Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:41

ЕврАзЭс тугатилди, Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилди


Арманистон президенти Серж Саргсян Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш бўйича ҳужжатни имзоламоқда, Минск, 10 октябрь, 2014 йил.
Арманистон президенти Серж Саргсян Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш бўйича ҳужжатни имзоламоқда, Минск, 10 октябрь, 2014 йил.

Белорус пойтахти Минскда 10 октябрда ўтган МДҲ президентлари саммитида Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги (ЕврАзЭс) тугатилгани ва унинг ўрнига Россия, Белорус, Қозоғистон иштирокида Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилгани эълон қилинди.

Белорус пойтахти Минскда 10 октябрда ўтган МДҲ президентлари саммитида Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги (ЕврАзЭс) тугатилгани ва унинг ўрнига Россия, Белорус, Қозоғистон иштирокида Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилгани эълон қилинди.

Минск учрашувида Арманистон ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо қилиб олингани билдирилди. Қирғизистон эса шу йилнинг декабригача янги иттифоққа киришини эътироф этди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шу йилнинг 29 майида Остонада Арманистон янги иттифоққа БМТ тан олган чегаралар доирасида, яъни Тоғли Қорабоғни қўшмасдан қабул қилиниши шартлиги ҳақида гапирган эди. Озарбайжон таркибида бўлган Тоғли Қорабоғ мухториятининг бир қисмини Арманистон ўз назоратига олгани ортидан Озарбайжон ва Арманистон 1990 йилларнинг бошларидан бери уруш ҳолатида яшамоқда. Аммо Минск учрашувида Назарбоев Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишига эътироз билдирмади.

Арманистон ва Қирғизистон Халқаро савдо ташкилотига аъзо давлатлардир. Мутахасислар фикрича, бу икки давлатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши ортидан ўз зиммаларига оладиган мажбуриятлари Халқаро савдо ташкилоти олдидаги мажбуриятларга зид келади. Бироқ бу каби манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлиги эҳтимолига ҳозирча ҳеч ким аҳамият бермаяпти.

Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқи пойдеворида ташкил қилинган Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома 2015 йилнинг 1 январидан кучга киради. Октябрнинг бошларида Россия, Қозоғистон ва Белорус парламентлари мазкур иттифоқни ташкил этиш шартномасини ратификация қилган эди.

Таҳлилчилар янги ташкил этилган Евросиё иқтисодий иттифоқини МДҲга рақобатчи бўлмаган ташкилот сифатида кўрмоқдалар.

Айни пайтда МДҲ давлатларининг айримлари бир –бирлари билан уруш ҳолатида яшамоқда. Бундай ҳолатни Россия ва Украина, Арманистон ва Озарбайжон муносабатларида кузатиш мумкин. Шунинг учун бу мамлакатлар ўртасида дўстлик тушунчасининг сақланиб қолгани даргумондир. Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали фикрича, шунга қарамай МДҲнинг ҳеч бўлмаганда сўзда сақланиб қолишидан Россия манфаатдордир.

-МДҲнинг сўзда бўлса-да сақланиб қолишидан Россия манфаатдор. Россия айрим давлатларга молиявий қўллов кўрсатмоқда, кимгадир газни арзон баҳода сотмоқда. Россия мана шундай механизмлар билан ўз атрофига МДҲ давлатларини жипслаштиришга ҳаракат қилаётир. Аммо шунга қарамай, МДҲ йил ўтган сайин ўзининг жозибадорлигини йўқотиб бормоқда, - деди сиёсатшунос Расул Жумали.

XS
SM
MD
LG