси пайти.
Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги муҳокамалардан спорт ишқибозлари Аббос Атоевдан олтин медал кутишганини кўриш мумкин эди.

Лекин Ришод Собиров таъбири билан айтганда спортчиларга “кўз тегди” шекилли Аббос ҳам бронза медал билан чекланди.

- Бошқа спорт турларини билмадиму, лекин мен дзюдони айтадиган бўлсам, дзюдочиларимиздан анча медал кутишган эди. Дзюдочиларимизга кўз тегдими нима бўлди билмадим,- дейди Ришод Собиров.

Бухоролик 25 ёшли Ришод Собиров Озодлик билан суҳбатда олтин медал умидида сўнгги тўрт йил давомида тайёргарлик кўрганини айтади.

Ришод Собиров (ўнгда) олимпиада мусобақаси пайти.
Ришод Собиров (ўнгда) олимпиада мусобақаси пайти.
Катта тайёргарлик боис Лондон олимпиадасида олтин медал олишига қаттиқ ишонган Ришод омад ундан юз ўгирди деб ҳисоблайди.

- Мен Лондон олимпиадасига 2008 йилдан бери тайëрланганман. Тўғрисини айтсам, тайëр эдим олтин медал олишга. Билмадим мендан омад юз ўгирдими нима бўлди, бронза медалини қўлга киритдим. Тайëргарлигимиз жуда зўр эди. Устозларимиз Андрей Анатолевич билан биргаликда жуда яхши тайëрланган эдик. Омад келмади озгина,- дейди Ришод Собиров.

Ришод билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглайсиз:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:45 0:00
Бевосита линк

Допинг можароси

Лондон Олимпиадасида ўзбек спортчилари билан боғлиқ учта допинг можароси қайд қилинди:

"Медал қайтарилсин"

Жорий йил ноябр ойи бошида Халқаро Олимпия қўмитасининг Интизомий коллегияси қарори билан ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиевдан Лондон Олимпиадасида олган бронза медали олиб қўйилиши ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

Сослан Тигиев (чапда)
Сослан Тигиев (чапда)
Халқаро Олимпия қўмитаси расмийларига кўра, ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиев бронза медалини қўлга киритган 10 август куни унинг қон намунасида спортчилар учун тақиқланган метилгексанамин моддаси аниқланган.

- Шу сабаб Тигиевдан бронза медали олиниб, у билан курашга тушиб, тўртинчи ўринни олган венгриялик рақибига топширишга қарор қилинди, деди Халқаро Олимпия қўмитаси матбуот вакили Жизэл Дэйвис Озодлик билан суҳбатда.

Ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан Тигиевга берилган бронза медали ва дипломни қайтариб беришни сўрамоқда.

- Медал қайтариб берилиши керак. Сабаби¸ биз уни тўртинчи ўринни олган спортчига беришимиз лозим, деди Жизэл Дэйвис.

Олимпия қишлоғидан ҳайдалган гимнастикаси

Лондон Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистонни тамсил қилган ягона гимнастикачи 20 яшар Луиза Галиулина эса допинг синовидан ўта олмади ва Олимпия қишлоғидан ҳайдалди.

Луизанинг Лондон аэропортида кетаётган сурати Интернет сайтларини “безади”.
Луизанинг Лондон аэропортида кетаётган сурати Интернет сайтларини “безади”.
Допинг бўйича иккинчи текширув натижалари ҳам унинг организмида таъқиқланган (диуретик препаратга алоқадор) фуросемид моддаси борлигини кўрсатгач, Халқаро Гимнастика федерацияси FIG ноябр ойида Галиулинани олти ойга халқаро мусобақалардан четлатиш ҳақида қарор чиқарди.

- Аввало менга қисқа муддат беришганидан хурсандман. Халқаро Гимнастика федерацияси қарорига эътирозим йўқ, дейди Луиза Галиулина Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Айни пайтда ўзбекистонлик гимнастикачи Халқаро Гимнастика федерацияси қарори юзасидан тортишмаётгани допинг истеъмол қилганини тан олишини англатмаслигини таъкидлайди:

- Менинг ўзим ҳам ҳайронман, қандай қилиб бунақа модда менинг танамда пайдо бўлиб қолганидан. Кимдир атайлаб буни овқатимга ташлаб қўйган бўлса керак. Яна билмадим. Бу препаратни фақат вазни ортиқча бўлган одам ичиши мумкин. Буни ичишга ҳеч қанақа ҳожат йўқ эди. Ҳозир мана шу чеклов сабаб бир-иккита халқаро мусобақаларда қатнаша олмадим, лекин бу мен учун катта фожиа эмас. Ҳозир ҳар куни тайёрланаяпман. Худо хоҳласа¸ феврал ойидан мусобақаларда қатнаша оламан ва нимага қодир эканимни ёзда жаҳон кубоги мусобақаларида исботлаб бераман, деди Луиза Галиулина Озодлик билан суҳбатда.

Бир қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятли чиқишлари билан танилган ўзбек гимнастикачиси Луиза Галиулина 2013 йилнинг 30 январига қадар спорт мусобақаларида қатнаша олмайди.

“Наша чеккан” Тангриев

2008 йилги Пекин Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори, машҳур дзюдочи Абдулла Тангриев Лондон Олимпиадаси медалларидан бирига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилганди.

Абдулла Тангриев.
Абдулла Тангриев.
Бироқ Олимпиада ўйинлари бошланиши арафасида Тангриев қонида наша излари топилгани учун олимпиада ўйинларига умуман қўйилмади ва унинг икки йилга халқаро мусобақаларда иштирок этиши тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистон Дзюдо Федерацияси расмийлари Озодлик билан суҳбатда Тангриев қонида канабис излари аниқлангани сабаб Ўттизинчи Олимпиада ўйинларида иштирок этмаслигини таъкидлашди.

Дзюдо бўйича ўз вазни тоифасида ўтган йилги Жаҳон чемпионатининг мутлақ ғолиби бўлган Тангриев допинг можаросидан кейин мухлисларининг умидини оқламагани учун узр сўради.

Олимпиаданинг шов-шувли воқеаси


11 август куни Ўзбекистоннинг Спорт телеканали Артур Таймазовнинг гуржи курашчиси Давит Модзманашвили билан курашини эфирга узатиб, спорт ишқибозлари кўнглини ҳушнуд этди. Лекин телеканал бир жойида “қовун туширди”.

Ўзбекистон спорт кураши уюшмаси раиси Салимбой Абдувалиев Артур Таймазов ғалабага эришгач, майдонга чиқиб спортчини бағрига босди, тўғрироғи ўзини унинг қучоғига отди. Артур ҳам Салим Абдувалиевни даст кўтариб, миннатдорчилигини намойиш қилди. Лекин Артур билан Салимбойнинг хурсандчилик саҳнаси Спорт ТВ томонидан кесиб ташланди.

Спорт ТВнинг Салимбойни “қайчилаши” ўзбек спорт ишқибозлари учун Лондон Олимпиадаси билан боғлиқ энг шов-шувли воқеа сифатида қайд қилинди.

Youtube видео порталига жойлаштирилган Салимбой Абдувалиев билан Артур Таймазовнинг хурсандчилиги акс этган тасвирлар энг кўп томоша қилинган видеолар қаторидан ўрин олди.

Артур Таймазов ва Салим Абдувалиев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00


Паралимпиада: Медал ва рекордлар

Ёзги Паралимпиада мусобақаларида учинчи бор иштирок этган ўзбек спортчилари илк бор медал соҳиби бўлишди.

Лондондаги XIV Паралимпиада ўйинларининг иккинчи кунида дзюдочи Шариф Ҳалилов қўлга киритган кумуш медал ўзбек паралимпиадачиларининг тарихдаги илк медалидир.

Ўзбек паралимпиадачилари Лондон мусобақаларида Марказий Осиё давлатлари орасида медал олган ягона давлат сифатида ҳам қайд қилинди.

Лондон Паралимпиадаси ўзбекистонлик спортчилар учун рекордлар мавсуми ҳам бўлди.

31 август куни ўзбекистонлик спортчи Крилл Панков 100 метрга сузиш мусобақаларида финал босқичигача чиқишга муваффақ бўлди, аммо олтинчи ўринни эгаллаб, медалдан қуруқ қолди.

Панков мусобақаларда медал олишга муваффақ бўлмасада, Осиё бўйича 100 метрга сузишда рекорд натижаларини икки марта янгилади.

Ядро улоқтириш мусобақаларида Ҳусниддин Норбеков эса юқори тўртликдан жой эгаллади.


Рағбатлантириш

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов фармонига кўра, Лондон Олимпиадасида медалга сазовор бўлган спортчилар яна медаллар билан тақдирланди.

14 август куни имзоланган мазкур фармонга мувофиқ, Ўзбекистон жамоасида ягона олтин медални қўлга киритган курашчи Артур Таймазов “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.

Бронза медал соҳиблари дзюдочи Ришод Собировга “Ўзекистон ифтихори” фахрий унвони топширилди.

Яна бир бронза медали эгаси - боксчи Аббос Атоевга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий номи берилди.

Президент фармонида мазкур спортчилар ўз ютуқлари билан Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшганлиги айтилади.

"Ўзбекистон ифтихори" унвони соҳиби Ришод Собиров, Озодлик билан суҳбатда, мукофотдан хурсандлигини айтиб, 2016 йили Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтадиган олимпиадада олтин медални қўлга киритишга ваъда берди.

Ришод Собиров билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00
Бевосита линк

Шунингдек, президент қарорига кўра, олтин медал соҳиби 150 минг АҚШ доллар, бронза медал соҳиблари эса 50 минг доллар миқдорида мукофот пули билан ҳам тақдирланди.


(Фотогалерияда Лондон Олимпиадасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар суратлари акс этган)

Лондон Олимпиадасидан бронза медали билан Тошкентга қайтган курашчи Сослан Тигиев бошқа совриндорлар қатори Ўзбекистон президенти томонидан “Ўзбекистон ифтихори” унвони, 50000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ва Chevrolet Lacetti русумидаги машина билан тақдирланди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбек спортчисидан бронза медалини қайтариб олганидан сўнг унга берилган фахрий унвон, машина ва пул мукофотлари тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон бу йилги Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларида битта олтин ва учта бронза медали билан 47-ўринни эгаллаган эди.

Тигиев бронза медалининг бекор этилиши эндиликда Ўзбекистонни 48-ўринга тушириши мумкин.

Ўзбек ҳукумати XIV Паралимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби Шариф Ҳалиловни ҳам “Lacetti” автомобили, 75 минг доллар миқдорида пул мукофоти билан тақдирлади ҳамда унга ўзи истиқомат қиладиган Бухорода уч хонали уй ажратилди.

Шунингдек, Паралимпиада ўйинларида юқори натижа кўрсатган спортчиларнинг бир гуруҳи ҳам 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар битта кумуш медали билан дунёнинг 165 давлати орасида 67-ўринни эгаллади.
XS
SM
MD
LG