Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:02

Давлат божхона қўмитасининг яна бир раҳбари қўлга олинди


Сирожиддин Ғуломов божхона тизимида кетаётган "тозалаш тадбири" доирасида қўлга олинган.
Сирожиддин Ғуломов божхона тизимида кетаётган "тозалаш тадбири" доирасида қўлга олинган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғини ҳибсга олди. Бу ҳақда божхона идорасидаги манбаларга таяниб, хабар қилган Россия хабар агентликларига кўра, Сирожиддин Ғуломов порахўрликда гумон қилинмоқда. Йил бошидан бери Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг юзлаб ходими ишдан четлатилиб, кўпчилиги қамоққа ташланди.

Давлат божхона қўмитасидаги манбанинг рус матбуотига айтишича, Сирожиддин Ғуломов божхона тизимида кетаётган "тозалаш тадбири" доирасида қўлга олинган.

“Тергов давомида улар (божхоначилар-таҳр.) давлат чегарасини кесиб ўтаётган тадбиркорлар, жисмоний шахслардан пора талаб қилиши ҳолатлари, пора эвазига лавозимларга тайинлаш, пул йиғиш учун жиноий гуруҳларни ташкил этишга доир фактлар текширилмоқда”, дея иқтибос келтирлган божхона қўмитаси вакилидан.

Шу йилнинг июль ойида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг контрабандага қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи Азиз Хасанов ва унинг ўринбосари Азиз Абдураҳмоновлар ҳибсга олинган ва суд қилинган эди.

Йил бошидан бери божхона тизими ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги “тозалаш тадбири” доирасида юзлаб одам ишдан четлатилгани, уларнинг кўпчилиги ҳибсга олинганига доир маълумотлар бор.

Хусусан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг ўнлаб нуфузли зобитлари ишдан олингани ҳақида Озодлик хабар қилган. Улардан камида 12 нафари суд қилиниб, узоқ муддатли қамоқ жазоси олган эди.

Бу зобитлар МХХ тизимидаги энг нуфузли шахслардан ҳисобланган ака-ука Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларга алоқадор эканига доир иддаолар бор.

Ундан аввал эса, Жавдат Шарифхўжаевнинг ўзи ҳам ҳибсга олингани тўғрисида Озодлик манбалари хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин манбага кўра, Жавдат Шарифхўжаев "ишдан бўшатилган ва унинг устидан тергов олиб борилмоқда”.

МХХнинг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бошқармаси кейинчалик Терроризмга қарши кураш бошқармасида ишлагани айтилган Жавдат Шарифхўжаевнинг “ишдан қувилгани" ҳақидаги маълумот яқинда Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан сиздирилган, дея иддао қилинган мактубда ҳам келтирилган эди.

Июль ойининг бошида Озодлик, МХХ тизимида олиб борилаётган “тозалаш операцияси” натижасида, бирданига 40 нафар МХХ зобити ишдан четлатилгани ва қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.

Озодликнинг бир-биридан мустақил манбалари берган бу хабарларга кўра, ишдан олинган МХХ зобитларининг барчаси коррупция, ноқонуний тадбиркорлик, давлат маблағларини ўзлаштириш, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG