Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Шуҳрат Рустамов Ўзбекистонда виртуал сайлов ташвиқотига тўсқинлик қилинаётганини даъво қилди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси вакили, виртуал президент сайловларига номзод Шуҳрат Рустамов почта орқали юборган ташвиқот материаллари сайловчиларга етиб бормаётганини таъкидламоқда ва бу ишда ўзбек махсус хизматларининг қўли бор, дея гумон қилаётир.

Виртуал президент сайловига номзодини қўйган Шуҳрат Рустамовнинг даъво қилишича, у ўтган пайшанба куни Тошкентдаги “Главпочтамт” идораси орқали пойтахт ва Тошкент вилоятида яшовчи кишиларга юборган ҳужжатлари эгаларига етиб бормаган. Ҳуқуқ фаолига кўра, унинг хатини олган кишилар конверт ичида фақат тоза оқ қоғоз бўлганини айтганлар.

- 19 февраль куни “Главпочтамт”га олиб бориб, 74 та конвертга солинган виртуал сайловларга тааллуқли ҳужжатлар пакетини адресатларга жўнатдим. 40 минг сўмга яқин пулини тўладим. Менда реестр рўйхати, штамплари билан, печатлари билан қабул қилиб олингани тўғрисидаги ҳужжати турибди ҳозир. 19-куни жўнатганимдан кейин орада жума ўтди, шанба, отдих ўтиб, душанбадан бошлаб менга одамлар телефон қила бошлашди. Мен буларни ўзим ҳимоя қилаётган одамларга юборгандим рўйхат бўйича. Ана шулар менга телефон қилишиб, “шунақа-шунақа конверт келди, ичида битта оқ қоғоз”, дейишди.Иннайкейин мен дарров тушундим – бу ерда махсус хизмат ходимлари мен тарқатишим керак бўлган корреспонденцияни олиб, ўрнига оқ қоғоз тиқиб, жўнатиб юборган бўлишлари мумкин. Лекин ҳозирча буни аниқлашнинг иложи бўлмаяпти.

Кеча “Главпочтамт”га бориб, хатларимни жўнатган қиз билан суҳбатлашдим. “Бу қанақаси, мен юборган нарсалар қаёққа кетди” десам, “мен билмайман, мен ҳаммасини клейлаб, топширганман, у ёғи менга тааллуқли эмас”, дейди. Шунинг учун ҳозир шикоят ёзиб ўтирибман. Бу махсус хизмат вакиллари, демак, ҳатто виртуал сайлов ўтаётганини ҳам халқдан яшириш мақсадида мен жўнатган 74 та конверт ичидаги ҳужжатларнинг ҳаммасини олиб ташлаб, ўрнига битта-битта қоғоз қўйиб жўнатиб юборган экан, - деган Шуҳрат Рустамов адресатларга юборилган конвертлар ичида ўз таржимаи ҳоли, сайловолди дастури, виртуал сайлов ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар бўлганини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик бир гуруҳ диссидентлар ташаббуси билан ўтказилаётган виртуал президент сайловида ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов дохил 12 номзод иштирок этмоқда. Виртуал сайлов комиссияси вакилларига кўра, бу номзодлар учун 1 мартдан бошлаб бир неча ҳафта мобайнида Интернет орқали овоз беришлари мумкин бўлади.

Шуҳрат Рустамовнинг конвертларидаги ташвиқот материаллари ғойиб бўлиб қолиши бўйича Тошкентдаги “Главпочтамт” идорасидан изоҳ олишга уринишларимиз самара бермади.

Рустамов хатлари билан боғлиқ инцедент юзасидан эндиликда мамлакатдаги тегишли ташкилотларга қонунда кўрсатилган йўсинда шикоят қилмоқчи.

Айни пайтда Шуҳрат Рустамов бу каби ҳодисалар ўзининг ҳуқуқбонлик фаолияти билан боғлиқ равишда рўй бераётган бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси фаоли Рустамов ўз юртдошлари ҳақларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда сўнгги пайтларда амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримовнинг 29 мартга белгиланган президент сайловларига номзод ўлароқ рўйхатга олинишига қарши фаол курашиб келмоқда.

Дейлик, Шуҳрат Рустамов ва унинг ҳамкасблари томонидан куни кеча Ўзбекистон Конституциявий судига киритилган шикоят аризасида Ислом Каримовнинг номзод ўлароқ рўйхатга олиниши республика Асосий қонунига зид экани айтилиб, суддан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Каримовни президент сайловига номзод қилиб кўрсатиш ҳақидаги қарори ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг И. Каримовни президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш қарорини бекор қилишни сўраган.

XS
SM
MD
LG