Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Жўрабоевга қарши даъвогарлар даъвосидан воз кечди


5 август куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туман маҳкамасида “товламачилик” ва “фирибгарлик”да айбланаётган 75 ёшли фаол Набижон (Тўрабой) Жўрабоев устидан ўтказилган биринчи суд маҳкамасида уч даъвогар шахс ўз даъвосидан воз кечди.

Ғаллаорол туман жиноят ишлари бўйича суди 1 август куни қолдирган жиззахлик фаол тингловчи Набижон Жўрабоев билан боғлиқ маҳкама 5 август куни тушдан кейин бошланди.

Суднинг биринчи кунида судланувчи Жўрабоев ва унга қарши даъво аризаси берганлардан уч кишининг кўрсатмалари тингланди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматовага кўра, маҳкамада Набижон ака ўзига қўйилган барча айбловларни инкор қилган.

- Набижон ака айблов хулосасида тилга олинган айбловларнинг барчасини рад қилди. “Буларнинг ҳеч қайсисидан пул олмаганман”, деди. “Улардан милиция ходимлари мажбуран ёздириб олган”, деди. “Уларни милиция хонасига чақириб, шундай ёзасан деб, мажбурлаган”, деган гапларни айтди, дейди Феруза Маматова.

Маматовага кўра, маҳкамада қатнашган даъвогарлардан уч нафари Набижон Жўрабоевга нисбатан даъволаридан воз кечишини айтган.

- Ҳамма даъвогарлар келмаган. Фақат учтаси келган. Учта одам “75 минг сўм пул бердик” деб ёзиб берган экан. Улар “Йўқ бизлар бермаганмиз. Набижон ака бизни қўрқитгани йўқ. Мажбурлагани йўқ”, деб айтди. “Бизлар фақат ёрдам сўраб борганмиз, маслаҳат сўраб борганмиз. Йўл кира учун деб пул берганмиз” дейишди судда, дейди Феруза Маматова.

Айни пайтда Маматованинг айтишича, Набижон ака суддаги чиқишида даъвогарлардан йўл кира учун ҳам пул олганини инкор қилган.

Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева раҳбарлигидаги "Ўтюраклар клуби" ташкилоти Набижон Жўрабоев билан боғлиқ вазиятни кузатиб келмоқда.

Мўътабар Тожибоеванинг Озодликка айтишича, "товламачилик"да айбланиб, ҳибсга олинган Жўрабоевга нисбатан терговдан сўнг "фирибгарлик" айблови ҳам қўйилган.

- Бу ҳақда 24 саҳифадан иборат айблов хулосасида қайд қилинган. Айблов хулосасида айтилишича, Набижон ака Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди билан "товламачилик"да ва 168-моддаси 1-қисми бўйича "фирибгарлик"да айбланган. Набижон ака Ғаллаоролдаги иккита дўкон эгасининг кўрсатмаси асосида товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Айблов хулосасида айтилишича, Набижон ака “Ғаллаоролтумангаз” ташкилоти ходимларига нисбатан ҳам товламачилик содир этган. Яна уч кишидан фирибгарлик йўли билан пул ундирганликда ҳам айбланмоқда. Бироқ бу айбловларнинг барчаси асоссиз, дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳозирда "Ўтюраклар клуби"нинг аралашуви натижасида Набижон Жўрабоевнинг ҳимояси учун курашмаган адвокат алмаштирилган.

- Мирзаев Қўлдош деган киши биринчи адвокати бўлган. У 500 минг сўм хизмат ҳаққи учун олган. 500 минг сўм гаров пули учун деб пул олган. Бироқ Набижон ака ҳимоясига у ҳеч нарса қилмаган. Биз ундан 1 миллион сўмни қайтариб олинишига эришдик. Ҳозир бошқа икки адвокат Набижон ака ҳимояси билан шуғулланаяпти, дейди Мўътабар Тожибоева.

Озодлик тингловчилари орасида Набижон Жўрабоев исми билан танилган, асл исми эса Тўрабой Жўрабоев бўлган 75 ёшли фаол шу йилнинг 31 майидан буён ҳибсда сақланмоқда.

Ҳибсга олинишидан икки кун муқаддам - 29 май куни Озодлик билан сўзлашган Набижон Жўрабоев уйида тинтув бўлгани ва унинг паспорти, ёзган шикоятлари, баъзи дисклар олиб кетилганини айтган эди.

Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган тингловчилардан биридир.

Жумладан, у ўтган йилнинг баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақида, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка хабар берган эди.

Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У киши 10 йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига Тошкент шаҳридан кўчиб борган.
XS
SM
MD
LG