Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Умар Фаррух: Мен Рашодхон қори ҳақида мақола ёзмоқчи эдим


Қирғизистондан депортация қилинган биринчи хорижлик журналист Умар Фаррух.
Қирғизистондан депортация қилинган биринчи хорижлик журналист Умар Фаррух.

АҚШлик мустақил журналист Умар Фаррух диний эсктремистликда айбланиб қамалган таниқли имом Рашодхон Камолов ҳақида мақола ёзиш учун материал тўплагани ортидан 25 март куни Ўшда қўлга олиниб, 28 март куни Қирғизистондан депортация қилинганини айтди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига суҳбат берган Умар Фаррухнинг айтишича, Ўш милицияси уни 25 март куни қўлга олган ва 24 соат давомида уй қамоғида сақлаган. Эртаси куни эса унга айблов билдиришили айтилиб, суд эҳтиёт чорасини белгилагунига қадар 48 соат Миллий хавфсизлик ҳибсхонасида сақланган.

- Менга қарши икки моддага асосан жиноят иши очишди. Биринчи модда билан мени оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда Конституциявий тузумга тажовуз қилиш, иккинчи моддага асосан экстремистик материалларни олиб юришда айблашди. Аммо судга борганимда бу икки модда мендан олиб ташланди ҳамда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтмай туриб фаолият юритган, деган айблов билан менга маъмурий тарзда жазо белгиланди. Суднинг 28 мартдаги ҳукми билан мени Қирғизистондан депортация қилишди, - деди Умар Фаррух.

Унинг айтишича, милиция ходимлари унинг сумкасига ҳибсда сақланаётган Рашодхон қори Камоловнинг Суриядаги вазият ҳақида гапирган видеоси ёзилган ДВД дискларни солиб қўйган ва Миллий хавфсизлик хизматида ўтказилган тинтув пайтида Фаррух сумкасидан мана шу дисклар топилган. Мана шу асосда ҳуқуқ – тартибот тузилмалари уни экстремистликда ҳам айблашган.

-Менда фақат “Бир дунё Қирғизистон” ташкилотидаги адвокатлардан олган қоғоз кўринишидаги ҳужжатлар бор эди. Бу ҳужжатлар “Ҳизбут Таҳрир” лидерлигида ва Сурияга одамларни жиҳод қилишга уринганликда айбланиб ҳисбда сақланаётган имом Рашодхон Камолов билан боғлиқ бўлган. Мен Рашод қори Камолов ҳақида мақола ёзиш ниятида эдим, -деди Умар Фаррух.

Умар Фаррух Қирғизистонда қўлга олинган, ҳибс қилинган ва мамлакатдан депортация қилинган биринчи хорижлик журналист бўлди. Умар Фаррух баҳонасида Миллий хавфсизлик хизмати “Бир дунё Қирғизистон” нодавлат ташкилоти офисида ва этник ўзбеклар ҳимояси билан шуғулланиб келган адвокатлар Ҳусанбой Солиев ҳамда Валериан Вахитовларнинг уйларида ҳам тинтув ўтказган.

Адвокатларнинг айтишича, тинтув натижасида, жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан пора талаб қилиш, миллий озчилик вакилларини калтаклаш билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан тўпланган адвокатлик суриштируви натижалари мусодара қилинган.

Умар Фаррух мақола ёзмоқчи бўлган Рашодхон Камолов эса Ўш вилоят Қорасув шаҳридаги Сарахсий масжидининг имоми бўлган. У нафақат қирғизистонликлар орасида, балки Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ҳам таниқли шахслардан бири эди. Унинг амру маъруфларини тинглагани жума намозига Ўзбекистондан ҳам юзлаб одамлар келар эди.

Рашодхон Камоловнинг уйида 9 февраль куни тинтув ўтказилган ва ўзи милицияга олиб кетилган эди. Рашодхон Камолов Қирғизистон Жиноят Кодексининг 299-моддаси асосида экстремистик фаолиятда гумонланмоқда. 11 февралда Ўш шаҳар суди Камоловни тергов тугагунга қадар эҳтиёт чораси сифатида икки ой ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган.

Бироқ Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли ҳибсга олинган имом-хатибини ҳимоя қилиб, ҳукуматга сўровнома киритган. Депутат имом-хатиб Рашод қори Камоловга расман айблов эълон қилинмай туриб, матбуотда уни экстремизм ёки терроризмда айблаш ҳоллари учраётгани, бундан ташқари, бирор асоссиз айблов ёки ноқонуний ҳаракат унинг жамоатида кескин норозиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG