Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:05

МТС Ўзбекистонга қайтадиган бўлди


МТС Россиянинг энг йирик мобил оператори
МТС Россиянинг энг йирик мобил оператори

Интерфакс ахборот агентлигининг Россия ҳукуматидаги ўз манбаларига таяниб хабар қилишича¸ Ўзбекистон ҳукумати МТС ширкатининг мамлакат мобил алоқа бозорига қайтиб¸ ўз фаолиятини тиклашига рухсат берган. Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг чоршанба кунги мажлисида қабул қилинган.

Ҳукумат ичидаги Интерфакс манбасининг билдиришича¸ Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ энди Россия мобил алоқа ширкати Ўзбекистонда МТС бренди остида ўз шўъба корхонасини очади. Ўзбекистон билан шерикликда тузиладиган бу қўшма корхонани таъсис этиш ҳақидаги келишувнинг тез кунларда имзоланиши кутилмоқда.

Россия агентлиги ҳозирча Тошкент ва россиялик миллиардер Владимир Евтушенковга қарашли Система ҳолдинги ўртасида тузиладиган бундай қўшма корхона таркибига оид бошқа тафсилотлар йўқлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, МТСнинг Москвадаги ваколатхонаси расмийси Дмитрий Солодовников Озодлик сўровига компания мазкур масала юзасидан бирор изоҳ беришдан ҳозирча тийилиб туришини билдирди.

Ўтган ой МТСнинг Ўзбекистонга қайтишига бир қадам қолганини таъкидлаган Россиядаги “Система” компанияси раҳбари Владимир Евтушенков¸ бунинг учун фақат битта шартни бажариш қолганини таъкидлаган эди.

Ўтган ой Санкт Петербургдаги халқаро иқтисодий форумда МТСга эгалик қилувчи “Система” акционерлик-молия компанияси раҳбари Евтушенков МТС ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатдаги фаолиятини қайта йўлга қўйиш борасида деярли келишиб олганини айтган эди:

- Биз Ўзбекистонга қайтиш учун деярли ҳамма шартларни келишиб олганмиз. Фақат битта муҳим шарт қолмоқда. Улар бизнинг қайтишимизни жуда хоҳлашаяпти. Агар шу шартни келишиб олсак, жорий йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистонга қайтишимиз мумкин, - деб таъкидлади Евтушенков.


"Система" раҳбарининг айтишича, частоталар билан боғлиқ сўнгги масала бўйича айни дамда сўзлашувлар олиб борилмоқда.

- Бу давлат иштирокидаги янги компания бўлади. “Система” ширкати эса уни назорат қилади, деган эди Евтушенков жумладан.

"Система” компанияси матбуот котибаси Екатерина Цуканова Озодлик билан суҳбатда МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши бўйича Тошкент ҳукумати билан бўлаётган сўзлашув деталлари ҳали аниқ эмаслигини айтди.

– Владимир Петрович ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон билан сўзлашувлар бораётганини айтди, лекин бу сўзлашувларнинг деталлари ҳали аниқ эмас. Қайтамиз дейилаётгани, бу МТС мамлакатда эрта ёки индин иш бошлайди, дегани эмас. Бу бир ёки икки ойда ҳал бўладиган иш ҳам эмас. Йирик бизнесменлар бир нима ҳақида гапиришса, улар стратегик, узоқни кўзлаб гапиришади. Владимир Петрович ҳам масалага стратегик қараяпти, деди Цуканова.

Ўзбекистон расмий идоралари МТС нинг Ўзбекистонда "Ўздунробита" бренди билан фаолият юритган шўъбасини йирик миқдордаги солиқ тўловларини яшириш, пул ювиш, мижозларнинг маблағларини ноқонуний ўзлаштириш каби ҳаракатларда айблаб¸ 2012 йил ёзида лицензиядан маҳрум қилган эди.

Ширкат 2013 йил бошида банкрот деб эълон қилинган, унинг мол-мулкини сотиш бўйича ўтказилган иккита кимошди савдоси эса "потенциал харидорлардан ариза келиб тушмагани сабаб" натижасиз тугагани расман маълум қилинган эди.

2013 йилнинг декабрида Тошкент шаҳар Хўжалик суди қарори остида “Ўздунробита” ширкатининг барча мол-мулки эксплуатация қилмаслик шарти билан “Ўзбектелеком” миллий алоқа оператори балансига ўтказилгани хабар қилинган эди.

Тошкентнинг МТС фаолиятини тўхтатиши оқибатида мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "Ўздунробита"нинг 10 миллионга яқин мижози бир кунда алоқасиз қолган эди.

Ўзаро музокаралар натижасиз қолганидан сўнг МТС ширкати Ўзбекистондаги бўлимининг ёпилишидан кўрган 1 миллиард доллардан ошиқ зарарни ундириб бериш учун халқаро арбитражга шикоят қилганини билдирганди.

Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID) шу йил бошида ширкат шикоят аризаларини кўриб чиқишни бошлаганини билдирган эди.

Ўзбекистон билан шерикчиликда таъсис этиладиган қўшма корхонанинг ўзбек мобил алоқа бозорига қайтиши¸ МТСнинг арбитраж судида кўрилаëтган аризасининг қайтариб олиниши ва бу жараëннинг тўхтатилишини англатиши мумкин.

Айни пайтда¸ Тошкент ҳукуматининг МТС қайтишига расман рухсат бергани¸ Система ҳолдинги эгаси очиқламаган сўнгги шартнинг қабул қилингани тасдиғи бўлиши мумкин.

Бу қандай шарт экани ҳақида тахминий фикр билдирган айрим таҳлилчилар, расмий Тошкент Евтушенковга икки йилдан буён қочиб юрган МТСнинг Ўзбекистондаги ширкати раҳбари Беҳзод Аҳмедовни қидириб топишга кўмаклашиш шартини қўйгани фаразини илгари сурдилар.

Узоқ йиллар президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг яқин бизнес шериги бўлган Беҳзод Аҳмедов¸ тахминларга кўра¸ Каримова билан юзага чиққан зиддият боис¸ мамлакатдан қочиб кетган.

Европанинг бир қатор давлатларида Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ва унинг яқинлари билан боғлиқ жиноят ишларидаги асосий фигурант бўлган Беҳзод Аҳмедов¸ Европа терговчилари учун Каримова бизнес империясига оид қимматли маълумотга эга шахс сифатида кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG