Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:46

Гулнора Каримова қилмишлари Норвегияда ҳам акс садо бермоқда


Журналистлар аниқлаган маълумотларга кўра, Гулнора Каримова хориж телеком ширкатларидан юзлаб миллион доллар музд олган.
Журналистлар аниқлаган маълумотларга кўра, Гулнора Каримова хориж телеком ширкатларидан юзлаб миллион доллар музд олган.

Норвегиянинг Telenor ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш имконияти эвазига Гулнора Каримовага катта миқдорда пора бергани тўғрисида ўтган ой пайдо бўлган хабар ортидан 8 декабрь куни Telenor раҳбари Ўзбекистондаги Beeline мобил операторининг эгаси ҳисобланган VimpelCom компаниясининг назорат кенгашидан истеъфо берди. Журналистик суриштирув натижасида фош бўлган олди-бердида ҳам Гулнора Каримова назорат қилгани айтиладиган кўпчиликка таниш Takilant фирмаси орқали миллионлаб доллар миқдорида ноқонуний тўловлар амалга оширлгани иддао қилинмоқда. Бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган VimpelCom компанияси Ҳолландия прокуратуарси томонидан тергов қилинмоқда.

Норвегиянинг Telenor компанияси бош ижрочи директори Йон Фредрик Ваксаас VimpelCom назорат кенгашидан чиқиш қарорини мазкур ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти Ҳолландия прокуратураси томонидан тергов қилинаётгани билан изоҳлади.

“VimpelCom кенгашидан истеъфо беришимдан мақсад, бутун вақтимни фақатгина Telenor позициясини ҳимоя қилишга қаратишдир”, дея билдирди жаноб Ваксаас.

Жорий йил март ойида Ҳолландия ва АҚШ расмийлари VimpelCom устидан Ўзбекистонда коррупцияга аралашганлик гумонлари билан текширув бошлаган эди.

Telenor 33 фоиз улушига эгалик қиладиган VimpelCom компанияси Ўзбекистондаги шўъбаси – Beeline мобил оператори фаолиятини кафолатлаш учун Гулнора Каримовага миллионлаб АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинмоқда.

Босния-Герцеговинадаги уюшган Жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси Озодлик мухбирларига кўрсатган ҳужжатларда VimpelCom ҳам кўпчиликка таниш Takilant Ltd. фирмаси банк ҳисоб рақамларига катта миқдорда пул ўтказгани акс этган. Гибралтарда рўйхатдан ўтган бу фирма Швеция ва Европанинг бошқа тергов идоралари иддаоларига кўра, Гулнора Каримова томонидан назорат қилинади. Швеция прокуратураси Takilant Ltd. фирмаси орқали Швециянинг TeliaSonera ширкати Гулнора Каримовага пора берганини гумон қилинмоқда. Бу айбловлар ҳозирча судда тасдиқлангани йўқ.

Ўтган ойида VimpelCom ҳамкори бўлган Telenor ширкати Гулнора Каримовага 25 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганлигини фош қилувчи мақола Норвегия матбуотида пайдо бўлгач, Belline операторининг норвегиялик ҳақдори Takilant фирмасидан Ўзбекистонда 3G алоқаси лицензиясини сотиб олганини иддао қилди.

Давлат лицензияларини пуллаган 23 яшар аёл

Босния-Герцеговинадаги уюшган Жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси раҳбари Миранда Патручич ўтган ойда Норвегия матбуотида эълон қилинган Telenor билан Takilant ўртасидаги олди-бердига доир ҳужжатларни қўлга киритган журналист. Босниялик ҳамкасбимизнинг Озодликка айтишича, ноқонуний транзакцияларни яшириш учун бу икки ширкат пул ювишнинг оддий схемаларидан фойдаланишган.

- Бир неча ой аввал Takilant Ltd. фирмасининг Латвиядаги Parex банкидаги ҳисоб-рақамига доир маълумотларни қўлга киритди. Бу ҳисоб рақами билан боғлиқ транзакциялар орасида Британия Виргиния Оролларида рўйхатга олинган Watertrail Industries компанияси томонидан амалга оширилган. Бу компания эса Telenor ҳақдор бўлган VimpelCom ширкатининг шўъбасидир. Бу икки транзакцияларга кўра, Watertrail Industries 2007 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистонда 3G алоқаси лицензиясини сотиб олиш учун Takilant ҳисобига 10 миллион АҚШ доллари ўтказган. Бу олди-берди 2007 йилнинг октябрида имзоланган келишувга кўра амалга оширилган. Орадан тўрт кун ўтиб, 2007 йилнинг 12 ноябрь куни яна 15 миллион АҚШ доллари айни мақсад учун ўтказиб берилган. Яъни Watertrail Industries Ўзбекистонда 3G лицензияси учун Takilant фирмаси ҳисобига жами 25 миллион АҚШ доллари ўтказиб бергани маълум,- дейди босниялик журналист Патручич.

Гулноранинг ёрдамчиси Гаянэ Авакян Ўзбекистондаги 3G лецензиясини VimpelCom ва TeliaSonera ширкатларига сотган пайтда 23 ёшда бўлган.
Гулноранинг ёрдамчиси Гаянэ Авакян Ўзбекистондаги 3G лецензиясини VimpelCom ва TeliaSonera ширкатларига сотган пайтда 23 ёшда бўлган.

Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси, ҳозирда Ўзбекистонда қамоққа ҳукм қилинган Гаянэ Авакян расман раҳбари ҳисобланган Takilant ҳудди ўша пайтда, яъни 2007 йилнинг кузида Ўзбекистонда 3G алоқасидан фойдаланиш лицензиясини бошқа хорижий ширкат – Швециянинг TeliaSonera компаниясига ҳам сотган.

Ўзбекистондаги қонунларга кўра, телекоммуникация соҳасидаги барча фаолият, жумладан 3G лицензиялари фақатгина давлат томонидан сотилиши мумкин. Ўша пайтда атиги 23 ёшда бўлган Гаянэ Авакян номига Гибралтарда расмийлаштирилган кичик бир фирма бутун бошли давлат ихтиёридаги лицензияларни пуллаётгани журналистлар эътиборини тортган эди.

50 миллионни 200 миллионга айлантириш ҳунари

Takilant билан TeliaSonera ўртасидаги “ҳамкорлик”да ҳам ғаройиб схемалар ишлатилган: 2007 йилда TeliaSonera 3G лицензиясини сотиб олиш учун Takilant фирмасига 80 миллион АҚШ доллари тўлайди. Орадан кўп ўтмай Takilant, ўртада тузилиб, Ҳолландияда рўйхатдан ўтказилган TeliaSonera Uzbekistan Holding қўшма корхонасида 26 фоизлик улуш учун 50 миллион долларни TeliaSonera ширкатига қайтаради. Бу 2007 йилнинг 24 декабрь куни имзоланган келишувга кўра, амалга ошади. Орадан бир-икки йил ўтиб эса, Takilant ўзидаги 26 фоиз улушнинг 20 фоизини яна TeliaSoneraнинг ўзига 200 миллион долларга пуллайди.

Бу олди-берди фош этилиши ортидан TeliaSonera президенти Ларс Нюберг 2013 йил бошида истеъфога кетган эди.

Босниялик суриштирувчи журналист Миранда Патручич ўз ихтиёридаги маълумотларга асосланиб, Takliant Гулнора Каримова учун яхшигана соғин сигир бўлган, дея хулоса қилади.

- Глунора Каримова Takilant орқали фақатгина телеком соҳасидан ўзлаштирган пуллар миқдори юзлаб миллион долларга тенг эканини аниқ айтиш мумкин,- дейди Патручич.

Ҳозирда Takilant фирмаси билан боғлиқ коррупцион ҳаракатлар ва пул ювиш амалиётлари юзасидан Швейцария, Швеция, Ҳолландия, Франция ва бошқа давлатларда очилган жиноят ишларида Гулнора Каримова ва унга яқин шахслар гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Шу йилнинг сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам Гулнора Каримова дохил “уюшган жиноий гуруҳ” устидан тергов бошлаганини эълон қилди. Баъзи иддаоларга кўра, президент қизи шу йил бошидан бери уй қамоғида қолмоқда.

Telenor ўз раҳбарининг VimpelCom кенгашидан чиқиши юзасидан берган баёнотида ширкатга қўйилаётган “коррупция айбловлари ва иддаолари жиддийдир ва Telenor миноритар ҳақдор сифатида ўз манафаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли чораларни кўришда давом этади”, дейилган. Норвегия ширкати шу билан бирга ҳозирда бораётган терговлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ҳам билдирди.

Йон Фредрик Ваксаас назорат кенгашидан чиқиши эълон қилиниши ортидан АҚШ фонд биржасида сотиладиган VimpelCom акциялари 7 фоиздан ортиқроққа тушиб кетди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG