Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Анвар қорига суиқасдда айбланган ўзбек халифалик учун жанг қилмоқда


Озодликка WhatsApp орқали боғланган Абу Абдуллоҳ (ўнгда) эндиликда марҳум экани айтилган ўзганлик жиҳодчи билан.
Озодликка WhatsApp орқали боғланган Абу Абдуллоҳ (ўнгда) эндиликда марҳум экани айтилган ўзганлик жиҳодчи билан.

“Исломий давлат” жанггарилари сафида Сурия ва Ироқ ҳукумати аскарларига қарши жанг қилаётган ва ўзини қашқадарёлик 25 ёшли Абу Абдуллоҳ, деб тақдим қилган жиҳодчи 1 йилдан буён халифаликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини айтди. У ўз вақтида Қашқадарё ИИБ томонидан Анвар қори Турсуновга қарши суиқасдга алоқадорликда айблангач, Ўзбекистондан қочиб чиққанини иддао қилмоқда.

Сўнгги бир неча ҳафтадан буён WhatsApp тармоғи орқали Озодлик саволларига жавоб бераётган Абу Абдуллоҳ "Исломий давлат" сафидаги ўзбек жиҳодчилари ва бу минтақада бораётган қақшатгич жанглар ҳақидаги саволларга жавоб бермоқда.

Саволларга ёзма ва овозли шаклда жавоб йўллаётган бу жиҳодчидан Ироқ ва Шом диёридаги асл воқелик, у ердаги жиҳодчи ўзбеклар, уларнинг мақсади, таъминоти ва сунний мусулмонлар оламининг кескин норозилигига муносабатини билишга уриндик.

(Озодлик Абу Абдуллоҳ берган маълумотлар ва видеоматериаллар мазмунини Қашқадарё вилоятидаги мустақил манбалар ва Ироқдаги Озодлик мухбирлари орқали қисман тасдиқлатишга муваффақ бўлди.)

"Роққа аэропортида 400 ассадчи аскарни асир олдик"

Абу Абдуллоҳ "Исломий давлат" жангчиларининг қўли қаерга чўзилса, қуруқ қайтмаётганини айтаркан, бунинг сўнгги ёрқин мисолларидан бири сифатида 24 август куни Суриянинг Табақа шаҳарчаси аэропортига уюштирилган даҳшатли ҳужумни тилга олди.

Бу ҳужум "Исломий давлат" жанггариларининг Сурия ҳудудидаги энг йирик ҳужумларидан бири сифатида қайд этилган эди. Хабарларга кўра, бу ҳужум чоғида аэропортни қўриқлаётган 200 дан ортиқ аскар жанггарилар томонидан асир олинган.

Абу Абдуллоҳ эса бу ҳужумда шахсан иштирок этгани, унда Сурия армиясининг 400 га яқин аскари асир олингани, яна бир неча юзи ўлдирилганини даъво қилди.

- Охирги ҳужумимизда Роққа шаҳридаги Табақа деган аэропортни олдик. 50 одам билан минг кишилик аскарни енгдик Оллоҳнинг изни билан. Уларга ракета, самолёт, реактив самолётлари ҳам ёрдам бермади. 400 аскарни асир олиб қайтдик, - деб даъво қилди Абу Абдуллоҳ.

Бу ҳужум 24 августдан буён қатор ғарб ахборот воситаларида хабар қилинди ва "Исломий давлат"нинг Суриядаги сўнгги йирик ҳужумларидан бири сифатида қайд этилди.

"Ассад аскарлари қисмати ўзбек тоғутлари бошига тушади"

Абдуллоҳ сўзларига далил ўлароқ Башар Ассад армияси аскарлари акс этган, дея бир неча видеони ҳам йўллади.

Видеотасмалардан бири 1929 йилда Женевада қабул қилинган Ҳарбий асирларни сақлаш бўйича конвенцияга зид бўлгани боис уни тақдим қилолмаймиз.

Аммо бу видеода бир неча қуролланган жанггари бошқараётган юк машинаси бортига зичлаб жойлаштирган 50 нафардан зиёд ярим яланғоч эркак акс этган. Фақат ич кийимида қолдирилган эркаклар елкама-елка тиркалган ҳолда турғазилиб, худди ёғоч ўтиндек машина бортига юкланган.

Қимирлаш ва нафас олиш имконсиз даражада териб қўйилган эркакларнинг Башар Ассад армиясида хизмат қилган ҳарбийлар экани, улар “Исломий Давлат” аскарлари назоратидаги ҳудудга олиб кетилаётганини кадрда кўриниш берган 25 ёшли Абу Абдуллоҳ сўзлаб боради.

“Булар кофирлар”, дейди сўзлари орасида Абу Абдуллоҳ. “Тез орада бу аскарлар бошига тушган кун Мовароуннаҳрдаги тоғутларга хизмат қилаётган, мусулмон биродарларимизни хорлаётган, қонларини ичаётган кофирларнинг ҳам бошига тушади”, дея даъво қилади ўзбек тилида сўзлаётган мужоҳид.

Офтоб тиғида саҳродан пиёда олиб ўтилган асирлар

Яна бир видеода эса биргина ич кийимда қолдирилган 150 нафардан ортиқ асирнинг икки-уч қатор қилиб терилиб, саҳродан олиб ўтилаётгани акс этган.

Абу Абдуллоҳ офтоб тиғида саҳрони пойи пиёда кесиб ўтаётган асирларни "Башар Ассад армияси аскарлари", деб тақдим қилди.

28 август куни тушда Озодликка келиб тушган видеодаги манзара акс этмиш бошқа видеотасвирлар кун адоғида аксарият халқаро ахборот воситалари, хусусан, BBC телевидениесида ҳам пайдо бўлди.

28 август куни кечки пайт халқаро ахборот воситалари бу асирларнинг ҳаммаси қатл қилингани, уларнинг умумий сони 160 дан зиёд экани ҳақидаги машъум хабарни тарқатди.

Видеолардан яна бирида Абу Абдуллоҳ Роққа шаҳрига қайтиб келаётган “Исломий давлат” аскарлари колоннаси ҳақида сўзлайди. Бу ҳам 24 август куни Роққа шаҳридаги Табақа аэропортини эгаллаган жангариларнинг сурияликлар томонидан олқишланиши, деган даъвода берилган видеодир.

Видеода 20 га яқин енгил ва юк машиналарида қайтаётган исломий жангчиларни кўчаларни тўлдирган роққаликлар хайрихоҳлик билан қарши олаётгани акс этган. Кадрда кўринаётган маҳаллий аҳоли орасида бирорта аёл зоти кўринмайди, уларнинг ҳаммаси эркаклар ва юк машиналари ортидан югураётган ёш болалардир.

"400 га яқин асир аёлни жория қилиб тарқатдик"

Озодлик билан WhatsApp орқали бир неча ҳафта давом этган мулоқотлар чоғида мухбир саволларига баъзан овозли, баъзан эса матн орқали жавоб йўллаган Абу Абдуллоҳ куни кеча Башар Ассад тарафдорларига қарашли ҳудудлардаги жанглар натижасида 400 га яқин аёл-қиз ва болалар асир олинганини ҳам даъво қилди. (Абдуллоҳнинг бу даъвоси ҳозирча бошқа мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ - таҳр.)

"Ғайридинларни ўлдириш, уларнинг аёллари ва болаларни қул қилиш жиноят, уларни озод қилинг!" деган чақириққа жавобан жиҳодчи қатъиян "йўқ", деган жавобни берди:

Пайғамбаримиз замонларида шундай бўлган. Асир аёллар чўри ва хизматчи қилинган. Биз ҳам биродарларнинг хизматига бўлиб бердик. Менинг аёлим кўнмади, олмадим. Агар сиз айтгандай, уларни озод қилсак, улар кофирлигича қоларди. Бизга берилсалар, улар ва уларнинг фарзандлари мусулмон бўлади. Бу Исломнинг йўли, сиз ёқтирсангиз-ёқтирмасангиз, бу — ҳақиқат!” деб даъво қилди бу борадаги жавобларини ёзма шаклда беришни афзал кўрган Абдуллоҳ.

Шу тариқа, бундан 1 минг 400 йил аввал пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом улуғлаган Шом диёрида халифалик эълон қилган Бағдодийга байъат берган қашқадарёлик 25 ёшли йигит ўз қилмишларини Қуръон, ҳадис билан бирма-бир шарҳлашга уринаркан, тез орада бу воқелик у туғилган Ўзбекистонга кўчишини ният қилаётганини комили ишонч билан такрорлади.

"Жаннат дарвозаси" гуруҳида ғайридинни қираётган 200 ўзбек

Суратидан бардам-бақувват кўринган, шевасидан қашқадарёлик экани сезилиб турган Абдуллоҳ бировнинг юртидаги жангларини жиҳод, деб ишонмоқда ва бунга пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом буюрган, деб даъво қилмоқда.

Озодликка WhatsApp орқали боғланган Абу Абдуллоҳ.
Озодликка WhatsApp орқали боғланган Абу Абдуллоҳ.

WhatsApp орқали Озодликка боғланган Абдуллоҳнинг айтишича, шу кунларда у “Жаннат дарвозаси” деб номланган ўзбеклар гуруҳи сафида ва бу гуруҳ таркибида Марказий Осиёдан борган 200 нафар жиҳодчи ўзбек бор.

Уларнинг раҳбари эса, Абу Абдуллоҳнинг айтишича, Сурияда сўнгги уч йилдан буён президент Башар Ассад режимига қарши жангларга етакчилик қилаётган чеченистонлик жангари – Умар Шишанийдир.

- Умар Шишаний бизни жангларга йўллаганда 10 километр оралиққа тақсимлаб ташлайди. Ўзбеклар, озарийлар, чеченлар ва араблар гуруҳи. Биз ўзбеклар - мақтанишмас - ҳамиша фаолмиз. Ўз еримизни биринчи бўлиб эгаллаймиз. Шунинг учун у бизни Ироққа юбормаяпти. Кўп биродаримиз Ироқда худкушликка кетиб, шаҳид бўлдилар, иншааллоҳ, - деб даъво қилди Абдуллоҳ.

Унинг айтишича, халифаликда ўзбек аскарлари жуда кўп ва уларнинг умумий сони 3 - 3,5 минг экани ҳақидаги норасмий маълумотларда жон бор.

"Ироқ ва Шом жиҳоди фитна, деганлар ноҳақ"

Абу Абдуллоҳ бутун ислом олами уламоларининг Сурия ва Ироқда бораётган бу жанг ҳаракатларини қоралаётгани, бу ҳудудда шаклланган халифаликни Ислом дунёси тан олмаганига оид саволларга шундай жавоб берди:

- Жиҳод ёлғиз Оллоҳ ризоси учун қилинади. Бунинг фитна экани ёки бунинг учун жиҳодчи биродарларимиз пул олиши ҳақидаги гаплар ёлғон. Биз халифаликни кучайтириб олганимиздан кейин бутун дунёда хор қилинаётган мусулмонларни ҳимоя қиламиз. Ўзбекистонга ҳам борамиз ва тоғутларни йиқитиб, юртимиздаги мазлум биродарларимизни қутқарамиз, - деб даъво қилди Абдуллоҳ.

"Мен Қашқадарёда тинчгина юрган тижоратчи эдим"

25 ёшли Абу Абдуллоҳ Қашқадарёдан қандай қилиб Сурияга бориб қолгани ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, бир вақтлар бундай кунлар етти ухлаб тушига кирмаганини айтади.

"Маълумотим ўрта. Оддийгина тижоратчи эдим. Аммо мени диним учун таъқиб қилдилар. Мени ҳам Тошкентда пичоқланган Анвар қори ва мелиса полковниги пичоқланишига алоқанг бор, дедилар. Менинг аёлимни ҳам қўймадилар. Биз Қашқадарёда турибмиш, Тошкентдаги жиноятга аралашган эканмиз, қаранг! Охири ватанни ташлаб қочдик", деб даъво қилди бу саволга ҳам ёзма жавоб берган жиҳодчи.

Тошкент имом-хатиби Анвар қори Турсунов 2009 йилнинг 31 июлида ўз уйи олдида пичоқлаб кетилган, оғир жароҳатдан тезда даволаниб, бир ҳафта ўтар-ўтмас ишга қайтган эди. Ўз уйида отиб кетилган Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли расмийси Ҳасан Асадов эса жон таслим қилган.

Норасмий манбалар ва айнан ушбу жиноят бўйича яширин тергов ҳамда судлов жараёнларни кузатган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи жами 300 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини айтган.

Ҳибсга олинган ва бу жиноятга алоқадор айблов билан иши терговга оширилганлардан 90 га яқини Тошкент шаҳри ва вилояти, 70 га яқини Сирдарё, 30 га яқини эса Қашқадарёда истиқомат қилувчи диндорлар экани маълум қилинган. Улар орасида аёллар борлиги ҳам айтилган.

Ҳибсда сақланаётганларнинг кўпчилигига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97- ва 241-моддаларига биноан қотиллик ҳамда жиноятни яшириш айби қўйилган.

Қашқадарёда ушбу жиноятда айбланиб, қисқа муддат ҳибс қилинганлар орасида бўлганини даъво қилган Абу Абдуллоҳ кейинчалик Ўзбекистонни тарк этгани, аввал Тожикистон, кейин Афғонистонга боргани ва сўнгра 2012 йилда Сурияга ўтиб кетгани айтмоқда.

2 йилдан буён оиласи билан Сурияда яшаётганини айтган Абдуллоҳ 3 фарзанди ўз ёнида жиҳодга ҳозир бўлиб улғаётганидан фахрланишини яширмади.

Ўзи қолиб, фарзандларини ҳам фақат дини бошқа бўлгани учун ўлдирилаётган бегуноҳ инсонлар қонига ботган мафкуравий жангга тортаётгани боисини сўраганимизда Абдуллоҳ яна ўша даъвосини такрорлади:

- "Исломий давлат", иншааллоҳ, бутун дунёдаги мусулмонларни куфр тузумлар зулмидан қутқариб, дунёда Халифаликни боқий қилади!

Эслатма: Бу жиҳодчининг сўзлари, у юборган видеоматериални ҳавола қилишдан мақсад – бутун дунёнинг диққати қадалган ва ваҳимага солаётган минтақа – Ироқ ва Сурия ҳудудида ташкил топган, сарҳадларини кун сайин кенгаяётган “Исломий давлат” қилмишлари ва унинг сафида жанг қилаётган, ўзга юртларда ғайридинларга қарши курашиб, Исломни ҳимоя қилаяпман, деб даъво қилаётган жиҳодчиларни тушунишга уринишдир. Қолаверса, кундан-кунга ваҳимали тус олиб бораётган воқеликни объектив ёритиш вазифаси ҳам бор.

Суннийлар халифалик жиноятларини қоралади

Ироқда ва Шомда ўрнатилган халифалик – унинг ўзи мансуб бўлган сунний диний жамоалар етакчилари, олимлар ва деярли барча ислом давлатлари раҳбарияти томонидан рад қилинган.

Жумладан, Рамазон ойи муносабати билан Тошкент шаҳридаги йирик масжидларда маъруза қилган ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари "Ироқ ва Шом ислом давлати" гуруҳи жанг ҳаракатларини "мусибат" деб қоралаган ва улар эълон қилган ислмоий давлатни тан олмаслигини айтиб, ўзбекистонликларни бу гуруҳ сафига қўшилишдан қайтарган.

- Мусибат бизнинг мусулмон умматидан бошқанинг бошида йўқ ҳозир. Рамазон - ибодат ойи - улар бир-бирининг қонини тўкаяпти, мулкини вайрон қилаяпти. БМТнинг болалар бўйича бўлими эълон қилди бугун - Сурияда 6 миллион бола оч экан. Кичкина болачалар ялангоёқ, яланғоч йиғлашиб турибди - расмини чиқариб қўйибди. "6 миллион бола ёрдамга муҳтож - одамлар шуларга ёрдам беринглар!" деб ҳалиги ташкилот сўраяпти. Ана шу анавинга ўхшаган халифа "бетамизлар"нинг фаолиятининг самараси шу! - дейди шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Ислом уламолари халқаро иттифоқи етакчиси Юсуф Қарзовий ҳам Ироқ ва Сурияда Рамазон ойининг биринчи кунида эълон қилинган халифаликни тан олмаслиги, чунки бу шариат қоидаларига зидлигини айтган.

"Биз халифалик имкон қадар тезроқ таъсис этилишини кутаяпмиз. Лекин "Исломий давлат" (ИШИД янги номи - Таҳр.) эълон қилган халифалик шариат нуқтаи назаридан асоссиздир ва бу Ироқдаги суннийлар ҳамда Сурияда курашаётганлар учун хавфли оқибатларни келтириши мумкин", деди Юсуф Қарзовий.

Ислом уламолари халқаро иттифоқи раҳбарининг таъкидича, мусулмонлар раҳбари саналадиган халифа радикал қарашлари билан танилган битта гуруҳ томонидан тайинланиши шариатга тўғри келмайди.

Шариатга зид, деб қабул қилинмаган ва қавмдошлари томонидан кескин қораланган "Исломий давлат" жанггариларининг Сурия ва Ироқда юзлаб маҳаллий эркакларнинг ўлдираётгани, аёлларни эса асир олаётгани даҳшатли уруш жинояти, геноцид сифатида баҳоланмоқда.

Озодликнинг воқеа жойидаги мухбирлари кузатувича, Сурия ва Ироқ ҳудудида "Исломий давлат" эълон қилинганидан буён ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар сони бир неча мингдан ошиб кетган. Буларнинг аксариятини шиа, язидий, насроний ёки алавий жамоаларига мансуб тинч аҳоли вакиллари ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG