Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:38

Мижозларнинг шикояти ортидан Билайнни солиқчилар “босди”


Билайн компаниясининг Тошкентдаги бош офисида солиқ ходимлари режадан ташқари текшириш бошлади. Текширувга мобил операторининг фаолиятидан қониқмаган мижозларнинг шикоятлари сабаб бўлгани айтилаяпти.


Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасининг мулозимига кўра, текширув бошқарма ходимлари томонидан олиб борилаяпти.

"Билайндаги текширувни шаҳар солиқчилари ўтказяпти. Текширув бошланганига анча бўлди. Ҳали тугамади. Яна анча давом этади", деди бошқарма мулозими.

Бироқ Солиқ бошқармаси мулозими текширув сабабларини очиқламади.

Билайннинг Тошкентдаги офиси ҳам, компания эгаси бўлган “Вимпелком" ширкатининг Москвадаги қароргоҳи ҳам текширув тафсилотларини Озодликка очиқлашдан бош тортди.

Айни пайтда, Билайннинг Тошкентдаги бош офисида ишловчи исмини очиқламаётганимиз манбага кўра, текширувга мижозларнинг шикоятлари сабаб бўлган.

Озодлик манбасига кўра, мижозларнинг шикоятларини ўрганадиган иккита ташкилот - Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Солиқ қўмитасига тақдимнома киритган.

"Ушбу тақдимнома боис Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ўн кунларча аввал Билайнда режадан ташқари текширув бошлади", деди манба.

"Новый век" газетаси ҳам Билайнда текширув бошланишига "ташқаридаги манбалардан олинган маълумотлар сабаб бўлган"и ҳақида ёзди.

РИА Новости агентлигининг Ўзбекистон Солиқ қўмитасидаги манбага таянган ҳолда берган маълумотига кўра, Билайндаги текширув октябр ойи охирига қадар давом этиши мумкин.

Ўзбек маҳаллий матбуоти хабарига кўра, ўтган ҳафтада Билайн компаниясида Давлат алоқа инспекция ходимлари ҳам текширув ўтказган.

Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”да ҳам дастлаб текшир-текширлар бошланиб, охири компаниянинг тўла ёпилиши билан тугаган эди.

Ўтган йилнинг июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ушбу мижозлар кейинчалик бошқа компаниялар, асосан, Beeline ва Ucell-га ўтиб кетди. Бу мобил операторлар эса шунча мижозга хизмат кўрсатишга тайёр эмаслиги ортидан алоқа сифатининг пасайиши кузатилди.

Компаниялар кейинги бир йил давомида алоқа сифатини яхшилаш ҳақида бир неча бор ваъда берган. Бироқ ваъдалар ҳануз ижобат бўлганича йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун миллионлаб доллар пора берганликда гумонланаëтган Швециянинг TeliaSonera ширкати давом этаётган тергов боис Ўзбекистондаги шўъбаси - Ucell операторини ривожлантириш учун сармоя қилишни вақтинча тўхтатиб қўйган.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йилнинг июлида “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион доллардан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган эди.

МТС ширкати ўзбек расмийларининг бу эътирозлари асоссизлигини айтиб келади.

Россия ширкатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қонунга хилоф тарзда “Ўздунробита”нинг лицензияси ва мулкини тортиб олиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйган ҳамда жарима санкцияларини қўллаган. МТС бу борада халқаро арбитражга шикоят қилган.
XS
SM
MD
LG