Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:18

"Тасвирий санъат асарлари давлат бойлиги ҳисобланиши керак"


Мусаввир Ҳасанбой Саидов
Мусаввир Ҳасанбой Саидов

Ҳасан Сайид Рўшнолик тахаллуси билан ижод қилиб келаётган ўшлик таниқли рассом, Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси Ҳасанбой Саидов 1964 йилда Тошкентдаги Беньков номидаги рассомчилик билим юртида 4 йил, сўнгра Тошкент театр ва рассомчилик институтида 6 йил билим олган. Шундан сўнг Маданият вазирлиги йўлланмаси билан Андижондаги СССР рассомлар фондининг бадиий устахонасида меҳнат фаолиятини бошлаган.

- 1990 йилдан сўнг Ўшга қайтиб келдим. Кейин Андижондаги ишхонамга бир ойда бир марта борадиган бўлиб қолдим. Чегаралар ёпилганидан сўнг Ўзбекистонга боришнинг имкони бўлмай қолди. Чунки ўзингиз чизган суратларни бошқа давлатга олиб ўтилишига рухсат берилмас экан. Бизнинг тасвирий санъат асарлари давлат бойлиги ҳисобланади. Олтин фонд ҳисобланар эди. Шунинг учун бу нарсаларни чегарадан кўтариб ўтишнинг имкони йўқ, - дейди Ҳасанбой Саидов.

Ҳозирда Ўшда ўз ижодини давом эттираётган рассомнинг асарларига нафақат Ўрта Осиё, балки европада ҳам талаб катта. Ҳасанбой Саидов қаламига мансуб Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган бир қатор ранг тасвир асарлари 2004 йили Британиянинг “Меридиан арт интернейшнл групп” ширкати томонидан сотиб олиниб, 1500 нусхада кўпайтирилган. Уларга жодкор имзоси тушурилиб, 600 доллардан сотувга қўйилган.

Рассом ўзи яратган асарлари орасида унинг учун “Ўш фарзандлари” асари қадрли эканини айтади. Бу асарда Ўшда яшаб ижод қилган Эшони Ҳувайдо, Қуръон китобини ўзбек тилига таржима қилган олим Алоуддин Мансур, космонавт Солижон Шарипов, шоир Ғанижон Холматов, сиёсатчи Даврон Собировдан тортиб ўшнинг девоналаригача тасвирланган.

Рассом ўзининг бу устахонаси Ўзбекистон ва Қирғизистон рассомларининг дўстона учрашув жой бўлганини хотирлайди:

- Бу ерда кўп одамлар бўлди. Бу ерда Ўзбекистоннинг машхур рассомлари Неъмат Қўзибоев, Бахтиёр Бобоевлар, Андижондан халқ рассоми Низомиддин Холиқов, Тошкентдаги машхур хайкалтарош Сулаймоновлар билан суҳбатлашганмиз. Сиёсий воқеалардан олдин биз Андижон билан Ўш ўртасида алмашув кўргазмалар қилар эдик. Қирғизистонлик рассомлар Андижонга борар эди, Андижондан Ўшга келиб кўргазмалар ўтказар эдик. Бундай алоқалар кўп бўлар эди олдин. Ўшга келган рассомлар мени устахонамда албатда бўлишар эди, -дейди Ҳасанбой Саидов.

Уни 1993 йилда Қирғизистон Рассомлар уюшмаси ишга таклиф қилган, бироқ у бу таклифни рад этган.

- Ўшда қирғиз рассомларимиз “бизга келинг”, дейишади. Лекин мен улар билан иш талашгим келмади. Чунки аҳвол жуда оғир эди, рассомларимизга иш йўқ эди. Кейинги пайтларда техника ривожланиб, компютерлар чиқиб, рассомларнинг иши четга чиқиб қолди,- дейди сухбатдошимиз.

Ҳасанбой ака сўнгги йилларда яратган асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур, орифа шоира Самарбону каби шахсларнинг ҳаётини ёритишга ҳаракат қилмоқда. Қарийиб 70 ёшни қаршилаган рассом ўз уйида махсус устахона қуриб, бу ерда суратлар кўргазмасини очмоқчи.

У ҳозирда Бобур номидаги Академик Ўзбек театрнинг 100 йиллигига тайёргарлик кўриб, театрнинг таниқли санаткорлар портретлари устида ишламоқда. Тўрт йилдан сўнг ўтказилувчи мазкур тадибрда Ҳасанбой ака ўз кўргазмасини ташкил қилмоқчи.

XS
SM
MD
LG