Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:31

Мунаввара: Шеър куйга ўхшайди, у қалбингизга оқиб киради


"Шиор билан суҳбат" дастурининг бугунги меҳмони тожикистонлик ўзбек шоираси, "Табу" романи муаллифи ва адабиётшунос олима Мунаввара Ойматовадир. Шоиранинг “Мозаика”, "Ғусса марсияси", “Соҳилдаги битиклар" китоблари адабиёт муҳиблари кутубхоналаридан муносиб жой эгаллаган.

Мунаввара Ойматова 1970 йилнинг 9 февралида Душанбе шаҳрида туғилган. Хўжанд Давлат университетида таҳсил олган. Хўжанд давлат университетида меҳнат қилади, филология фанлари номзоди.

Шоиранинг “Мозаика”, "Ғусса марсияси", “Соҳилдаги битиклар" шеърий тўплами, “Табу” романи, "Дадамга мактублар" насрий китоби адабиёт муҳиблари кутубхоналаридан муносиб жой эгаллаган.

Айни пайтда Мунаввара Ойматова “Румий ва ўзбек адабиёти” мавзуида докторлик илмий иши устида ишламоқда.

Шоира билан суҳбатни қуйида тингланг.

Шоира Мунаввара Ойматова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:57 0:00
Бевосита линк

Мунаввара Ойматова ижодидан намуналар

Мени бундан ҳайда, Ўлим овози!

Шарл Бодлер

Мен ўлган кунимда…Қабрим устида

Қарғалар қағғилаб учмасин зинҳор.

Тангрим! Лаҳви маҳфуз ичинда нега

Менга битдинг Ажални минг бор.

Мен ўлган кунимда…Дўст душман аро

Фивирлаб ўрмалар ғийбат малахдай.

Биргина Муҳаббат – ожизим, Фусса

Юкидан бошини эгар карахтдай.

Мен ўлган кунимда…Сиғинганларим

Сиртига сув юқмай тутар тобутим.

Тайфин*ни куйдириб юборар зумда

Совуган жисмимдан чиқажак дудим.

Мен ўлган кунимда…Зангор либосда

Валилар ҳассакаш бўлиб йўл бошлар.

Ортимда… Ортимда тили ечилган

Оломон номимни қарғиш-ла тошлар.

Мен ўлган кунимда соғинманг мени…

* * *

Босиб ўтган йўлим ўлимдир,

Ишонч кетди борса келмасга.

Итлар ялар тилла ялоғин,

Ишқим кулар – кўзлари хаста.

Банди бўлдим банди қулларга,

Яна не бор Маргдан қўрққулик?

Остонамда парвона Мотам

Кулгусидан сачрар кўргулик.

Ўлмай ўлиб кетган Умиддан

Қақнусбачча туғади Малол.

Мен гулханман, Ажал гулхани,

Минг бор ўлиб, ўлмаган Аёл!

Босиб ўтган йўлим ўлимдир,

Ўлим кетди борса келмасга.

Қувончлардан чарчаган Ҳаёт

Ўзи бугун менга ҳавасда!

КУЗ СОНАТАСИ

Мен суяндим

Дарахтлар айтган

Видоларнинг аёқларига.

Зангор қалбим мезон ипини

Улашганда ўртоқларига,

Мен суяндим.

Мен ишондим…

Ёнғоқ бошида

Ёнғоқ чаққан ҳакка минқори

Чанқовузга айланса зора.

Турналарнинг ҳайинчаклари

Кўзим чалган самовий тор-а,

Мен ишондим.

Мен суяндим

Сирнинг сирли қўшиқларига

Жўр бўлмаган қирғоқларига.

Дард тўккувчи сув оҳларига

Мен ишондим.

Шунда Хўжанд –

Қалби соҳирам

Юзимдаги ашк изин ювиб,

Фам дийдасин ҳурдай супуриб,

Бағрига жим босди танимни.

Мен суяндим Хўжандларимга!!!

* * *

Алвидо.

Сукутнинг бағрига сингмаган нола.

Алвидо.

Кўзимга сиғмаган ҳур жола.

Алвидо.

Кўнглимга сиғмаган гунг вола.

Алвидо.

Хазонга тил битган девона шамол.

Алвидо.

Ўйимга сиғмаган,эй чусти хаёл.

Алвидо.

Ўзимга сиғмаган орзуманд Аёл.

Алвидо.

XS
SM
MD
LG